Омадсиз, аламзада, жазоловчи... – ҳейтерлар ҳақидаги ҳақиқатлар


Сақлаш
15:02 / 13.02.2023 613 0

Ижтимоий тармоқлар луғатида “ҳейтер” сўзи аллақачон пайдо бўлган ва фаол ишлатилади. Фойдаланувчиларнинг баъзилари улардан безор, кимдир эътибор бермайди, айримлар эса улар билан ўчакишади. Бугун Oyina.uz меҳмони – ҳейтерлар.

 

“Ҳейтер” сўзининг ўзаги инглиз тилидаги “нафратланмоқ” феъли билан боғлиқ. Умуман олганда, биз таниқли инсонлар ёки ўзи танийдиган, қайсидир жиҳати ёқмайдиган кишиларни асоссиз танқид қилувчиларни “ҳейтер” деб биламиз. Айтиш ўринлики, асосли танқид қилувчилар ва одоб доирасида фикр билдирувчиларга нисбатан ҳейтер сўзини ишлатиш тўғри эмас. Ҳейтерлар ёзган изоҳларда нафрат, ҳақорат, туҳмат, камситиш ва очиқдан-очиқ вулгаризм сезилиб туради. Изоҳ қаратилган шахс ҳақиқатда айбдор бўлса ҳам, фикр ахлоқ доирасида ёзилгани маъқул.

 

Солиштириб кўринг.

Оддий кузатувчи: Бу ишингиз тўғри эмас!

Ҳейтер кузатувчи: Томинг жойидами, аҳмоқ? Нега бу ишни қилдинг?

 

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, улар нима учун ҳейтерлик қилишади?! Еттита асосий сабабга тўхталамиз.

 

Биринчи сабаб. Ҳейтерларнинг муайян қисми машҳурлар ва бирор ютуққа эришган инсонларга ҳасад кўзи билан қарашади. Улар ёки кўп марта омадсизликка учраган, ёки алоҳида қобилиятга эга эмас. Шундан келиб чиқиб, ҳейтерлар асоссиз изоҳлар орқали ўзларини тинчлантирадилар.

 

Ўта аламзада инсонлар ҳам баъзида ҳейтерга айланишади. Бахтсизлик, ташвишлар ва ҳаётий синовлар таъсирида улар бахтли яшаётган ёки ҳаётидан мамнун инсонлардан нафратланади ва уларга “заҳрини сочади”.

 

Иккинчи сабаб. Айрим ҳейтерлар аввал мухлис мақомида бўлишади. Сўнг ўзлари интилган инсонлардан эътибор кўрмагач, ҳейтерга айланадилар. Яъни, аччиқ изоҳлар орқали таниқли шахслардан ўч олишга уринадилар.

 

Мисол учун, актриса Дурдона Қурбонова ўта “фаол” ҳейтерларидан бирини суриштирди ва уни топиб учрашди. Маълум бўлишича, бу йигит аввал актрисани жуда яхши кўрган, унга ўз туйғуларини ошкор қилган, бироқ кутилган жавоб бўлмагач, ўз-ўзидан ҳейтерга айланган.

 

Учинчи сабаб. Ижтимоий тармоқларда атайин эътиборни тортиш учун ҳам салбий мазмундаги изоҳларни қолдирувчи ҳейтерлар кўп. Улар шу орқали бошқалардан ажралиб туришни ёки таниқли инсонлар билан мулоқот ўрнатишни мақсад қилишган.

 

Тўртинчи сабаб. Баъзи ҳейтерлар машҳурларнинг қайсидир хатоларига кўз юма олишмайди. Шу боис ижтимоий тармоқларда турли салбий изоҳлар орқали таниқлиларни жазолашга уринадилар.

 

Камчиликларидан хулоса қилиб, ўзини ўнглаганлар ҳам бўлади. Бироқ улар ҳар қанча узр сўрасалар ҳам, реал вазиятни тушунтирсалар ҳам, ҳейтерлар ракурсни ўз қарашларига мослаб, бир хил мазмундаги изоҳларни ёзишни канда қилмайдилар.

 

Бешинчи сабаб. Қайсидир ҳейтерлар тарафкашлик ёки ўзгалар таъсирида изоҳ ёзиши мумкин. Дейлик, бир санъаткорнинг мухлислари унга ижодий рақиб бўлган бошқа санъаткорнинг саҳифаларида асоссиз изоҳлар қолдиришади. Шу орқали уларга руҳий зарба беришга ҳаракат қилишади.

 

Масалан, футбол юлдузлари Криштиану Роналду ҳамда Лионель Месси мухлислари ўртасида айнан мана шу ҳейтерлик жанглари тенденцияга айланган. 

 

Олтинчи сабаб. Қалбаки ва аноним саҳифалар орқали изоҳ ёзувчи ҳейтерлар ҳам топилади. Мақсад фитна қўзғаш ёки бирор шахсни атай таҳқирлаш орқали обрўсизлантиришдан иборат. Улар кўпинча маълум ҳақ эвазига ёлланган бўлади ва, табиийки, тубан мақсадни кўзлаган бундай кимсалар энг хавфи ҳейтерлардир.

 

Еттинчи сабаб. Баъзи инсонлар табиатан ҳейтерликка мойил, ҳамма нарсадан камчилик ёки нуқсон қидиришга одатланган. Сабаб бўлиши ҳам шарт эмас. “Мен ўз фикримни билдиряпман, холос”, дейди-да, изоҳ қаратилган шахсни хоҳлаганча камситади ва ҳақорат қилади.

 

Масалан, Фейсбукнинг фаол фойдаланувчиси Дилшод Одиловнинг қайсидир постига ҳейтер обуначи изоҳ қолдиради. Муаллиф “мухлис”ини синаб кўриш учун унга қўшилиб ўзини ёмонлайди. Бир-бирига хайрихоҳ “ҳасратдош”лар суҳбати танқидий руҳда давом этади. Маълум бўладики, бу вазиятда ҳейтер ўзи танқид қилаётган шахснинг исм-шарифини ҳам билмайди. Муайян мақсадга ҳам эга эмас.

 

Ижтимоий тармоқларда яна шундай фойдаланувчилар борки, бирор пост изоҳларининг бошланиши ижобий мазмунда бўлса – ижобий, салбий мазмунда бўлса – салбий фикрларини ёзиб кетаверадилар.

 

Баъзи ҳейтерлар эса ижтимоий тармоқда ҳақоратлаб, реал ҳаётда мухлислик қилади. “Аристократлар” кулги жамоаси актёри Сардор Абдуманнонов бир неча йил аввал шунга ўхшаш вазиятга дуч келгани ҳақида маълум қилган эди. Айтишича, у азалий ҳейтерларидан бири билан ҳаётда учрашиб қолган ва ўша кимса актёрга мухлислигини таъкидлаб, бирга суратга тушишни сўраган.

 

Аслини олганда, эътиборга тушишни бошлаган ҳар қандай шахс ижтимоий тармоқда ҳейтерларга дуч келиши мумкин. Бундан тўғри хулоса чиқариб, фаолиятини тартибга солганлар ҳам бор, куч ва мотивация олиб, янада ривожланганлар ҳам учрайди. Негатив фикрларга ўчакишиб, доимий равишда обуначиларининг жиғига тегувчилар ҳам топилади.

 

Теле ва радио бошловчи Қундузхон Абдуллаева ташқи кўриниши билан боғлиқ салбий изоҳ муаллифига “Асалим, сиз эса жуда гўзал экансиз!..” деган мазмунда жавоб қайтарган. Бундай муносабатни кутмаган ҳейтер эса “Вой, бунча хушмуомаласиз? Мени уялтирдингиз, салбий фикр ёзганимга афсусландим...” деган мазмунда изоҳ қолдирган. Баъзи ҳейтерлар муомалани тушунади, баъзиларига эса гапиришдан фойда йўқ.   

 

Мутахассислар ҳейтерлар билан жанжаллашмасликни, ўринли фикрларидан хулоса чиқаришни ва асоссиз гапларга бефарқ бўлишни тавсия қилишади. Ҳейтерлар ҳужумига учраганлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат этишлари ҳам мумкин. Шу ўринда ҳейтерлар ва уларга дуч келганлар учун айрим эслатмаларни қолдирамиз:

 

Биринчи эслатма. Қуйидаги белгилар мавжуд бўлганда изоҳ муаллифини жавобгарликка тортиш мумкин:

изоҳда аниқ бир шахс шаънига ҳақорат ёки уятли сўзлар ишлатилган бўлса;

изоҳда аниқ бир шахснинг обрўсига, шаънига ва ишчанлик хислатларига доғ туширадиган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган (бўҳтон) маълумотлар бўлса;

изоҳда жамиятда миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғовчи чақириқлар мавжуд бўлса;

изоҳда уруш, зўравонлик ва терроризмни, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларининг тарғиботи мавжуд бўлса.

 

Мана шу ҳолатларда тегишли скриншотларни ҳавола қилган ҳолда, изоҳлар муаллифи устидан ички ишлар идораларига ариза бериш мумкин.

 

Иккинчи эслатма. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик – ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача (6 млн сўмдан 12 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

Учинчи эслатма. Жиноят кодексининг 140-моддасида ҳам ҳақорат қилиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда (60 млн сўмгача) жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

 

Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача (60 млн сўмдан 120 млн сўмгача) миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

 

Тўртинчи эслатма. Интернет сайтлар, шунингдек, турли платформалар ва ижтимоий тармоқларда пост жойлаштирувчи блогерлар (шахслар) ўз материаллари остида қолдириладиган шарҳ ва изоҳлар учун жавобгар эмас. Аммо АОКА ва бошқа ҳар қандай ташкилот ёки фуқаро бирор ножўя изоҳни ўчиришни сўраб, расмий огоҳлантириш хати юборса ва таҳририят ёки блогер (шахс) огоҳлантириш олгандан сўнг ҳам изоҳ ўчирилмаса, жавобгарлик келиб чиқади ва масала ҳаттоки судда кўрилиши мумкин.

 

Ижтимоий тармоқдаги саҳифа эгалари бундай огоҳлантиришларни кутиб ўтирмасдан, ижтимоий тармоқлардаги эгаси маълум, қалбаки ёки фитна қўзғаш учун атайлаб очилган аноним аккаунтлардан билдирилаётган ҳақоратли ва таҳқирловчи изоҳларни аниқлаб, ўзлари ўчириб боришлари мақсадга мувофиқ.

 

Аслини олганда, бир миллат ва бир юрт одамлари “ижтимоий тармоқ” деб аталган кўринмас жанг майдонида аёвсиз курашаётгани ачинарли ҳол. Таниқлилар доим эътиборда ва, табиийки, хатолардан холи эмас. Камчилик учун танқид қилиш эса нормал ҳолат. Бироқ ҳар қандай танқид инсонийлик чегарасидан чиқмагани маъқул.

 

Ҳурматли ҳейтерлар, ортиқча эмоцияларга берилиб, инсонларга ҳурматсизлик қилиб ва қонунларни назарга илмасдан ёзган изоҳларингиз сабаб жазога тортилишингиз ҳеч гап эмас. Кўнгилни кенг қилинг, ўзингизни ва ўзгаларни севинг. Шунда ҳаётингиз янада ёрқинлашади ва кимнингдир хатоларини муҳокама қилишдан кўра ўз камчиликларингизни тузатиб, муҳимроқ ишлар билан банд бўласиз.

 

Сирожиддин РУСТАМОВ,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси