Сув Оллоҳ зикрини эшитса...


Сақлаш
10:09 / 15.09.2021 1230 0

 

Ўз моҳиятидан чекинмаган ҳар қандай илм, шубҳасиз, Оллоҳга олиб боради. Бундай илмларга нисбатан “диний” ёки “дунёвий” истилоҳларини қўллаш ўринсиз кўринади. Негаки, моҳиятига муносиб илм бундай чегараларни билмайди. Ва айнан, моҳиятига мослиги билан муайян тузум, жамият, миллатга эмас, умуминсониятга хизмат қилади. Бундан бир неча йил муқаддам япон олими Масару Емото томонидан амалга оширилган кашфиёт ХХI асрга қадам қўймиш башарият келажаги учун ўта муҳим феноменал кашфиёт бўлди десак, ҳаққоний фикрни ифодалаган бўламиз.

Масару Емото тадқиқотлари ҳар сония, ҳар дақиқа фойдаланаётганимиз, биз учун оддийгина ичимлик тушунчасини англатадиган сув ва унинг моҳиятида яширин сиру синоатларни очишга қаратилган. Япон олимининг узоқ йиллик изланишлари натижасида сувнинг борлиқ ҳаракати ва инсон ҳаёти учун ўта муҳим аҳамият касб этиши, ичимлик, ёғин, ер ости заҳираси бўлиш сингари зоҳирий функцияларидан ташқари, кўплаб ўта нозик ботиний функцияларга ҳам эга экани маълум бўлди. Бундай тажрибалар Ер шарининг турли бурчакларидан олинган сув намуналари устида ўтказилган. Бир томчи сув 100 та идишга бўлиниб, икки соат мобайнида музлатилган. Сўнгра уларни махсус музлатгич камерали идишларга жойлаштирилган. Микрокристалл шаклини олган сув молекуласи микроскопик фотоаппаратлар ёрдамида суратга олинганда ғайриоддий мўъжизалар намоён бўла бошлаган.

200 дан 500 мартагача катталаштирилиб нашр этилган микрокристалларнинг шакли-шамойили, дарҳақиқат, кишини ҳайратга солади. Япониянинг Фуживара тўғонидан олинган микрокристалл шакли йиртқич бир махлуққа ўхшайди: ранги қора, кўзлари ўт сочиб турган қоронғи ўрани эслатади. Шаҳардан йироқ покиза тоғ жилғаларидан олинган микрокристалл намунаси эса нафис гуллар билан безатилган олтибурчак шаклида.

Емото тажрибаларидан келиб чиқадиган хулосага кўра, сув ташқаридан бўладиган ҳар қандай таъсирга ўз муносабатини билдиради. Аниқроқ айтганда, сув “гапиради”, “эшитади”, “кўради”. Турли хас-хашаклар, чиқинди-ахлатлар, кимёвий заҳарлардан сувнинг зоҳири ифлосланса, одамларнинг ёмон фикрлари, шайтоний ҳис-туйғулари, дилозор сўзларидан унинг таркиби (қалби) бузилиб, рутубат тусини олади. Оқибатда бундай сувни истеъмол қилган инсонлар феъл-атвори, ахлоқи, кайфияти, бир сўз билан руҳиятида тубанлашув юз беради. Сайёрамизнинг Мегополис мақомидаги шаҳарларида мавжуд ичимлик заҳиралари турли заҳарли энергиялар билан “тўйинган” бўлади. Уни истеъмол қилган шаҳар аҳли билан сув манбалари аро бузғунчи зарядларнинг занжирли реакцияси рўй беради. Жўн қилиб айтганда, одамлар ўзларининг асабий турмуш тарзлари, тубан ахлоқлари, заҳар сўзлари боис сув таркибини бузишлари оқибатида сувдан ҳам муносб “жавоб” олишади. Турли касалликлар, маънавий таназзуллар, руҳий ғалаёнлар шундан келиб чиқади.

Бугун заҳарли микроблардан сақланишнинг ягона йўли деб тақдим қилинаётган “ажойиб, ялтироқ” идишлардаги газланган сувларга ружу қўйиш русумга кирмоқда. Ҳолбуки, австрялик табиатшунос олим Алоис Губернинг “сувни тирилтириш” тизими хулосаларига кўра “Газланган сув, бу – ўлик мавжудот демакдир, уни бирон усул билан тирилтириш мумкин эмас”.

Япон олими М.Емото, австрялик олим А.Губер, рус олими С.Зенин хулосаларини умумлаштирадиган бўлсак, сув одам ва олам муносабатининг муҳим воситаси экан. Ер ва коинот аро муносабатлар сув (ёмғир, қор, буғ) орқали амалга ошганидек, одам танасида аниқ ҳаётий вазифани ўтайдиган юрак, мия, ўпка, жигар, буйрак ва ҳоказолар ўртасидаги алоқа ердаги денгизу дарёлар мисол жойлашмиш қон томирлари воситасида амалга ошади. Тадқиқотчиларнинг аниқлашларича, инсон танасини ҳаёт энергияси билан таъминлайдиган аъзоларнинг аксарият қисми айнан сувдан иборат. Масалан, инсоннинг мияси 90%, қони 81%, мускуллари 75%, териси ва жигари 70%, суяклари 20% сувдан ташкил топган экан. Камолга етган одам танасининг 70 фоизи, бир ярим ойлик чақалоқ танасининг 97,8 фоизи сув бўларкан. Шунингдек, чақалоқ танасидаги ҳужайраларнинг яшовчанлиги, курашувчанлиги катталарникига нисбатан бир неча баробар кучлироқ бўларкан. Тадқиқотчилар бунинг сабабини ҳам сув миқдорининг нисбатан кўплиги билан изоҳлашади. Инсон учун ҳаёт манбаи бўлган қон 15 кунда бир марта, одамнинг бутун танаси эса муайян даврларда 70% гача янгиланаркан. Ва қизиғи шундаки, бундай янгиланишлар сув воситасида амалга ошаркан.

Ушбу илмий далилларга асосан хулоса қилишга уриниб кўрайлик. Моҳиятан “жонли сув” бўлган одам танасининг 70 фоизи айнан сув шаклида янгиланиб турар экан, танани тарк этаётган “эски” сув ўринини, борлиқ (коинот)да мавжуд “янги” сув тўлдиради. Демакки, айнан сув воситасида инсон умр бўйи борлиқ билан церкуляр муносабатда яшайди. Ўзининг бир қисмини борлиққа берганидек, борлиқдан ҳам керакли улушини олиб туради. Натижада ҳар қандай индивид борлиқдаги барча мавжудот таъсиридан холи бўла олмайди. Бунда диққат қаратиш лозим бўлган нуқта сўз юритилган церкуляр муносабатнинг ижобий ёки салбий моҳият касб этишидадир. Сув устида жиддий тажрибалар олиб бораётган япон олими Емото, рус олими Зенин тажрибалари айни муаммони илмий асослаш имконини беради.

Маълумки, сув молекуласи (H2O) 2 та водород, 1 та кислород атомидан ташкил топган. Тадқиқотлар натижасига кўра, шу икки кимёвий унсур реакцияга киришганда иккита ижобий зарядли (+), иккита салбий зарядли (-) бўш “қўл”лар ортиб қолади. Худди шу бўш “қўллар” воситасида сув бошқа зарядлар билан муносабатга киришади. Бунда, албатта, ҳар қайси бўш заряд ўзига зид бўлган, яъни иккита мусбат, иккита манфий заряд билан боғланиб, янги моҳиятни юзага келтиради. Биргина сув молекуласинининг ўзида, рус олими Зенин ҳисоб-китобига кўра, 44000 ахборот қутичалари мавжуд бўлади. Олимлар бу қутичаларни ўзига хос “биокомпьютер” дея изоҳлашади. Шу 44000 қутичадан бирортаси ташқаридан хоҳ салбий, хоҳ ижобий ахборотни қабул қилиб олса, ундан нусха кўчириб, лаҳза ўтмай бошқа қутичаларга етказади. Бунинг натижасида сувнинг молекуляр тизими, ҳолати ўзгаради. Юқорида айтганимиздек, бу ахборот нафақат ахлат, чиринди, кимёвий заҳарлар шаклида, балки айнан сўз, фикр, ҳис-туйғулар шаклида бўлади.

М.Емотанинг микроскопик тасвирга асосланган тажрибалари шуни кўрсатадики, эзгу сўз, эзгу туйғу, эзгу фикрни “эшитган”, “кўрган” сувнинг кристалланган (музлатилган) шакли ўта гўзал кўриниш ва рангга эга бўлади. Аксинча бўлганда қорайиб, хаотик шаклга киради. Емотанинг “Сувнинг айтганлари” (“Послания воды” The Masseges of Water) китобида муайян ахборотлар натижаси ўлароқ юзага келган кристалл шаклларнинг 200 дан 500 мартагача катталаштирилган фототасвирлари чоп этилган. Ундан маълум бўлишича, “фаришта” сўзини “эшитган” сув кристали гулчамбар шаклини, “шайтон” сўзини “эшитган” сув кристали қоронғи ўра шаклини, “муҳаббат” сўзини “эшитган” сув кристали олтибурчакли гул шаклини, “жонимга тегдинг” сўзини “эшитган” сув кристали қақроқ чўлда қочиб бораётган одам шаклини намойиш қилган. Бир идишдаги сувга ҳам эзгу (“раҳмат”), ҳам ёмон (“кармисан!”) сўзлари эшиттирилганда сувнинг асоси фақат яхши томонга ўзгарган. Яъни, Яратганнинг буюк неъмати бўлган сув эзгуликнинг ёвузлик устидан ҳамиша ғолиб эканини ўзига хос тарзда исботлаган. М.Емото айтадики: “Агар чуқур тадқиқ этилса, энг оғир жиноятлар оғзи шалоқ одамлар яшайдиган жойларда содир этилиши маълум бўлади”. Тадқиқотлар натижасида сувни энг гўзал шаклга келтирадиган сўзлар “муҳаббат” ва “миннатдорчилик”, энг ҳунуклаштирадиган сўзлар эса “нафрат” ва “лоқайдлик” сўзлари экани аниқланган. Демак, 70% идан кўпроғини сув ташкил этган одам ўзига нисбатан кўрсатилган меҳр-муҳаббат боис яйраб-яшнайди. Фаолиятидан миннатдор бўлсалар қалби қувончга тўлади, яшаради, соғлиги яхшиланади, руҳи кўтарилади. Бундан келиб чиқадики, инсон нафақат руҳий-маъанвий жиҳатдан, балки кимёвий тузилиши нуқтаи назаридан ҳам эзгуликка, эзгу ниятга мойил қилиб яратилган. У қанчалар ёвуз одам бўлмасин ёвузлик уни қаритади, қуритади, эзгулик эса яшнатади. Бир қарашда ўзгаларнинг ёмонликларидан жабрдийда инсон, айни пайтда жафокор ҳам. Демакки, инсоният таназзули ҳам, камолоти ҳа маълум даражада сув воситасида амалга ошади. Аниқ айтганда, сувга Яратган томонидан шундай вазифа юкланган.

Емато ва бошқа олимлар тажрибасида сувнинг наинки “эшитиши”, балки “кўриш” ва “ҳис қилиш” қобилиятига ҳам эга экани маълум бўлган. “Сувнинг айтганлари” китобида фақат овоз воситасида эмас, ёзув, фикр, туйғу воситасида муайян шаклни олган сув кристаллари хусусида сўз юритилади. Масалан, дунёдаги тўртта динни ифодаловчи сўзлар қоғозга ёзилиб, тажриба пробиркасига ёпиштирилганда сув молекуласи у сўзларни “ўқиган” ва дарҳол уларга муносабат билдирган. Айниқса “ислом” сўзини “кўрган” сув ажойиб кристалл шаклини олган.

Олимларнинг қайд эшитишларига кўра, сувнинг воқеликка муносабати унинг суюқ, буғ ёки қайнаётган ҳолатларида бир хилда давом этаверади. Фақат музлагандагина сув бундай фаолиятдан тўхтайди, муайян сўз, фикр, туйғу шаклдаги ахборотни муз парчаларига муҳрлайди. Тадқиқотчилар расмга туширган ва муайян ахборотнинг шакли дея тақдим этган муз кристаллари қор парчаларига ўхшайди. Инглиз тадқиқотчиси Генри Коанда триллионлаб қор учқунлари бир-бирига шаклан ўхшамаслигини исботлаб дунёни ҳайратга солган эди. Ушбу янги кашфиётлардан кейин ўйлаб қоласан, қиш мавсумларида бошимиз узра чарх уриб тушаётган қор парчалари йил бўйи сўзлаган сўзларимиз, ҳис-туйғуларимиз, орзу-армонларимиз, қилмиш-қидирмишларимиз ифодаси эмасмикан?!!

Француз Уйғониш адабиётининг асосчиси Франсуа Рабленинг халқ эпоси асосида ёзилган “Гаргантюа ва Пантагрюэль” асарида қизиқ бир эпизод келади. Ўзининг муҳим ҳаётий муаммосига жавоб излаб сафарга чиққан Пантагрюэль дўстлари билан денгизда сузиб кетишар экан, бир жойда музлаб қолган сўзларни кўришади. Инчинун, бу сўзларнинг аксарияти сўкиниш, изтироб ва қийноқни ифодалар эди... Бу ўринда Рабленинг ушбу эпизодини келтиришдан қандай мақсад кўзлангани учинчи даражага тушади. Ҳозир биз учун энг муҳими “музлаган сўз” тушунчасининг бугунги илмий кашфиётларга мос келиши, иккинчидан, халқ эпосларининг илоҳий ахборотларни ташувчи эпизодларга эга эканидир. Негаки, кўп асрлар ўтиб илмий исботини топган бундай далиллар фақат илоҳий асосга эга бўлиши мумкинки, айни ҳолатларни “Гилгамеш”, “Рамаяна”, “Маҳабҳарата”, “Илиада”, “Одиссея” каби умумжаҳон миқёсидаги эпосларда ҳам кузатишимиз мумкин.

Халқ ижодиётида сув билан боғлиқ ўта қизиқ ахборот кодлари яширинган бўлади. Ўзбек халқида “Яхшилик қил дарёга ташла, балиқ билар, балиқ билмаса Холиқ билар”, “Тушингни сувга айт” сингари мақоллар кўплаб учрайди. “Алпомиш” достонининг бир вариантида эзгу мақсад билан сафарга чиққан Алпомишнинг йўлида дарё кўндаланг бўлади. Дарёдан ўтишга жисман имконият топа олмаган қаҳрамон ўз орзу-армонлари, эзгу ниятларидан сувга арз қилади. Натижада дарё пишқиришдан тўхтаб, икки томонга чекинади. Қаҳрамон бу “йўлдан” эсон-омон ўтиб олади, мақсадига етади. Ушбу мотивга Қуръони карим ва бошқа диний китобларда келадиган Мусо алайҳиссалом билан боғлиқ қисса асос бўлгани маълум. Бундай мисолларни халқ эпосларидан истаганча топиш мумкин. Айни мисолларнинг мавзуимизга алоқадор жиҳати шундаки, Яратганни таниган халқ сувга ҳеч қачон ўлик мавжудод сифатида қарамаган. Шахсан ўзим, болалик пайтларимда сувга тупуриб отамдан тарсаки еганимни яхши эслайман.

Мен эслаган тупук, гарчи боланинг тупуги бўлса-да, сувга нисбатан ҳурматсизликни ифодалаган эди. Тарсакида эса фақат отамнинг эмас, балки сувни илоҳий мўъжиза деб билган комил аждодларимнинг ҳам қўллари бор эди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ворид бўлмиш ҳодисаларда Оллоҳнинг Арши сув устида экани айтилади. У зотнинг (с.а.в.) ўзлари мудом саҳобаларига сувни исроф қилмаслик, сувни қадрлашдан сабоқ берганлар. Сув билан боғлиқ бир неча мўъжизалар кўрсатганлари хусусида саҳиҳ ҳадислар бор. Хусусан, иситма ва жаҳлни босишда сув энг яхши восита эканини кўп бор таъкидлаганлар. Сув билан ҳар куни беш марта эҳтиром ила муносабатда бўлиш, меҳрибон ва раҳмли Оллоҳ номи билан таҳорат олиш исломда фарз саналади. Ёвузлик ва вайронагарчилик келтирувчи кучлар, аксинча, сув билан имкон қадар камроқ мулоқотда бўлишга уринганлари хусусида тарихий далиллар гувоҳлик беради. Қизиғи шундаки, бундай кучлар ўз гумроҳликларини шайтоний нақллар билан далиллашга ҳам уринганлар. Масалан, Чингизхон қўшинида “Баданига сув теккизган аскар кирга қўшиб бахт-омадини ҳам бой беради”, деган нақл юрган.

Кўринадики, эзгулик ҳам, ёвузлик ҳам, у қайси шаклда бўлмасин, сувнинг “нигоҳи”дан қочиб қутула олмайди. Сув эса фақат бундай ахборотни англаш, хотирасида сақлаб қолиш билангина чекланмайди. У барча ахборотларни одамнинг ўзига, коинотга ва шубҳасиз, Холиққа узатади. Кўп ҳолларда сувнинг ўзи ҳам мукофот, ҳам жазо вазифасини ўтайди. Денгизаро йўл очиб Мусо алайҳиссалом қавмини саодат сари йўллаганидек, ёвуз Фиръавн қўшинлари учун ажал қиёфасида даҳшат солади. Нуҳ алайҳиссалом кемасини “боши”га кўтарса, “золим кимсалар”ни “оёғи” остида янчади. Хуллас, сув кечмиши билан боғлиқ тарихдан гувоҳлик берувчи оят-далиллар Оллоҳнинг каломи Қуръони каримда ҳам, халқ достон ва ҳикоятларида ҳам, ўз ўтмишимизда ҳам кўплаб учрайди. Ушбу далиллардан эзгу хулоса чиқариш эса инсонга ҳавола.

Юқорида тилга олганимиз тадқиқотчиларнинг барчаси сувнинг ҳолатини яхши томонга ўзгартириш мумкин, деб ҳисоблайдилар. Бунинг биргина шарти эзгу фаолият, яхши сўз, комил ахлоқ, пок тўйғу, бир сўз билан айтганда, иймон-эътиқод экан. Тажрибаларда маълум бўлишича, сув структурасини яхши томонга ўзгартирган энг муҳим восита Яратганга қилинган ибодатлар, дуо-илтижолар бўлган. У қайси тилда ўқилмасин ёки ёзма намойиш этилмасин сув молекулаларида гўзал из қолдирган. Бугун, ҳатто, бундай тажрибани амалиётга татбиқ этишнинг бутун бошли тизимлари ишлаб чиқилган.

Олтой политехника институти профессори Павел Госков лабораториясида қизиқ бир тажриба ўтказилган: 60 литр водопровод сувига 10 миллилитр дуо ва яхши сўзлар билан “покланган” сув аралаштирилганда натижа ўта ижобий бўлиб чиққан. 10 миллилитр “покиза” сув таъсирида 60 литр сув тўла покланган.

Австриялик табиатшунос олим Алоис Губернинг EWO тозалаш системаси қуйидаги тамойилга асосланади: “Табиат қўйнида тошдан тошга сакраб, эркин юрган сув EWO спиралига йиғилиб, янада ижобий ахборотлар билан бойитилади. Сўнгра мегополис аҳолисини таъминлайдиган водопровод сувига етарли миқдорда аралаштирилади. Натижада ўлиш даражасига келган водопровод суви эзгу зарядлар билан тўйинган ҳолда ўз йўлида давом этади. Асаблари таранг, цивилизациядан чарчаган шаҳар аҳолисига эзгулик энергиясини олиб боради”. Тадқиқотчилар эътирофига кўра, том маънода “покланган” ёки “покиза” сув кўплаб жиддий касалликларга шифо бўлади. Бундай сув таъсирида ошқозон-ичак фаолияти яхшиланади, ҳужайралар турли заҳарли унсурлардан тозаланиб, кексайиш жараёни секинлашади; иммунитет кучаяди; уйқуда хотиржамлик пайдо бўлади; тери ва соч таркиби яхшиланади; бош оғриғи кетади; қон босими мўътадиллашади; қанд касали билан оғриганларда қанд миқдори ўрнига тушади; меҳнат фаолияти яхшиланади; экинларга “покиза сув” қўйилса, яшнаб ўса бошлайди.

Буларнинг бариси бир қарашда афсона бўлиб туюлади. Аммо бугун сувга менсимай қарайдиган биз ўзбекларнинг аждодлари сувнинг мўъжизакор қудратига комил эътиқод-ла ишонганлар, унинг тана ва руҳ учун шифо эканини, том маънода, ҳақиқат деб қабул қилганлар. Бундай инончларнинг кўпи шафқатсиз тарих ва ижтимоий талотўплар ғубори остида қолиб кетган бўлса-да, айримлари бугунгача етиб келган. Масалан, боболаримиз, момоларимизда сақланиб қолган олтин, кумуш, мис асосли сув идишларига эътибор қилсак, улар албатта Қуръони каримдан бирор оят (кўпинча “Ясин” ёки “Ихлос” сураларидан), пайғамбарларимиздан бирор ҳадис ёки “Оллоҳ, Муҳаммад” лафзлари билан “безатилган” бўлади. Баъзи идишларда ҳикматли сўз, шеър, лоақал бирор нақш зарб этилганини кузатамиз. Шарқ подшолари саройларидаги ҳовузлар ҳам бундай “безаклар”дан холи бўлмаган.

Воқеан, айтганларимиз фақатгина безак вазифасини ўтаганмикан? Йўқ, шубҳасиз, улар сувни ҳар хил манфий унсурлардан поклашга хизмат қилган.

Нақшбандийлик тариқатида “зикри хожагон” деган маросим бор. Бунда соликлар доира шаклида ўтириб, Оллоҳни зикр этишади. Қуръондан сура ва оятларни муайян саноқ миқдорида ўқишади. Ушбу доира марказида эса, албатта, бир тоза идишда сув туради.

Ўзбекнинг никоҳ маросимларида келин-куёв ўртасига, нафис безакли идишда сув қўйилади. Никоҳда икки қалб Оллоҳ номи билан боғлангач, ушбу аҳдга гувоҳ бўлган сув уларга ичирилади. Никоҳ суви шу пайтгача бир-бирига бегона икки ёшни яктан, биржон қилади.

Ислом оламида, хусусан, ўзбекларда Қуръон оятларини ўқиб сувга дам солиш, шу сувни ҳожатмандга ичириш анъанаси бор. Бундан ташқари кенг чинни лаганларнинг ичкари томонига заъфарондан тайёрланган сиёҳ билан “Фотиҳа”, “Ёсин”, “Ихлос”, “Мулк” каби сураларни ёзиш, ёзув қуригач шу идишга сув қўйиб, бир, уч, етти ёки қирқ кун ўтказиб беморга ичириш орқали муолажа усуллари ҳозир ҳам учрайди. Менимча, буларнинг барчаси сувга шифобахш, ижобий зарядларни сингдириб, бемор таналарни, тубан ахлоқни, беором руҳни даволашдан бошқа ҳеч нарса эмас. Фақат биз сўз юритган поклаш ва даволаш усулларининг биринчиси тажриба билан, иккинчиси эса иймон билан англанган илм эканини қайд этиш жоиз.

Менга қолса, инсон келажагининг саодатли бўлиши учун барча сув заҳираларига Оллоҳ ва Пайғамбар алайҳиссалом сўзларини, комил одамларнинг инсонга қаратилган эзгу тилакларини олтин ҳарфлар билан битиб қўймоқ керак, дердим. Сув иншоотлари доимо Оллоҳ зикрини “эшитиб” турса, бундай сувдан ичган жамиятдан ахлоқий, руҳий-маънавий муаммолар нари бўлишига ишонаман.

Матбуот саҳифаларида бир фаранги аёлнинг зам-зам сувини ичиб, бедаво дард – саратондан халос бўлганини қувонч ва ҳаяжон биган ёзганини ўқиганим бор. Зеро, зам-зам қудуғи Маккаи мукаррамада, ушбу хайрбахш қудуқ эса ўз ибтидосидан бери Оллоҳ зикрини тинглайди. Дунё ва охиратда Оллоҳ зикридан гўзалроқ сўз борми ўзи?!!

Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ,

филология фанлари номзоди, профессор

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси