Ҳали дунёқараши етмайди, бу натижага ўқитувчилар зўрға эришади-ку, деганлар ҳам бўлди – Президент мактабига киролмаган, IELTSдан 7 балл олиб, муаллимларига инглиз тилини ўргатаётган 11 ёш қиз


Сақлаш
15:05 / 15.08.2022 11643 5

Бухоролик 11 ёш мактаб ўқувчи Сабрина Нуриллаева тил билиш даражасини белгиловчи халқаро IELTS имтиҳонидан 7 баллни қўлга киритди. Oyina.uz мухбири унинг ойиси Сурайё Рўзиева билан боғланиб, фарзандининг ўқишга бўлган фавқулодда қизиқиши, ота-она ва атрофдагиларнинг бунга муносабати ҳақида суҳбатлашди.

 

 

Беш йилда тўртта мактабда ўқиди

 

Уч фарзандим бор, турмуш ўртоғим ички ишлар ходими, ўзим эса тарих фани ўқитувчисиман. Сабрина тўнғичимиз, ҳозир 11 ёшда. Асли қоракўлликмиз, эримнинг хизмат вазифаси сабаб яшаш манзилларимизни тез-тез ўзгартириб турамиз. Шу боис қизимиз 5-синфгача тўртта мактабда ўқиган.

 

Сабрина гўдаклигиданоқ бошқача эди. Тили жуда эрта чиққан, ҳали бир ёшга тўлмасидан гапиришни, сўзларни бир-бирига улаб жумла тузишни биларди. Ўйинчоқ ўйнашга қизиқмаган, унга ручка, дафтар бўлса бўлгани эди. Алоҳида шуғулланишни бошлаб, китоблар ўқиб берар, шеърлар ёдлатардим. Ҳар куни боғчага кетгунча битта, қайтишда битта шеърни ёдлаб оларди.

 

Фарзандларимиз бор эътиборини ўқишга қаратиши учун уйда чалғитувчи нарсалардан воз кечгандик, оддий телефон ишлатардик, телевизоримиз йўқ эди (яқинда сотиб олдик). Сабрина тўрт ёшида “Алифбе” ва “Букварь”ни тугатди, ҳам крилл ҳам, лотин алифбосида ёзиш ва ўқишни ўрганди.

 

 

 

Мактабга бораман деб хархаша қила бошлади

 

Қизим 1-синфларнинг дарсига бир-икки марта кириб кўрсин, деб раҳбариятдан илтимос қилдим. Эркин тингловчи сифатида қатнашишига рухсат беришди. Нари борса, бир-икки ой қатнаб қизиқиши камаядими, деб ўйлагандик, йил бўйи дарсларни қолдирмади, бир кун ҳам. Беш ёшида 1-синф дастурини тўлиқ тугатди, аммо ўқиди деган ҳужжати йўқ, исми журналларга қайд этилмаган эди.

 

Келаси йил мактабга расман берамиз дедик. 1-синфга қайтадан бормайман, деб йиғлади. Ўқув дастури бошқача, дея иложсиз рус мактабига бердик. 2-синфда ўзбекча таълимга қайтди. Имтиҳон олишди, барчасидан аъло баҳога топширди.

 

 

Ҳамма унинг Президент мактабига киришига ишонганди, бироқ...

 

Сабрина Нукусда Президент мактаби очилганини эшитганида 1-синфда ўқирди. Йиллар давомида имтиҳонга тайёрланди. Қизимни қайси фанга йўналтирсангиз, ўзлаштириб кета олади. Ўзим педагогман-ку, биламан, боламда шундай қобилият бор. Математика ва инглиз тилидан қўшимча дарсга бора бошлади. Ўқитувчилари унинг билимига шубҳа қилмасди, барча унинг Президент мактабига киришига ишонарди...

 

Кириш имтиҳонининг биринчи босқичидан 90 фоизлик яхши натижа билан ўтди. Иккинчи босқичда инглиз тили, танқидий-мантиқий фикрлашдан тест топширди. Ҳаммаси яхши бўлди, дея мамнун кайфиятда чиққанди. Афсуски, натижаларга кўра 25-ўринда эди. Ундан юқорида турганлар орасида қизим билан бир хил балл тўплаганлар ҳам бор. Низомга кўра, натижалар тенг келиб қолса, танқидий-мантиқий фикрлашдан кўпроқ ечган номзод танланаркан. Сабрина инглиз тили бўйича 480 ўқувчи орасида энг юқори балл тўплаган (35 та тўғри). Хуллас, Президент мактабига қабул қилинмади. Ҳаммаси шундан кейин бошланди...

 

 

 

Тушкунлик ортидан ҳатто реанимацияга тушиб қолди

 

Қизим натижага ишонмади, тинимсиз йиғлади, ҳатто овқат емай қўйди. Эсласам, ўша кунлар биз учун жуда оғир ўтди. Тушкунлик, сиқилиш... Аҳвол шу даражага етдики, болам ҳатто реанимацияга тушиб қолди. Бувиси, бобоси, дадаси, мен – ҳаммамиз қўрқиб кетдик, тепасидан жилмадик. Ўшанда оналик қанчалар машаққатлигини яна бир бор англаганман. Фарзандинг бу аҳволда бўлса, сенга ҳеч нарса татимас экан.

 

Биз қанчалик тушунтиришга ҳаракат қилмайлик, Сабрина тушунишни истамасди. “Бу менга нисбатан ноҳақлик. Нега мен билан натижаси бир хил бўлганлар ўқишга кирди-ю, фақат мен йиқилдим. Нега унда менга пастроқ балл қўйишмади?” дерди тинимсиз, болаларча алам билан.

 

 

Кимгадир ниманидир исботлаш учун ўқиди

 

Шундан сўнг инглиз тили ўқитувчиси Малоҳат Акромованинг маслаҳати билан IELTSга тайёрланишни бошлади. У билан муаллимининг қизи Ҳилола Мустафоева шуғулланди. Агар қизим халқаро даража олса, ўзига бўлган ишончи яна қайтади, тушкунликдан чиқиб кетади, деган фикрда эдик.

 

Кечаю кундуз бош кўтармай ўқиди, кимгадир ниманидир исботлаш учун. Ихтисослашган мактабдаги барча фанлардан баҳоси беш, бирорта тўрт йўқ. Дарсдан сўнг математикадан қўшимча машғулотга қатнашиши керак. Кечга эса IELTSга тайёрланишга кетарди. Суткасига нари борса тўрт соат ухлайди. Бундай тиғиз тартибда ўқиши бизни хавотирга солган. Дадаси ҳам танбеҳ берарди, бироқ яна касал бўлиб қолса-чи, дея қўрқиб қаттиқ гапирмасдик.

 

Мактабимиз директори Сабринадан ташвишланиб, бир томондан раҳми келиб, озроқ дам ол, дарслардан рухсат берамиз, деди. Болам эса истамади. У мағлубиятдан қўрқадиган бўлиб қолганди, мактабдаги оддий тестлардан ҳам пастроқ балл олишдан чўчирди. Аввал унақа эмасди.

 

Бу орада хусусий халқаро танловларга қатнашди. ELPC (English Language Proficiency Competition), Америка халқаро математика олимпиадаси ва “Writing World Cup” – инглиз тили иншолар танловида олтин медаллар олди.

 

Бадиий китобларни ҳам кўп ўқийди. Шу боис фикрини чиройли ва тушунарли ифода қилади, дунёқараши шаклланган, иншони яхши ёзади. Яна бир нечта мусобақаларда қатнашмоқчи бўлди, аммо ёши 12 га тўлмагани боис рухсат тегмади. Тезроқ улғайишга шошиляпти.

 

 

Қандайдир даражалари эмас, соғлиғи керак

 

IELTSга имтиҳон учун рўйхатдан ўтиш пайти билдикки, талабгор камида 11 ёшга тўлган бўлиши керак экан. Болам кун санаб 5 июлни кутди. Эртасигаёқ регистрация қилди. У синовларга қанчалик интиққан бўлса, мен ҳаммаси яхши тугашини, аввалги ҳолига қайтиб қолмаслигини Худодан шунчалик тинимсиз сўрадим. Онага фарзандининг қандайдир даражалари эмас, энг аввало, соғлиғи керак.

 

Ниҳоят, имтиҳон куни келди. Иншода бироз вақт етмай қолди, шунинг ҳисобига баҳо пастроқ бўлиши мумкин, деб ичини урди. IELTS бўйича якуний натижаси 7 балл чиқди, бу унинг ёшига нисбатан ҳавас қиларли натижа.

 

 

Дадаси “Ҳечқурса уч кунгина дарсларингни тўхтат, бироз дам ол”, деди. Чарчамадим, шарт эмас, дея бунгаям кўнмади. Пулимиз йўқ, деб баҳона қилиб кўрдик. Роса йиғлади, IELTS сертификат олганим учун 2 миллион сўм қайтаришади, ўшани олиб келиб сизларга бераман, деб.

 

Аслида дадаси ва бобо-бувисининг хавотири бежиз эмас. Сабринанинг илм олишга муккасидан кетган амакиси муттасил ўқишдан мияси чарчаб, қаттиқ касал бўлиб қолган, докторлар китоб ўқишни ҳам ман этишган. Бу ҳолат Сабринада ҳам такрорланмасин дея хавотирдамиз. Чалғитиш, тўхтатишга уриниш эса бефойда.

 

Қизим IELTS бўйича натижасини бундан ҳам яхшилаш ҳаракатида, сентябрда яна имтиҳон топширади.

 

 

Ўқитувчиларига инглиз тилини ўргатишни бошлади

 

Ўзим Президент мактабида ҳам педагог-тарбиячи бўлиб ишлайман. Қизим IELTSдан имтиҳон топшириши, C1 даража олмоқчилигини айтганимда ҳамкасбларим ишонмаган. Ҳали дунёқараши етмайди, бекор қилибсизлар, пастроқ балл тўпласа, баттар тушкунликка тушади, бундай натижага мактаб ўқитувчилари зўрға эришяпти-ку, дейишган. Шундан сўнг кўнгилсиз вазиятнинг олдини олайлик, деб психологга кўрсатдик. Қизим шифокор қабулидан йиғлаб чиқди, менга ишонмаяпсизларми, қаттиқ тайёрланяпман-ку, дея. Худога шукр, ўзи истаган C1 даражани олди. Шу ойдан ҳатто тўрт ўқитувчига инглиз тилини ўргата бошлади.

 

Айтганимдек, Сабрина ниманидир исботлаш пайида қаттиқ ўқиди. Ҳозир бу даража Президент мактабида таълим оладиган тенгдошларида ҳам йўқ. Бир мағлубият каттароқ ғалабага етаклаганмикин, деб ўйлаб қоламан. Айтинг, мени яна имтиҳон қилишсин, дея дадасидан ўтинаверади. Болага хос аламзадаликка йўямиз, унга тенгдошларидан кам бўлмаган шароит яратишга тиришамиз.

 

Ҳозир биологияни инглиз тилида ўқиб ўзлаштиряпти. Президент мактабида ўтиладиган Кембриж китобларидан олиб берганмиз. Доим айтади, бир марта бўлса-да, шу мактаб дарсларида қатнашсам, менга уларнинг шаҳодатномаси ҳам, имтиёзлари ҳам керак эмас, шунчаки синфхонасида ўтирсам, қолганига ўзим эришаман, дейди. Хорижлик ўқитувчиларнинг қандай сабоқ беришига қизиқади.

 

Энди A-Level сертификатини қўлга киритиш ниятида. Билишимча, бу дунёнинг ТОП ўнталик университетларида грант асосида ўқиш имкониятини беради. Сабринанинг мақсади – Кембрижда ўқиш ва кучли шифокор бўлиш.

 

 

 

Қизим IELTS имтиҳонига қатнашиши учун тиллаларимни сотганман

 

Укалари ҳам Сабринанинг ортидан кетяпти. Олти ёшли ўғлим ўқув марказига қатнайди, ўзбек, рус, инглиз тилларида ўқиш-ёзишни бошланғич даражада билади, шахматда ҳам яхши. Кенжатойимиз ҳали эрка, жуда кичкина.

 

Қўшимча дарслар харажати оилавий бюджетга оғирлик қилмайдими, деб кўпчилик сўрайди. Тўғри, бунинг учун чакана пул кетмайди. Майли, бошқалардан битта кам кўйлак киярмиз, гўштсизроқ овқат ермиз, ҳашаматда яшамасмиз, лекин болаларимиз келажаги учун ҳаракатдамиз. Дадаси иккимиз ҳам дабдабани ёқтирмаймиз, оддийлик маъқул.

 

Қийинчиликлар бўлмаган, дея олмайман. Қизим IELTS имтиҳонига бориши керак, отаси ҳали ойлик олмаган эди, кўзимни чирт юмиб, тилла тақинчоқларимни сотдим. Фарзандинг қувончи, илм олиши олдида зеб-зийнат нима бўлибди?! Ўзимиздан тежаймиз, лекин болаларимизнинг ўқиши учун боримизни берамиз.

 

Инобат АҲАТОВА

Oyina.uz 

5 Изоҳлар

Turob Karimov

12:01 / 01.01.1970

MashaAllah! Uqib rosa havas qildim . Mening ham 3 qizim bor . Birinchim prezident maktabiga kira olmadi, lekin mahsus maktabda uqiyapti uqishiga qoniqmayapmiz. Ikkinchi qizimni bu yilga tayyorgarlik qilyapmiz p. maktabiga lekin hozircha natijari past. Ilohim hammamizning qizlarimiz oqila odobli iymoi qizlardan bulib etishsin .

Ирода

12:01 / 01.01.1970

Сабрина қизимизга омад ёр бўлсин, бунданда юқори ютуқларга эришсин иллохим. Тарбиялган Ота- онасига рахмат.

Maftuna

12:01 / 01.01.1970

Ilohim omadini sogʻligʻini Allohdan soʻrab qolaman koʻzimda yosh bilan oʻqib chiqdim

Matluba

12:01 / 01.01.1970

Sabrina tasanno sizga . 100 ta obitdan koʻra bitta olim avzal deganlaridek. Siz oʻsha olima qizlardan boʻlibsiz.

Камола

12:01 / 01.01.1970

Хааа! Жудаям тасирли илохим омадларини ва соглигини берсин илохим мени фарзандимни хам шунака даражаларга етказсин оллохим жудаям хавасим келди

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10357
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//