Илм-фан
Муаллифлар шу кунларда мактаб дарсликлари атрофида бўлаётган воқеалар юзасидан Президентга мурожаат билан чиқди.
«Ҳурмати Шавкат Миромонович, 2016 йили Ўзбек тили ва адабиёти университети очилишига бош-қош бўлганингизда бизни йиғиб, таълим методикасини янгилаш, унга янги тенденцияларни олиб кириш ва жаҳон билан бўйлашадиган дарсликларни яратиш вазифасини қўйган эдингиз. Бизнинг жамоа шу вазифани бажариш устида туну кун ишлади. Янги, замонавий, ХХI аср талабларига жавоб берадиган, ўқувчини мустақил фикрлашга, муаммоларни ечишга, қарор қабул қилишга, креатив бўлишга ундайдиган дарсликлар яратилди.
Дарсликлар яратиш осон иш эмас. Бу ижодий муҳит, ижодий атмосферани талаб қиладиган жараён. Лекин охирги пайтларда бўлаётган, ижтимоий тармоқлар орқали сиздирилаётган ҳар хил асоссиз хабарлар, асоссиз миш-мишлар бу ижодий муҳитни сўндиради, муаллифларнинг рағбатини ҳам ўлдиради. Ўқув адабиётларининг ижара масаласи билан бошланган можаро секин-аста дарсликларнинг мазмунига уланиб кетди ва бунга ҳам асоссиз равишда шубҳа билан қараш бошланди. Қандайдир комиссиялар тузиб, дарсликларнинг мазмунини текшириш, одамлардан фикр йиғиш каби... Биз бунга қарши эмасмиз, дарсликлар мазмунини ўрганиш керак бўлса ўрганишсин, баҳо беришсин. Фақат буни холислар берсин. Замонавий таълим методикасини, ҳозирги замон боласига нимани, қандай ўргатишни тушунадиган мутахассис, тушунадиган холис экспертлар берсин. Бунинг ортида қандайдир ўзининг бизнес манфаатларини кўзлаётган манфаатдор шахслар, манфаатдор чиновниклар баҳо бермасин.
Чунки бу ҳолатда баҳо холис бўлишига ҳеч қандай кафолат йўқ. Биз ҳалол рақобатдан қўрқмаймиз. Кимдадир ҳозирги замон талабларига, таълим стандартларига жавоб берадиган дарсликларни яратиш нияти бўлса, марҳамат, яратсин. Сўнг ўқитувчига ҳар икки дарсликни берайлик, танловни ўқитувчи қилсин. Ҳалол рақобатдан таълим ҳам, ўқувчи-ўқитувчи ҳам, ота-она ҳам ютади. Лекин парда остидаги ўйинлар, парда ортидаги асоссиз гаплардан, бунақа носоғлом курашдан миллат, таълим зарар кўради, охир-оқибатда ҳаммамиз зарар кўрамиз», дейилади унда.
Шунингдек, мурожаатда айтилишича, муаллифларнинг аксари хорижда ўқиган, дарсликлар яратилиши жараёнида ЮНИСEФ, ЮНEСКО экспертлари ҳам қатнашган.
«Биз қандайдир тарафларни ҳимоя қилиш учун эмас, ўзимизнинг ғояларимизни, таълимни ҳимоя қилиш учун мурожаат этяпмиз. Манфаатлар ўртасидаги зиддиятлар, қарама-қаршиликлар таълимнинг ривожланишига соя соляпти. Бундан таълим, миллат жабр кўряпти, хусусан, муаллиф жабр кўряпти. Воҳалангки, сиз берган кўрсатма асосида методика янада шаклланиб, мана шу дарсликларда акс этган. Тарихда қилинган хатоларни қайтармасликни жудаям истардим. Муаллифларнинг барчаси хориж тажрибасини ўрганган, аксарияти чет элда ўқиган. Дарсликлар яратилиши жараёнида ЮНИСEФ, ЮНEСКО экспертлари доимий қатнашган. Тарқалган бундай асоссиз турли хабарлар таълим сиёсатига, таълимнинг нуфузига болта уради ва жадал қадамлар билан бошланган ислоҳотларни тўхтатиб қўяди. Сиздан илтимос қилардик, шу ҳолатни назоратингиз остига олсангиз. Чунки бизнинг эртамизнинг, янги Ўзбекистоннинг қандай бўлишини белгилайдиган энг асосий омил бу таълимнинг мазмунидир», деган муаллифлар.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ