Шавкат Мирзиёев Минтақавий экологик саммит кўргазмаси билан танишди

Сақлаш
14:01 / 22.04.2026 12 0

Ўзбекистон Президенти Қозоғистонга амалий ташрифи дастури доирасида 22-апрель куни Марказий Осиё мамлакатлари, Мўғулистон, Озарбайжон, Грузия ва Арманистон делегациялари раҳбарлари билан биргаликда Остона шаҳридаги Минтақавий экологик саммит кўргазмасидаги миллий павилёнларни бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

 

Қайд этилишича, саммит диққат марказида экологик сиёсатга комплекс ёндашувни акс эттирувчи саккизта устувор йўналиш турибди: иқлим ўзгаришига қарши курашиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва экотизимлар барқарорлигини таъминлаш, табиий хавф-хатарларга мослашиш ва иқтисодий барқарорликни ошириш, ҳаво ифлосланишини камайтириш ва чиқиндиларни самарали бошқариш, экологик мақсадларга эришиш механизмларини ривожлантириш, табиий ресурсларни барқарор бошқариш, адолатли ва инклюзив “яшил” ўтиш, экологик ҳамда рақамли компетенцияларни ривожлантириш.

 

 

Саммит кун тартиби барқарор ривожланишнинг экологик ҳамда ижтимоий-иқтисодий жиҳатларини ҳам қамраб олган. Тадбирда иштирок этаётган мамлакатларнинг миллий павилёнларида уларнинг ушбу йўналишлардаги ютуқлари ва келгуси режалари намойиш этилмоқда.

 

Интерфаоллик ва мультимедиа элементларига эга кўргазма-тақдимот майдони шаклида барпо этилган Ўзбекистон павилёни мамлакатимизнинг экология, иқлим ўзгариши ва Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши соҳаларидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини акс эттириши таъкидланди.

 

 

Шунингдек, Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш, халқаро ташкилотлар, энг аввало, БМТ тузилмалари билан ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//