
Туркистондаги жадид тараққийпарварлари ичида Ғозий Юнус (1887–1942) алоҳида ажралиб туради. У драматургия соҳасида ҳам сермаҳсул ижод қилган бўлиб, қарийб 30 га яқин асарлар ёзган ва ўзга тиллардан таржималарни амалга оширган. Ғозий Юнуснинг саҳна асарлари ичидан “Жаҳолат қурбони”, “Ҳой Шарқ”, “Фарзанд дуоси”, “Жоҳиллар” каби пьесаларни келтириб ўтиш мумкин. Бундан ташқари унинг бисотида бир саҳна асари борки, унга Фирдавсийнинг “Шоҳнома”си асос қилиб олинган.
Мақола аввалида яна бир муҳим маълумотни айтиб ўтишим керак: Тадқиқотларда Ғозий Юнуснинг исми шу пайтгача “Ғози Юнус” шаклида хато қайд этиб келинган. Унинг ўғли Тўлқин Ғозиевнинг шахсий архивида сақланиб қолган қўлёзма шаклидаги ҳужжатлар, мактублар, қолаверса адибнинг миллий ва даврий матбуот саҳифаларида эълон қилинган мақолаларга қўйган имзоларида адибнинг тахаллуси “Ғозий Юнус” – غازى يونس шаклида эканлиги аниқланган. Кейинги тадқиқотларда бу сиймонинг исмини аслига мувофиқ – “Ғозий Юнус” шаклида ёзиш тўғри бўлади. Энди мақоламизнинг асл мақсадига қайтсак.
Ғозий Юнус ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришларнинг сабаб ва илдизларини тарихий жараёнлардан топишга интилди. Туркистон ўлкасида юз бериб келаётган узлуксиз жаҳолат ва қолоқликни икки-уч асрдан бери тизимли тарзда давом этиб келаётган нотўғри “формула”нинг натижаси деб билди. Ғозий Юнус ана шу формулани тўғрилашга, жабр-зулм, зўравонлик ва ҳақсизликка қарши халқда иммунитет ҳосил қилиш йўлида кўплаб пьесалар яратди, ўзга тиллардан таржималарни амалга оширди. “Заҳҳоки морон” асари ана шундай саҳна асарларидан бири эди.
Ғозий Юнуснинг “Заҳҳоки морон” пьесаси 1918 йилда Туркистон давлат нашриёти томонидан босилиб чиққан. Пьесага асос қилиб олган “Шоҳнома” Эроннинг миллий достони ва форс адабиётининг энг буюк асарларидан бири сифатида муҳим ўрин эгаллаган. Абулқосим Фирдавсий ушбу асарини 980–1018-йиллар орасида ёзган. Достонда Пешдодийлар, Каёнийлар, Ашконийлар ва Сосонийлар даврига оид воқеалар ёритилган. Жамшид, Заҳҳок ва у билан курашган Кова, Фаридун, еттита қийин ишни уддалаган Рустам, Турон мамлакатининг ҳукмдори Афросиёб (Алп Эртўнга), Кайковус, Кайхусрав, Исфандиёр, Доро ва Искандар каби қаҳрамонлар тўғрисида маълумотлар мавжуд.
1
“Заҳҳоки морон” асарининг муқоваси.
Гарчи, Ғозий Юнус ўзининг “Заҳҳоки морон”ига “Шоҳнома” асарини асос қилиб олган бўлса-да, бироқ унинг ўзи достон муаллифи бўлмиш Фирдавсийга нисбатан танқидий қарашларга эга бўлган. У “Билим ўчоғи” журналида чоп этилган “Қинғир тарихчилар” номли мақоласида Фирдавсий тўғрисида қуйидаги танқидий мулоҳазаларини келтириб ўтган: “Фирдавсий “Шоҳнома”ни ёзиб ўзини танитмаса, унинг ким эканини билмас эдик, бугун Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сини ўқуб унинг Эрон миллатчиси эканини Кайёний тожини дунё тургунча сақлашни истовчи, Эронистон учун араб, турк халқлари қурбон бўлса бўлсун, Эроннинг бутунлиги учун тиришувчи бир киши эканлигини “Мана мен” деб кўрсатиш билан билдук. Фирдавсий Эрон халқининг жанговарлигини Эрон пахлавони Рустамни қанча кўтариб мақтайдир, Турон жанговарларининг бошлиғи бўлғон Афросиёб билан араб паҳлавони Саъд Ваққоснинг куч-қувватини эътироф этган ҳолда, қутуриб уларни сўкадир. Туронийлар билан арабларнинг дунёда яшаш учун ҳаққи йўқ деган даъволарни қиладир”.
Ҳақиқатдан ҳам, Фирдавсий Эрон паҳлавон ва шоҳларини тасвирлашда ўта муболағага йўл қўйган. Масалан, у Рустамни тасвирлар экан у бўкирса тоғлар ларзага келишини, юрганида залвори сабаб оёғи ерга ботиб кетишини, ўтирган чоғида бўйи ҳаммадан баланд бўлишини, туну кун от чопиб чарчамаслигини, бир кунда икки кунлик йўл босиб ўтишга қодир эканлигини ёзган (Эҳтимол, шу боисдан ҳам Маҳмуд Ғазнавий Фирдавсийга етарлича илтифот кўрсатмагандир).
“Заҳҳоки морон” икки бўлак ва тўрт пардадан иборат. Ўз навбатида пьеса пардалари “мажлис” деб аталувчи кичик пардаларга бўлиниб кетган. Бу ХХ асрнинг 20-йилларидаги пьесаларга хос бўлмаган ҳолат ҳисобланади. Мазкур жумбоқнинг жавобини асарнинг кириш қисмида муаллифнинг ўзи берган. Адибнинг ёзишича, театр биноларининг жиҳозсизлиги, саҳна кўринишига мос ва хос бўлган турли ҳил асбоб-ускуналарнинг етишмаслиги ва энг муҳими, чироқларнинг тез-тез ўчиб туриши уни шундай йўл тутишга мажбур қилган. Шунинг учун ҳам Ғозий Юнус асарни икки бўлак ва тўрт пардадан иборат ҳолда ёзишга мажбур бўлган.
Адиб асарда Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома” достони таркибидаги “Заҳҳок ва унинг отаси ҳақида қисса”, “Иблиснинг ошпазлик қилгани”, “Заҳҳок ва темирчи Кова” достонларидан фойдаланган ва унга зимдан Туркистон халқининг эрксизлиги ва бунинг натижасида юзага келган хўрлик ҳиссини бадиий йўсинда урғулаб, улуғ форс шоирининг шоҳ асарини саҳна асари кўринишида “миллийлаштирган”.
Адибнинг ўзи ушбу асарни ёзишдан бўлган мақсадини қуйидагича очиқлайди: “Бу театру китобини ёзувдан мақсудим бизнинг орқада қолғон санойи нафисамизга (театр – М.Алижонов) хизмат қилув билан бирга ҳозирги вақтда ўз турмушимиздан олиниб, ёзувчиларимиз тарафиндан ёзилиб, саҳналарда кўрсатилиб турғон асарларга бир тарихий асар қўшувдир”.
Умуман пьесада Заҳҳок, бош вазир, биринчи ва иккинчи вазир, биринчи умаро, иккинчи умаро, Кова, Кованинг хотини Меҳрноз, ўғиллари Ашкаш, Шопур, инқилобчи Меҳрос, бой, бойнинг хотини Гулбод, уларнинг болалари, Носиҳи амин ошпаз, табиб қиёфасида кўринувчи Шайтон, жаллод, ясовуллар бошлиғи, боғбон – ҳаммаси бўлиб йигирма нафар персонаж иштирок этади. Ғозий Юнуснинг айтишича ушбу пьеса илк бор 1919 йил 27 сентябрда Тошкентда, “Колизей” биносида томошабинлар эътиборига ҳавола қилинган. Ушбу спектаклда Заҳҳок ролини Маннон Уйғур, Темиртошни Ғозий Юнус, бош вазирни Қаюм Рамазон, Ковани Фатҳулла Умаров, унинг хотини Меҳрнозни Маъсума Қориева, Иблисни Аброр Ҳидоятов ўйнаган.
Ғозий Юнуснинг ушбу пьесаси Заҳҳокнинг қандай қилиб отасининг тахтини эгаллаш ҳақидаги хаёллари билан бошланади. Заҳҳок бунга эришишнинг ягона йўли сифатида отасини ўлдириш деб билади. Бироқ Заҳҳок отасини ўлдириб тахтга эгалик қилиш борасида иккилана бошлайди. Унинг ушбу руҳий кечинмалари асарда қуйидагича тасвирланади:
Заҳҳок (ўз-ўзига) – Подшоҳ бўлмоқ учун дунёда мен қилмағон макру ҳийлалар қолмади. Лекин минг афсуски халқ каминанинг ўрнига отамни подшоҳ қилиб шоҳлик тожини унинг бошига кийдирди. Халқ эса отамнинг юритаётган тўғри сиёсатидан ғоятда мамнундур. Отам халқнинг хоҳишини яхши тарафдан ўзига тортадир, хусусан отамнинг адолати бутун каттаю кичикка қилғон ибрати ва бундан бошқа шоҳларда бўлмағон ғайрат ва матонат халқнинг меҳрини отамға маҳкамлаштирадур. Иш мундоғ бўлғондан кейин отамнинг тириклиги чоғида ҳеч вақт подшоҳлиқ менга насиб бўлмайдир. Фикр юритиб чора топишим керак. Топдим! Бир иш қилиб отамни ўлдирмоқ керак. Чунки отам ўлса халқ албатта мени подшоҳ қилиб кўтарар. Чунки бу ҳолатда подшоҳлиқға мендан муносиб бир киши топилмас. Табиийки, халқ ўз шаҳзодалари бўла туриб иккинчи бир кишини подшоҳ қилмайлар. Ҳар ҳолда дунё мубораза (кураш, жанг-жадал – М.Алижонов) ҳаётидир. Халқ мендан бошқани подшоҳ қиламан деб тахтни ағдармоқ ярамайдир. Мана отам ҳам тож-тахтга эга чиқмоқ учун қанча ғайрат, жаҳд сарф этди. Одам кўтара олмайдиган оғир машаққатлар билан ўринға ўтириб бутун дунёга ҳукмронлиқ қилиб тарихни қилғон ишлари билан зийнатлади. Отам ҳам тож-тахтни осонлик билан қўлға киритмади. Отам томонидан кўрсатилган фавқулодда ғайрат ва матонат орқасидан тож-тахт отамға насиб бўлди. Бу йўлда мен ҳам йўлимда учраган ҳар нарсани яксон қилиб мақсадимга эришаман. Ҳозирда меним қаршимда биргина зўр моне бор, у ҳар қандоғ монелардан ортиқдир”.
Бироқ, Заҳҳок ўзининг ўйларидан қўрқиб кетади ва тахтни отасини ўлдириб эгаллаш қаттиқ гуноҳ ва жиноят эканлигини ўз-ўзига таъкидлайди. Шунда унга “ёрдам”га Шайтон келади ва отасини ўлдириш тож-тахт йўлида оддий ишлигини айтиб уни гиж-гижлайди.
Шундай қилиб, Шайтон Заҳҳокка тахтни ниҳоятда гўзал тарзда кўрсатиб, уни эгаллаш отага бўлган муҳаббатдан ҳам ортиқроқ завқ беришига ишонтиради. Натижада, Заҳҳок Шайтоннинг фирибига учиб отасини ўлдиради ва тахтни эгаллайди. Ғозий Юнус ушбу асарида инсонлар феъл-атворидаги мол-дунё ва салтанатга бўлган муҳаббатнинг ниҳоятда кучлилиги ва бу йўлда ҳар қандай разилликдан ҳам тап тортмаслигини очиб беришга ҳаракат қилган ва айтиш мумкинки, буни моҳирона тарзда уддалаган.
Асарда қайд этилишича, Заҳҳок тахтга ўтиргач шайтон ошпаз қиёфасида унинг саройига ташриф буюриб, ўзини Носиҳ деб таништиради ва шоҳ учун ширин таомлар пишириб Заҳҳокнинг меҳрини қозонади. Бир куни Заҳҳок ошпазни (яъни Шайтонни) мукофотламоқчи эканлигини айтиб уни ўз ҳузурига чорлайди:
Заҳҳок – Ё Носиҳ! Сенинг қилғон таоминг ҳар биримизга мақбул бўлди. Шунинг учун давлат ҳузурида ҳар қандай талабинг бўлса сўрагил, ҳеч қайтармасдан қабул қилурман.
Айёр Шайтон шоҳнинг ушбу гапига жавобан:
Шайтон – Бу кунги таом у даражада мақтайдурғон эмас, эртага бундан ҳам лаззатли таом тайёрлайман. Бу хизматим учун ҳеч мукофот сўрамасман. Менинг биргина илтимосим сендек подшоҳи одилнинг саломатлигидур.
Заҳҳок – Эй Носиҳи Амин! Садоқатингдан мамнунман. Лекин шу соат мендан бир нарса талаб этмасанг хурсандлигимдан ёриларман.
Шайтон – Подшоҳи олам! Бўлмасам меним истагим, агар рухсат берсангиз, икки кафтингизга юз ва кўзимни суриб ўпсам (Аркони давлат ҳайрон бўлуб бир-бирига боқар).
Заҳҳок – (Таажжуб юзи билан) Ё Носиҳ! Бу ишдан сенга нима фойда бор? Бир нарса сўрагилки, ўткан подшоҳлардан ҳеч бири раиятга бундай карамбахшлик қилмағон бўлсун.
Шайтон – Шоҳ! Менинг бундан ҳеч талабим йўқ эди. Модомики бир нима талаб қил деб зўрладинг. Мен шунигина талаб қилдим. Умид қилурманким меним бу талабимни қайтармайсан. Чунки бу васийла билан халқ орасида менинг обрўйим зиёда бўлур. Сен билан менинг орамизда бўлғон дўстлик робиталари ошкор бўлур.
Заҳҳок – Эй Носиҳ! Муродинг шул бўлса кел!
Шундан сўнг Заҳҳок кафтини очади, шайтон таъзим қилиб суюнч билан шоҳнинг қўлига юз-кўзини суртиб асл қиёфасида сарой аҳлига ўзини намоён қилади ва қаҳ-қаҳ уриб кулган ҳолда кўздан ғойиб бўлади. Девон аҳли эса юз берган бу ҳолдан қаттиқ қўрқиб сакраб тушади.
Шайтон кўздан ғойиб бўлгач Заҳҳокнинг елкаси қичишиб унинг икки елкасидан иккита илон ўсиб чиқади ва у шоҳга қаттиқ азоб бера бошлайди. Заҳҳок бу дарднинг даъвосини излаб бутун дунё ҳакимларини ўз ҳузурига чорлайди, бироқ табибларнинг бирортаси ҳам бу ғаройиб касалликка даъво тополмайди. Ана шунда саройга яна Шайтон ташриф буюради, бу сафар табиб қиёфасида. Табиб қиёфасидаги Шайтон Заҳҳокка оғриқларини аритиш мақсадида қуйидагича маслаҳат беради:
Табиб (шайтон) – Подшоҳи олам! Сенинг дардинг ғоят хавфлидур. Бунга ҳеч бир илож қилиб бўлмас, буни ўзинг ҳам билурсан? Бир чора бор, бироқ бу жуда қийиндур. (Заҳҳокнинг чеҳрасида ғазаб аломати) Бунинг учун биргина йўл бор.
Заҳҳок – Ул қайси йўл, тез сўйла!..
Табиб (шайтон) – Ҳар кун икки одам [гўдак]нинг мийясини чақиб, бу илонларға берасан. Булар таскин топмаса ўзингни емоқға бошлайдилар, у вақтда ҳалок бўлурсан. Бундан бошқа илож йўқ. Ҳар куни икки раиятнинг қони сенинг ҳаётинг учун ҳалолдур.
Албатта, Ғозий Юнус ёмонлик устидан яхшилик ва эзгуликни ғолиб қилиш мақсадида Кова персонажини ўз асарига олиб киради. Кова темирчи бўлиб, Заҳҳокнинг дардини енгиллатиш йўлида уч фарзандидан айрилган эди. Ва табиийки аламзада ота шоҳга қарши исён кўтаради. Бу пайтга келиб халқ ичидан жами 17 нафар гўдак Заҳҳокнинг нафсил-амри учун қурбон қилинган эди. Шу боисдан халқ ҳам Кованинг атрофида тўпланади. Пьесанинг охирида темирчи Кова халқни ўз атрофида уюштириб Заҳҳок устидан ғалаба қозониб, халқни ундан ҳалос қилади.
“Заҳҳоки морон” асарига ишланган сурат.
Бир сўз билан айтганда, “Заҳҳоки морон” асари зулм ва истибдодга, диктатурага қарши очилган саҳнавий уруш эди. Бундан ташқари Ғозий Юнус Заҳҳокни йўлдан оздирган ва кейинчалик бедаво дардга йўлиқтирган нарса Шайтон томонидан унга берилган таом эканлигини урғулаб, большевиклар томонидан Туркистон халқига сингидирилаётган социалистик ва коммунистик мафкура ҳам ана шу “таом”га жуда ўхшашлигини, бу “таом”дан заҳарланган сиёсий элита келгусида ўз халқининг бошига жуда катта балою офатларни олиб келишини коса тагида нимкоса тарзида ифодалаб бера олган. Лекин коса тагидаги нимкосани большевиклар ҳам яхши илғаган эди. Шу боисдан ҳам Ғозий Юнуснинг “Заҳҳоки морон”и саҳнадан олиб ташланди. Ҳатто, Чўлпоннинг: “Энди бу бир қўйилиб ўткан ва қўшилиб, бутунланиб бостирилган ўртоқ Ғозий Юнуснинг “Заҳҳоки морон”ини кўришга тилаймиз. Бу асарнинг қўйилғониға кўп бўлди. Халқ соғинғондир” деб ёзгани ҳам эътиборсиз қолдирилди.
Кейинчалик эса Ғозий Юнус миллатчилик ва аксилинқилобчикда айбланиб 1937 йил 6 августда қамоққа олиниб қатағон этилди.
Ғозий Юнус қамоқхонада (1937 йил).
Муслимбек АЛИЖОНОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Tarix
Tarix
Mafkura
Ta’lim-tarbiya
Tarix
Ma’naviyat
Jarayon
Til
Tarix
Ta’lim-tarbiya
Tarix
Din
Tarix
Til
//
Izoh yo‘q