Сиёсат
Аввал хабар берганимиздек, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтказилмоқда.
Куни кеча Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида конституциявий қонун лойиҳаси мазмун-моҳияти муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси аъзоси, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджанов, марказий аппарат, тизим ташкилотлари, ҳудудий бошқармалар ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Қайд этилганидек, Бош қомусимиз мустақиллик йилларида эришилган барча ютуқларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келмоқда. Тараққиёт билан чамбарчас равишда халқимизнинг дунёқараши ҳам ўзгариши натижасида кейинги йилларда Конституцияни такомиллаштириш бўйича кўплаб фикрлар билдирилаётган эди. Шу йил 20 май куни Олий Мажлис палаталари Кенгашлари томонидан Конституциявий комиссия тузилди. Ўтган вақт мобайнида халқимиз, айниқса, ёшларимиз мамлакат келажагига дахлдорлик туйғусини чуқур ҳис этган ҳолда ўз таклифларини мазкур комиссияга юборишда фаоллик кўрсатди.
– Асосий қонунимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни тўртта асосий йўналишга ажратиш мумкин. Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи бирламчи аҳамият касб этади. “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган ғоя кейинги йўналиш мазмун-моҳиятини белгилайди. Учинчи йўналишдаги янгиланишлар Конституцияда маҳалланинг мақомини ҳамда давлат органларининг бу борадаги вазифаларини аниқ белгилаш билан боғлиқ. Тўртинчи йўналиш мамлакатимизда давлат бошқарувини такомиллаштириш, халқ ҳокимиятчилигини кучайтиришга қаратилгани билан ниҳоятда муҳим, – деди сенатор Минҳожиддин Ҳожиматов.
Давлатимиз раҳбари Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда таъкидлаганидек, биз эл-юрт ташвиши билан яшайдиган халқчил давлат барпо этишни кўзлаганмиз. Бу шуни англатадики, давлат, унинг органлари ва мансабдор шахслари халқ учун ишлайди, унга хизмат қилади. Давлат ҳокимияти устидан халқ назорати ўрнатилади. Бу эса Конституцияга давлат органлари фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни, мазкур органларнинг ихчам ва тежамкор бўлишини таъминлаш юзасидан қоидалар киритиш орқали мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Муҳокама давомида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида батафсил, моддама-модда тўхталиб ўтилди.
Шу йилнинг 5 июль кунига қадар давом этадиган умумхалқ муҳокамасидан сўнг таклифлар умумлаштирилиб, янги конституциявий қонун лойиҳаси референдумга қўйилади. Шу тариқа том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституциясига эришилади.
Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, юртимиз ва элимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши шубҳасиз.
Жамият
Илм-фан
Жамият
Спорт
Жамият
Иқтисод
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ