Амир Темур – иккинчи Ренессанс бунёдкори

Сақлаш
00:35 / 01.10.2021 2643 0

Буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомиз Оқсарой пештоқига “Адолат – давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиоридир”, деган ҳикматли сўзларни ёздиргани бежиз эмас, албатта. Ушбу улуғвор ғоя инсон қадр-қимматини олий даражага кўтариш борасидаги амалий ҳаракатларимиз пойдеворига айланди.

Шавкат Мирзиёев

Буюк саркарда, йирик давлат арбоби, илм-фан ва маданият ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур (1336–1405) ва авлодлари қолдирган бой мероснинг қадри ва таровати асрдан-асрга тобора ошиб бормоқда, янги давр ва замонларга ҳам муносиб хизмат қилмоқда. Улуғ аждодимизнинг ҳаёт йўли тарихчи олимлар, шоир ва ёзувчиларнинг доимий эътиборида бўлиб, минглаб тадқиқотлар ва юзлаб бадиий асарларга мавзу ва илҳом беради. Олти юз йил мобайнида Амир Темурга бағишлаб Европа тилларида 500 дан зиёд, Шарқ тилларида эса 900 га яқин йирик тарихий асарлар ёзилгани маълум.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ 5040-сон қарорига асосан Республика Маънавият ва маърифат маркази,  Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Туризм ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ЎзФА Тарих институти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маданият вазирлиги, Халқаро Амир Темур хайрия фонди, Тенмурийлар тарихи давлат музейи, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллигига бағишлаб 2021 йил 28–30 сентябрь кунлари “Амир Темур – дунё олимлари ва адиблари нигоҳида” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказмоқда.

Минҳожиддин Ҳожиматов,

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари:

– Истиқлол йилларида Амир Темур сиймоси миллий давлатчилигимиз тимсолига айланиб, ўзликни англаш, анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасида халқимизга маънавий куч бағишлаб келмоқда. Бу буюк зот ҳақидаги асл ҳақиқат қайта тикланиб, тарихий адолат қарор топди. Ўзбекистонда Амир Темур феномени билан боғлиқ 4 та қонун, 16 та Президент фармони, 5 та қарори, 23 та Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинган. Давлат мукофотларидан бири “Амир Темур” ордени таъсис этилди. “Темурбеклар мактаблари” ташкил қилинди. Республикамиздаги олий таълим муассасалари, марказий кўча ва хиёбонларга Соҳибқирон бобомизнинг номи берилди. Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларида муаззам ҳайкаллари бунёд этилди. Қутлуғ тўйлари дунё миқёсида нишонланди.

Бугун халқимиз Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” бош ғоясига таяниб, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида бирлашган экан, Ватанимиз тарихидаги иккинчи Уйғониш даври бунёдкори Амир Темур шахсини ва сиёсатини ҳар томонлама ўрганиш янада долзарб аҳамият касб этади.

Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги муносабати билан ташкил этилаётган халқаро илмий-амалий анжуман тадбирлари Тошкент (28 сентябрь), Шаҳрисабз (29 сентябрь) ва Самарқанд (30 сентябрь) шаҳарларида бўлиб ўтмоқда. Биринчи кун дастуридан Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйиш, Темурийлар тарихи давлат музейига саёҳат ва “Темурийлар ва Иккинчи Ренессанс даври” китоблар кўргазмаси, “Янги Ўзбекистон” боғи ва Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат ўрин олган.

Амир Теймур Акбар Рафеи,

Теҳрон  университети қошидаги Илмий тадқиқот институти профессори (Эрон):

– Сўзимнинг аввалида ушбу ажойиб конференциянинг барча ташкилотчиларига миннатдорлик билдирмоқчиман. Таниқли олим ва ёзувчилар иштирокидаги халқаро анжуманда иштирок этаётганимдан мамнунман.

Темурийлар даврида Турону Эронда илм-фан, адабиёт ва санъат соҳаларида катта ютуқларга эришилган. Муҳим хусусияти шундаки, тараққиёт доираси жуда кенгайиб, бутун империя бўйлаб Самарқанддан Бухорогача, Бухородан Ҳироту Балх, Машҳад, Язд... ва Шарқнинг бошқа шаҳарларигача бу маданий таъсир яққол сезилиб турган.

Темурийлар ҳукмронлигида фақат марказий ҳокимият эмас, турли ҳудудлардаги ҳокимлар ҳам ўз ғазнаси ҳисобидан олим ва ижодкорларга ҳомийлик қилишни шараф деб билганки, шундай муҳитда Ренессанс рўй бермаслиги мумкин эмас эди. Айниқса, темурий маликаларнинг мамлакат маънавий равнақига қўшган беқиёс ҳиссасини эътироф этмоқ зарур. Амир Темур жуда улкан минтақада тинчлик ўрнатгани, бир неча халқлар ҳамжиҳат ва хавфсиз яшай бошлагани боис савдо-сотиқ, тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш ривожланди. Натижада фақат бирламчи эҳтиёжлардан ортиб, илм-фан ва маданиятга ҳомийлик қилиш учун яхшигина маблағ тўпланди ва империя ҳудудида беқиёс маънавий юксалиш содир бўлди. Шу каби кенг кўламли саъй-ҳаракатлар орқали эришилган тараққиёт Амир Темур ва ворислари номини жаҳон тарихига ўчмас қилиб муҳрлаган.

29 сентябрь куни анжуман иштирокчилари “Афросиёб” поездида Шаҳрисабз шаҳрига етиб келишди. Илмий-амалий тадбирнинг ялпи мажлиси ва “Амир Темур ва темурийлар даври манбашунослиги ва тарихшунослиги масалалари”, “Темурийлар даври давлат бошқаруви ва халқаро муносабатлар”, “Темурийлар Ренессанси: илм-фан, маданият ва бунёдкорлик”, “Ўзбек ва жаҳон адабиётида Амир Темур образи” деб номланган шуъба йиғилишларида АҚШ, Франция, Германия, Россия, Туркия, Миср, Ўмон, Эрон, Покистон, Озарбойжон каби 14 мамлакатдан 17 нафар нуфузли меҳмон қатнашмоқда. Жумладан, Чикаго университети профессори Жон Вуудс (АҚШ), Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси президенти Фредрех Брессан (Франция), Эге университети қошидаги Турк дунёси тадқиқотлари институти профессори Али Усмон Қоратой (Туркия), Қоҳира ислом санъати музейининг илмий нашр бўлими мудири Сомия Ҳасан Усмон Ҳасан (Миср), Теҳрон университети қошидаги Илмий тадқиқот институти профессори Амир Теймур Акбар Рафеи (Эрон), Пешовар университетининг Aлишер Навоий номидаги Ўзбек тили илмий-тадқиқот маркази бошлиғи Абдулла Беиг (Покистон), тарихчи олим ва таржимон Хелмут Далов (Германия), Озарбойжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Юнус Ўғуз каби хорижлик ҳамда маҳаллий олим ва ижодкорларнинг маърузалари тингланди.

Алехандрос МАКАРИГАКИС,

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги вакили:

– Аввало қайд этиш керакки, Марказий Осиё Амир Темурнинг шарофати билан гуллаб-яшнаганига шак-шубҳа йўқ. Буюк саркарда кўплаб мусулмон халқларини бирлаштириб, азалий орзулар амалга ошишига катта ҳисса қўшган. Маданий юксалишга пойдевор қўйган.

Амир Темур ўз атрофига илм-фан, адабиёт ва санъатнинг етук намояндаларини жамлай олди. Бугун ҳам қўр тўкиб турган тарихий обидаларни қурдираркан, уларга ўзининг кетма-кет ғалабалари билан боғлиқ номлар берар, шу орқали салтанатининг куч-қудрати ва маҳобатини намоён қиларди.

Шоҳизинда мажмуаси, Бибихоним масжиди, Оқсарой каби йирик меъморий ёдгорликлар ҳанузгача ўз бунёдкорининг салоҳиятидан гувоҳлик бериб келмоқда. Тарих Амир Темурни ҳар қандай шароитда ҳам халқларни бирлаштирган буюк жаҳонгир сифатида ёдга олади.

Фредерик Бопертюи-Брессан

Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси президенти (Франция):

– Амир Темур оддий аскарликдан буюк саркарда даражасига кўтарилиб, Ҳиндистондан Европагача, Арабистондан Сибиргача бўлган улкан ҳудудда кучли давлат қурган. Бошқа жаҳонгирлардан фарқли ўлароқ бунёдкорлик, илм-фан, маданият ривожига алоҳида эътибор қаратган. Олимлар, меъморлар, ҳунармандлар, табиблар, файласуфлар, шоиру машшоқларга ғамхўрлик қилган. Соҳибқирон давридаги тараққиёт Европадаги уйғониш жараёнига ҳам таъсир кўрсатган.

Темурийлар санъатининг ўзига хослиги шундаки, турли маданий анъаналар –турк, форс, Яқин Шарқ, ҳинд ва хитой ижодий услублари ажиб бир тарзда уйғунлашган. Бошқа ҳеч қаерда ушбу анъаналар бунчалик самарали ва бетакрор ҳамоҳангликка эришмаган. Амир Темур маданиятларнинг ўзаро мулоқоти учун инфратузилма яратди ва авлодларга мерос қолдирди. Аввал Самарқанд, кейин Ҳиротда илм-фан, адабиёт ва санъат беқиёс даражада ривожланди. Темурийларнинг ёрқин меросини атрофлича ўрганиб, мазкур Уйғониш даври анъаналарини давом эттириш Ўзбекистонда учинчи Ренессансга ҳам пойдевор қўйишига ишонаман.

Анжуманда таъкидланганидек, Соҳибқирон ҳақида Шарофиддин Али Яздий, Ибн Арабшоҳ, Руи Гонсалес де Клавихо, Жан Пол Ру, Жастин Мароцци, Кристофер Марло, Рене Груссэ, Марсель Брион, Михаил Иванин, Иван Бунин, Ҳарольд Лэмб, Ҳильда Ҳукҳэм, Тильман Нагел, Мишел Дойч, Жан Баке-Граммон каби кўплаб олимлар, ёзувчи ва шоирлар, драматурглар асарлар битишган. Ҳар бири буюк аждодимизнинг инсоният тарихида тутган ўрнини ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб талқин қилган. Уйғониш даври маданиятида Амир Темур жасур ва мард инсон, тенги йўқ шахс тимсолига айланиб, Ғарбий Европа адабиёти равнақида алоҳида ўрин эгаллаган.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Темурийлар тарихи давлат музейи яқинда “Амир Темур. Библиография. Биринчи китоби”ни тайёрлади. Ушбу библиографик кўрсаткичда 2248 та ўзбек, 2085 та рус, 655 та инглиз, 221 та француз, 29 та араб, 76 та форс-тожик, 296 та турк тилидаги нашрлар қайд қилинган. Бундан кўринадики, Соҳибқирон Амир Темурнинг инсоният тараққиётига кўрсатган таъсири, унутилмас хизматлари маърифатли дунё томонидан муносиб баҳолаб келинмоқда.

Муҳаммад АЛИ,

Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси:

– Жаҳон оммавий ахборот воситаларида Амир Темур ҳақидаги ижобий қарашлар кўпайиб бораётгани қувонарли. Чунончи, Россиянинг “Аргументы и факты” газетаси тарихда биринчи марта бобомизнинг исмини тўлиқ ёзиб, “Амир Темур: узнать и оценить” сарлавҳали катта мақола эълон қилди. Соҳибқироннинг номини “Темур” эмас (ҳатто ўзимизда ҳам шундай дегувчилар бор!), балки ҳурмат билан тўлиқ “Амир Темур” деб ёздилар. Бу зот ҳақда гапирганда, албатта, “билиб, кейин баҳо бериш керак”лигини таъкидладилар.

Яширишнинг ҳожати йўқ, хорижда чиқадиган турли китобларда, дарслик ва энциклопедияларда, оммавий ахборот воситаларида нотўғри маълумотлар кўплаб чоп этилмоқда. Бундай муносабатга ортиқ йўл қўйиб бўлмаслигини англаб етишимиз керак. Назаримда, Ўзбекистон Фанлар академияси, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ва Темурийлар тарихи давлат музейи махсус шу масалага бағишлаб халқаро анжуман ўтказиши ва Амир Темурга янгича қарашлар замиридан келиб чиқиб, ягона нуқтаи назарни барқарорлаштириш, Соҳибқирон исми барча оммавий ахборот воситаларида Тамерлан, Тамбурлейн, Таймур... эмас, айнан “Амир Темур” шаклида бир хил берилишига, илмий муомалага киритилишига эришиш лозим.

Учинчи куни “Шаҳрисабз” музей қўриқхонаси, темурийлар даври меъморчилиги намуналари – “Дорус-саодат” ва “Дорут-тиловат” мажмуаси, “Оқсарой” маданий мерос ёдгорлигига саёҳат уюштирилди. Сўнгра Самарқанд шаҳридаги Амир Темур мақбарасини зиёрат қилиб, Регистон майдони, Мирзо Улуғбек расадхонасини томоша қилишди.

Анжуманга тақдим этилган мақолалар мазмунидан кўриниб турибдики, Амир Темур ва темурийлар даврини тадқиқ қилиш натижасида эришилган илмий янгиликлар ва натижалар фақат мамлакатимиз эмас, балки жаҳон миқёсида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Ватанимиз тарихидаги Иккинчи Ренессанснинг очилмаган қирралари, ойдинлашмаган саҳифалари кўплиги аён бўлмоқда. Шу маънода айни йўналишдаги тадқиқотларни янада чуқурлаштириш ва кўпайтириш, илмий-амалий анжуманларни эса мунтазам ташкил этиб бориш мақсадга мувофиқдир.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//