46 ёшли диний блогер Аброр Мухтор Алий 18 ёшли хотинини калтаклагани ва таҳқирлагани айтилмоқда

Сақлаш
04:45 / 14.06.2022 9275 0

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръон ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири ўринбосари Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий) хотинини тинимсиз уриши, таҳқирлаши айтилган бир нечта аудиолар тарқалди.

 

Аудиолардан бирида ўзини таниқли диний блогернинг қайнонасиман деб таништирган аёл қизи Мўмина Абдулҳаева ҳали коллежни битирмасиданоқ Аброр Мухтор Алий алдов йўли билан унга уйланиб олиб, кейин сурункали равишда таҳқирлаб, дўппослаб келаётганини иддао қилган.

 

Айтилишича, Аброр Мухтор Алий ёш хотинини фарзанд кўрганидан бир ҳафта ўтгач ҳам шафқатсизларча калтаклаган. Ота-она тинимсиз илтимосларидан сўнг қизини қайтариб олиб кетишга мажбур бўлган. Бироқ Мўмина яқинда йўқолиб қолган. Онасининг фикрича, уни Аброр Мухтор Алий олиб қочган.

 

Аёл ҳозир қизи Мўминанинг ҳаётидан хавотирда эканини бот-бот такрорлаган:

 

«Мен у одамдан қўрқаман, у бизга таҳдид қилади. Наҳотки Ўзбекистон ўша одамнинг қўлида турган бўлса, Ўзбекистонимиз ўшанақанги инсонларга қолдими? Динимиз, исломимиз Аброрнинг қўлидами?» дея йиғлаган.

 

Аёл ҳозир ўзи Мисрда, қизи эса Тошкентдалигини айтган ва куёвига чора кўрилишини сўраб Ўзбекистон Президенти ва Саида Мирзиёевага йиғлаб мурожаат қилган.

 

Шунингдек, тармоқларда Аброр Мухтор Алийнинг қайнонаси ва хотини билан тортишгани акс этган узуқ-юлуқ аудиолар ҳам тарқалди.

 

Ўзини Аброр Мухтор Алийнинг хотини Мўмина Абдулҳаева деб таништирган аёл видеомурожаатида ҳозир оиласи билан бахтли яшаётгани, тарқалган аудиолар эски ёзувлар экани, вазият изга тушганини маълум қилган. Аввалроқ оилада жанжаллар бўлганини тан олган ва уйдан ўз хоҳишига кўра турмуш ўртоғи билан чиқиб кетганини айтган.

 

Бу иддаоларга жавобан блогер Аброр Мухтор Алий «Фейсбук» саҳифасида видеомурожаат йўллади.

 

Унинг билдиришича, тарқалган аудиолар душманларнинг фитнаси, провокацияси бўлиб, унда айтилган гаплар ҳақиқатдан йироқ, исботловчи бирор далил йўқ. Аудиони чиқарган аёлнинг психикасида эса бузилишлар бўлиши мумкин.

 

«Ким аёллар масаласида Аброр Мухтор Алий шунақа иш қилибди дейдиган бўлса, масалани билиши учун ё хотини, ё онаси ва ё синглисини жўнатсин. Ўша аёллар билан юзма-юз масалани ечиб, кўрсатиб бераман. Масала булар талқин қилаётгандек эмас. Ҳаётимиз яхши, алҳамдулиллоҳ, давом этяпти, бизда унақа муаммо йўқ», деган у.

 

Ҳозиргача ушбу ҳолат юзасидан диний идора ҳам, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар ҳам баёнот бергани йўқ.

 

Эслатиб ўтамиз, тўрт йил аввал Аброр Мухтор Алий хотини Саодатхон Аъзамхўжаевани калтаклаб, саккиз ойлик ҳомила билан кўчага ҳайдагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Улар ўртасидаги шаръий никоҳ «Каптива» машинасида ўқилгани айтилган ва бу ҳолат тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//