Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё Қизил китоби”ни ишлаб чиқишни таклиф қилди

Сақлаш
14:37 / 22.04.2026 11 0

Шавкат Мирзиёев Қозоғистонда ўтказилаётган Минтақавий экологик саммитида нутқ сўзлади.

 

Ўзбекистон етакчиси таъкидлашича, бугунги учрашув ўтган йили Самарқанд иқлим форумида бошланган мулоқотнинг мантиқий давомидир. Марказий Осиё давлатларининг экологик дипломатияси тизимли ва изчил тус олиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда.

 

Айтилишича, Марказий Осиё давлатлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларини минтақавий ҳамкорликнинг энг муҳим устувор йўналиши даражасига кўтаришга муваффақ бўлди. “Марказий Осиё учун яшил кун тартиби” минтақавий дастури, Иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича минтақавий стратегия ҳамда Барқарор ривожланиш учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича минтақавий дастур бундай шерикликка мисол бўла олади.

 

Форумда “Марказий Осиё экологик бирдамлиги” декларацияси, шунингдек, БМТ тузилмалари билан яқин шерикликда амалга ошириладиган, 2030-йилгача мўлжалланган Ҳаракатлар дастурининг қабул қилиниши таъкидланди.

 

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон экологик барқарорликни шакллантириш бўйича аниқ мақсадли ва тизимли чора-тадбирларни амалга ошираётганини айтиб ўтди.

 

Шунингдек, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида қарийб 1 миллиард туп дарахт ва бута экилди. Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектардан ортиқ майдонда ўрмонзорлар барпо этилиб, янги “яшил белбоғ”лар яратилмоқда, БМТ Бош Ассамблеясининг “Ўрмонлаштириш ва ўрмонларни тиклаш бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги” резолюцияси қабул қилинди.

 

“Сувни тежаш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида биз йилига 10 миллиард куб метр сувни иқтисод қилмоқдамиз. Генерация қувватларимизда “яшил” энергетика улуши аллақачон 30 фоизга етди, жорий ўн йилликнинг охирига бориб эса 50 фоиздан ошади. Биз Париж битими бўйича зарарли чиқиндиларни 35 фоизга камайтириш мажбуриятини муддатидан олдин бажардик ва олдимизга янги мақсад – уларни 2035-йилгача икки баробар қисқартириш вазифасини қўйдик”, деди Президент.

 

Шавкат Мирзиёев нутқи давомида бир қатор таклифларни айтиб ўтди. Жумладан:

 

– “Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси” давлатлараро консорциумини таъсис этиш;

 

– Ўзбекистондаги Яшил университет ҳузурида фаолият юритаётган Чўлланишга қарши курашиш, қурғоқчиликнинг олдини олиш ҳамда қум ва чанг бўронлари ҳақида барвақт огоҳлантириш марказига минтақавий мақом бериш;

 

– “Марказий Осиё яшил савдо йўлаги”ни шакллантириш;

 

– Марказий Осиё иқлим лойиҳаларининг ягона инвестиция портфелини яратиш;

 

– Марказий Осиё атроф-муҳитидаги ўзгаришларнинг ягона минтақавий атласини яратиш;

 

– Биологик хилма-хилликни сақлаш учун “Марказий Осиё Қизил китоби”ни биргаликда ишлаб чиқиш;

 

– 2027-йил Ўзбекистонда Бутунжаҳон ёшлар иқлим форумини ўтказиш;

 

– 31-май – 5-июнь кунлари Самарқандда Глобал экологик фонднинг саккизинчи ассамблеяси, сентябрь ойи охирида эса Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказиш.

 

“Ишончим комил, асрлик яхши қўшничилик анъаналарига таянган ва қатъий сиёсий иродамизни намоён этган ҳолда, биз Марказий Осиёни экологик фаровонлик ва барқарор ривожланиш маконига айлантирамиз”, деди Президент нутқи сўнггида.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//