
Шу кунларда юртимиздаги оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлардаги жамоатчилик муҳокамаларида Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити тўғрисидаги хабарлар бот-бот кўзга ташланяпти. Аммо кўпчилик бу қандай ташкилот экани, Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган саммитнинг мазмун-моҳияти ва давлатимиз тараққиёт йўлидаги аҳамияти ҳақида тўлиқ тасаввурга эга эмас.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2021-2022 йилларда мамлакатимиз раислик қилаётган ушбу нуфузли ташкилотга даставвал бошқача кўринишда асос солинган. Яъни ШҲТ аввал бошида Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатлари ўртасида ҳарбий соҳада ҳамда чегара ҳудудларида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, қуролли кучларни қисқартириш бўйича шартнома имзолаш учун “Шанхай форуми” ёки “Шанхай бешлиги” сифатида ташкил этилган. Бироқ 2001 йилда Ўзбекистон Республикаси таъсисчилардан бири сифатида қўшилгач, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти номини олган.
Ташкилотнинг асосий мақсадлари минтақада xавфсизлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, xалқаро терроризм, сепаратизм, экстремизм ва унинг барча кўринишларига қарши курашиш, шунингдек, гиёҳванд моддалар, оммавий қирғин қуролларининг тарқалишини олдини олишдан иборат. Бугунги кунда ташкилотга аъзо мамлакатлар хавфсизлик билан бирга кўптомонлама ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, гуманитар, ижтимоий ва маданий соҳаларда кенг кўламли ҳамкорликни амалга оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу боис ташкилот кейинги йилларда ҳар жабҳада кенгайиб, дунё ҳамжамияти ҳаётидаги ўрни ортиб бормоқда.
ШҲТ ҳозирда уч қитъани – Осиё, Европа ва Африкани қамраб олган дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилотга айланди. У 8 та доимий аъзо, 4 та кузатувчи ва 9 та мулоқот бўйича шерик давлатларни ўз атрофида бирлаштирган. Йилдан-йилга нуфузи ортиб бораётган мазкур ташкилотнинг энг муҳим тадбири – аъзо давлатлар раҳбарлари иштирок этадиган саммит яқин кунларда навқирон ва қадимий Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Ўзбекистон раислиги даврида саммит доирасида 80 га яқин турли тадбирлар, аъзо давлатлар турли соҳа вакилларининг учрашувлари ўтказилиб, кўплаб ўзаро манфаатли шартнома ва келишувларга эришилди. Шунингдек, саммитда ташкилотга аъзо бўлиш ёки кузатувчи мақоми учун юборилган 10 га яқин мамлакатларнинг аризалари кўриб чиқилиши кутилмоқда. Айни вақтда Эрон Ислом Республикасининг ШҲТга тўлиқ аъзо бўлиши учун барча ҳужжатлар шай ҳолатга келтирилган. Ташкилот фаолиятининг янги босқичга кўтарилиши, янада салмоқдор бўлишига хизмат қиладиган ушбу ҳужжатларнинг айнан Самарқандда саммитида кўрилиши унинг аҳамиятини янада оширади. Ушбу муҳим воқеликнинг Ўзбекистонда бўлиши эса, мамлакатимиз тараққиётини яна бир поғона юксалтириши, шубҳасиз.
Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитига тайёргарлик бир неча йиллар олдин бошланган эди. Хусусан, 2019 йилда ҳукумат қарори билан Самарқандда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммитини ўтказишга тайёргарлик ишларини молиялаштириш тартиби белгиланди. Саммит доирасида ўтказилаётган тадбирларда юртимизга ташриф буюрган ҳар бир хорижий нуфузли вакиллар билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи учрашди. Хусусан, Шанхай ҳамкорлик Ташкилотининг хотин-қизлар форуми, ШҲТ аъзо давлатларнинг мудофаа, хавфсизлик ва ташқи ишлари вазирлари билан учрашувлар барча учун бирдек самарали бўлди.
Саммитга тайёргарлик даврида Самарқанд вилоятидаги кўпгина тарихий иншоотлар рестоврация қилинди. Янгидан-янги замонавий бинолар қад ростлади. Хусусан, давлат раҳбари ташаббуси билан янги Ўзбекистоннинг бир қисми сифатида қад ростлаган халқаро туризм марказидаги 2 та беш юлдузли ва 6 та тўрт юлдузли меҳмонхона, 3500 кишини қабул қилиш қувватига эга конгресс холл саммит иштирокчилари учун барча қулай шарт-шароитларни таклиф эта олади. Ушбу муҳташам иншоотлар шаҳарнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Албатта, ушбу бунёдкорликлар ШҲТ саммитининг юқори даражада ўтишига хизмат қилибгина қолмай, балки Ўзбекистон туризми ривожига катта ҳисса қўшади. Бугунги кунга келиб Самарқанд пурвиқор тарих ва ёрқин келажак уйғунлашган гўзал бир масканга айланди.
Президентимиз бу ҳақида “Буюк ипак йўли” маркази очилиш маросимида алоҳида тўхталиб, “Янгидан қурилиб, бугун очилаётган “Буюк ипак йўли” маркази шу йўлдаги яна бир улкан қадам бўлди. Йилига 2 миллион туристга хизмат қиладиган бу кўп тармоқли марказ таркибида “Боқий шаҳар” мажмуаси, Конгресс холл, 8 та замонавий меҳмонхона, амфитеатр ва кўплаб бошқа объектлар мавжуд”, дея таъкидлади.
Шу билан бирга, “Бу улкан марказ буюк аждодларимиз бунёд этган муҳташам меъморий обидаларга муносиб бўлиб, уларнинг тарихий анъаналарини давом эттиради. Ушбу мажмуа мамлакатимизда ҳозирги пайтда пойдевори қурилиши бошланган Учинчи Ренессанс ва олдинги тарихий даврлар ўртасидаги рамзий кўприк бўлади, деб ишонаман”, дея ишонч билдирди.
Дарвоқе, саммит доирасида “Ички минтақавий савдони ривожлантириш дастури”, “Саноат кооперацияси дастури”, “Транспорт боғлиқлиги стратегияси” каби ҳужжатларнинг қабул қилиниши, ташкилотга аъзо давлатлар билан 20 дан ортиқ келишув, шартномалар имзоланиши юртимиз тараққиётида муҳим аҳамият касб этади. Хулоса қилиб айтганда, Самарқанд саммити ШҲТ ва Ўзбекистон учун янги даврнинг бошланиш нуқтасига айланиши кутилмоқда.
Жаҳонгир ДАВЛЕТОВ,
Қарши давлат университети
мустақил тадқиқотчиси
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ