Талабанинг менга ёққани ёки молиявий ҳолати яхши бўлмаганлиги учун грант ажрата олмаймиз – АКФА ректори

Сақлаш
02:30 / 10.06.2022 935 0

АКФА университетида журналистлар, жамоатчилик вакиллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда университет раҳбарияти давлатдан субсидия олмаслиги, талабаларга грантлар қандай шаклда ажратилиши ҳақида маълумот берди.

 

Университет ректори Бекзод Жалилов даволаш иши йўналиши ҳақида маълумот бериб, ўзи билан бўлган воқеани мисол келтирди. Айтишича, турмуш ўртоғининг ҳомиладорлик даврида айрим шифокорлар унга қўпол муносабатда бўлиб, ҳатто болани «олдириб ташлаш»ни ҳам таклиф этишган. Бироқ яхши парвариш сабаб барчаси ўз изига тушган.

 

Умуман олганда, ректорнинг фикрича, барча бўлажак шифокорларга психология, этика каби фанлар ўтилиши ва улар бемор билан ширин сўзлашишни ўргатиш лозим.

 

«Барча бўлажак шифокорлар бемор билан ширин сўзлашишни ўргатиш керак», дейди у.

 

 

Ректорга кўра, бу амалиёт яхши натижа беради. Шунингдек у талабаларни имкон қадар Ўзбекистонда олиб қолишга уриниши ҳақида таъкидлади.

 

«100 нафар талабанинг 42 нафари учун грант ўринлари ажратганмиз. Грантлар менга ҳам, деканлар, ўқитувчиларга ҳам боғлиқ эмас. Талаба зўр ўқиса, билими кучли бўлса, у оиласининг молиявий ҳолатидан қатъий назар 100 фоиз грантда ўқий олади.

 

Қайсидир талабанинг менга ёққанлиги учун ёки молиявий ҳолати яхши бўлмаганлиги учун унга 100 фоиз грант ажратсам эртага у билимни етарли даражада олишига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шу сабаб бизда 100 фоизли грант 1 семестр учун берилади. Талабалар ҳар семестр 100 фоизли грант учун ҳаракат қилишади», деди у.

 

Ректорга кўра, АКФА университетида грантда ўқиган талабаларга қаердадир мажбурий ишлаш талаби қўйилмаган.

 

Шунингдек, анжуманда Бизнес мактаби декани Баҳодир Аҳмедов грантлар билан боғлиқ масалада қўшимча қилди.

 

 

«Кам таъминланган оила фарзандларини қўллаб-қувватлаш дастурларини тузиш муҳокама қилинган. Бу жуда нозик масала. Чунки қайсидир талабаларга сунъий равишда грант берадиган бўлсак, ўқув жараёнларида сифатнинг бузилишига олиб келади. Агар биз чиндан ҳам кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватламоқчи бўлсак, бу ишни грантлар сонини ошириш орқали амалга оширамиз. Бу масала муҳокама қилинмоқда. Жараённи ўқув сифатини бузмаган ҳолда амалга оширамиз», деди Аҳмедов.

 

Маълумот учун, университет 2019 йил 15 февралда Вазирлар Маҳкамасининг «АКФА университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори асосида ташкил этилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//