Мўйноқ туманидаги қишлоқ мактабига тоза ичимлик суви келди

Сақлаш
00:29 / 09.06.2022 643 0

Мамлакатимизнинг Австриядаги элчихонаси Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази, Қорақалпоқ давлат университети, Будапешт Корвинус университети ва Швейцариянинг «LATMA-ADED» нодавлат нотижорат ташкилоти билан биргаликда Оролбўйи ҳудудида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳасини амалга оширди. Бу ҳақида «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

 

Жорий йилнинг 15 май куни чет эллик муҳандислар Оролбўйи халқаро инновация маркази вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда Мўйноқ туманининг Тик ўзак овулида жойлашган 7-мактаб ва унинг атрофида яшовчи маҳаллий аҳоли учун сув тозалаш ускуналарини ўрнатиш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Шундан сўнг ускуналар ушбу аҳоли пунктига ўрнатилиб, синовдан ўтказила бошланди. 20 май куни барча монтаж ишлари якунланиб, қурилма расман ишга туширилди.

 

Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида маҳаллий мактабнинг 300 нафардан ортиқ ўқувчи ва ходимлари, шунингдек, Тик ўзак овулидаги 229 хонадон (1 минг 375 нафар аҳоли) тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Лойиҳа таълим компонентига ҳам эга эканини таъкидлаш жоиз. Бунинг баробарида Қорақалпоқ давлат университети талабалари насос ва сув тозалаш ускуналарини ўрнатиш, ишлатиш ва техник хизмат кўрсатишни ўрганмоқда.

 

Элчихона маълумотига кўра, ҳозир Будапешт Корвинус университети ва Швейцариянинг «LATMA-ADED» нодавлат нотижорат ташкилоти ходимлари Тахиатош туманидаги 8- ва 15-сонли умумтаълим мактаблари учун ҳам шу каби сув тозалаш иншоотларини ўрнатиш масаласини ўрганмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//