
Дунё адабиётдаги энг кучли типлар доимо эътиборимизни ўзига тортган: осмон оловини ўғирлаган Прометей, иблис билан шартнома тузган Фауст, ноқобил фарзандлардан азият чеккан Қирол Лир, овсар ва фожиавий рицар Дон Кихот, инсон қиёфасидаги иблис Яго. Ва, албатта, гўзал аёллар қалбини забт этувчи ишқпараст Дон Жуан.
Дон Жуан – кўплаб ижодкорларни ўзига мафтун этган персонаж. У кутилмаганда адабий майдонга кириб келди – ёзувчилар эътиборини бошқа қаҳрамонларга қаратаётган паллада тўсатдан бутун диққат у томонга бурилди. Дон Жуаннинг прототипи сифатида Севильянинг зодагон сулолалари вакилларидан бири – дон Хуан Тенорио қаралади. Асрлар давомида рицарлик ривоятлари ва халқона шеъриятда шу каби образлар – эҳтиросли, жасур, лекин беҳаё ва қонунга зид ҳаракат қилувчи қаҳрамонлар ҳақида қиссалар кенг тарқалган. Вақт ўтиши билан бу типдаги қаҳрамонлар ўзгарди: ахлоқнинг шаклланиши натижасида аввалги қўпол ва ёввойи хислатлар ўрнини жозибали ва маданий хулқ-атвор эгаллади. Аммо Дон Жуан номи борича яшаб қолди.
Дон Жуан образини илк бора асар сифатида яратган испан драматурги Тирсо де Молина «Севильялик чақимчи» номли пьесасини 1630 йилда ёзган. Ундаги қаҳрамон хотинбоз, совуққон, васвасага солувчи, аёлларни ўз иродасига бўйсундириш ғояси билан яшайдиган кимса. Тирсо де Молина пьесаси нашр этилганидан 3 йил ўтиб, Дон Жуан Италияда халқ саҳналарида катта муваффақият қозона бошлади. Францияга эса 1658 йили олиб келинган. Мольер 1665 йилда ўзининг машҳур «Дон Жуан ёки Тошли зиёфат» комедиясида Дон Жуанни испанча хусусиятларидан маҳрум қилган ва француз ҳаётини жорий этган. Германияда XVIII аср бошлариданоқ Дон Жуан ҳақидаги пьесалар халқ саҳналарида жуда машҳур бўлган. 1812 йилда ёзилган «Дон Жуан» новелласида немис ёзувчиси Гофман образга илк бор романтик талқин берди. Унинг талқинида Дон Жуан – ер юзида етиб бўлмас идеални изловчи эди. У тақдирга қарши исён қилувчи, худбинлик ва бировга ишонмаслик сингари хислатларни ўзларида мужассамлаштирган. Лорд Байрон бўлса машҳур «Дон Жуан» сатирик поэмасида (1818-1823) қаҳрамонни бутунлай мулойим қилиб тасвирлайди.
Дон Жуаннинг ишқий саргузаштлари кетма-кетлиги қуйидагича кечади: Испанияда оилали донья Юлия билан, фалокатдан кейин оролда Гаидэ билан, турк султони ҳарамидаги канизак билан, Россияда Екатерина II билан, ниҳоят Лондон жамиятидаги хонимлар. Бирор жойда у аёлларни таъқиб қилмайди, зўрламайди: аёллар ўзлари уни танлашади, у эса қаршилик қилмайди. Проспер Мериме 1834 йилдаги «Покутхона руҳлари» новелласида Дон Жуан афсонасининг турли вариантларига таянади ва ўз версиясини таклиф этади. Бу талқинда асосий мазмун – тавба ва ислоҳ. Қаҳрамон Дон Хуан содир этган жиноятларини англаб етади ва монастирга йўл олади. Ўлимидан олдин у сўнгги хоҳишини айтади: ўзини черков эшигида кўмишсин, токи ҳар бир черковга кирувчи одам унинг қабрини босиб ўтсин. Қабртошида шундай ёзув бўлади: Бу ерда ер юзида яшаган энг ёмон инсон ётибди.
Алексей Толстой 1862 йилдаги драматик поэма «Дон Жуан» орқали қаҳрамоннинг жамият билан зиддиятини мураккаб, лекин муросали йўл билан ҳал қилишга ҳаракат қилган. Байрон эса Дон Жуандан романтик қаҳрамон эмас, балки ҳаёт маъносини излаётган инсон сифатида фойдаланади. Пушкинда Дон Жуан нафақат ишқий қаҳрамон, балки трагик шахс сифатида намоён бўлади. У биринчи марта чиндан севиб қолади ва айнан шу чин муҳаббат уни ҳалок қилади. Пушкин учун Дон Жуан – муҳаббат ва шеърият рамзи эди. Н. Гумилёвда Дон Жуан абадий яшайдиган куч сифатида кўрсатилади. У ҳатто дўзахдан ҳам чиқиб кетади ва янги севги сари шошилади.
Йигирма биринчи асрда ҳам Дон Жуан образидан фойдаланиб келинмоқда. Петер Хандкенинг “Дон Жуан: ўз версияси” (2010) асарида Дон Жуан хотинбоз эмас, балки вақт томонидан таъқиб қилинаётган, фалсафий шахс сифатида тасвирланади. Лейбнернинг «Ҳозирги замон Дон Жуани: Компьютер дунёсидаги шаҳвоний саёҳат» романида 78 ёшли эркакнинг интернет орқали янгидан янги ишқий саргузаштлари акс этади. Грегорио Моралес томонидан ёзилган «Номадлар вақти» (2005) асари Дон Жуан образини квант эстетикаси доирасида қайта кўриб чиқади.
Дон Жуан муаллифларга омад олиб келувчи образ бўлиб, унинг тақдирида икки буюк сир – эротика ва мистика ётади. Эротика ҳаёт ва туғилиш тимсоли сифатида мистикага, яъни ўлим ифодасига қарши қўйилган. Муҳаббат ва ўлим – инсон азалдан ўзаро боғлиқ деб ҳисоблаган тушунчалар. Ҳаёт қайсига яқин: туғилишгами ёки ўлимгами? Бу инсон доим сўрайдиган, аммо ҳеч қачон жавоб тополмайдиган саволлар. Санъаткорнинг вазифаси нимада? Бир хил мавзуга, замонга хос янги нуқтаи назар топишда. Бир неча аср ичида жамият ўзгаришлари натижасида бу образ шунчалик кўп ниқоб алмаштирди-ки, оқибат ҳар замон ва ҳар муаллиф бир хил сюжет асосида янги ахлоқий бағрикенгликни яратиб, янги ижтимоий муаммоларни ёзиб келди.
Дон Жуаннинг асосий ҳиссиёти – бахт истаги ва ундан қўрқишдир: «Нима учун бахт лаънати нарса?» дейди у. У фалсафий жиҳатдан экзистенциализм ғояларига яқин. Дон Жуан “инсон ўз танлови орқали ким эканини белгилайди” деган ғояни намоён этади. Лекин масъулиятни қабул қилмайди, бу эса инкорга ва ҳалокатга олиб келади. Бу образ ахлоқ ва маънавият, ирода ва жазо, муҳаббат ва беқарорлик каби фалсафий тушунчаларни ўзида бирлаштиради. Шу сабабли, у ҳар бир давр ва ҳар бир ўқувчи учун янги маънолар билан намоён бўлади, адабий архетип сифатида ҳар бир замонда қайта таҳрир қилинади.
Адабиётда Дон Жуанга ўхшаган қаҳрамонлар кўплаб учрайди, турли номлар ва қиёфаларда пайдо бўлади, лекин уларнинг бадиий моҳияти ўхшаш. Жумладан, М. Лермонтовнинг «Замонамиз қаҳрамони»даги Печорин. У аёлларнинг юрагини парчалайди, муҳаббатни ўйин деб билади. Унда ҳам ўзини бошқалардан устун тутиш ҳисси бор. Печорин мураккаб руҳий ҳолатда бўлиб, ўз-ўзидан норози, ҳаётдан катта маъно излайди. Пушкиннинг «Евгений Онегин» асари қаҳрамони енгил-елпи муносабатларни бошдан кечиради, аммо асл муҳаббатни рад этади, ҳис-туйғуларни ҳурмат қилмайди. Аммо кейин хатосидан афсус кечади. Стендалнинг “Қизил ва қора”сидаги Жульен Сорель ҳам муҳаббатни мақсадга эришиш воситаси сифатида кўради. Аёллар орқали манфаат излайди. Ўзбек ижод оламида эса «Парвона» спектаклидаги Ўткурий шу типдаги образ сифатида ёдимизда қолган.
Хулоса қилиб айтганча, Дон Жуан – бу шунчаки ишқпараст персонаж эмас. У тарихий, фалсафий, адабий, маданий илдизларга эга образ. У инсоннинг эркинлиги, севгига бўлган интилиши, туйғудан мақсадлари йўлида фойдаланиши ва бунинг учун жазоланиши каби мавзуларни кўтариб чиқади ва замон руҳини билдириб туради.
Нодирабегим ИБРОҲИМОВА,
Ижтимоий-маънавият тадқиқотлар
институти докторанти
Vatandosh
Tarix
Tarix
Falsafa
Tarix
Tarix
Jarayon
Til
Tarix
Ta’lim-tarbiya
Tarix
Tarix
Din
Til
//
Izoh yo‘q