Андижонда қарздор сув таъминоти ходимини нега калтаклагани маълум қилинди

Сақлаш
19:34 / 06.06.2022 809 0

Андижон вилояти Избоскан туманида 23 май куни сув таъминоти идораси ходими қарздор истеъмолчилар томонидан калтакланган. Бу ҳақида «Андижон сув таъминоти» ахборот хизмати хабар берди.

 

Қайд этилишича, жамиятинг Избоскан тумани филиали ходими А.С. Янги авлод маҳалласининг Оқшом кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Қ. А.га ҳам фойдаланилган тоза ичимлик сувидан 625 минг сўм миқдорида қарздор эканини огоҳлантирувчи талабнома етказиб берган. Бунга жавобан фуқаро жамиятнинг ваколатли ходимини калтаклаган.  «Бизга мана шунча қарздорликни сен чиқаргансан, деб мени темир калит билан солиб ўтирибдида. Онаси супурги билан, ўғли машина ключи билан уриб, менга тан жароҳати етказди. Орада бурним синиб, 3-4 кун болницада ётиб чиқдим», деган ходим.

 

Аммо ҳолат юзасидан суриштирув олиб борилгач, туман ҳокимлиги матбуот хизмати сувчининг қарзни ундиришга маст ҳолда борганини маълум қилди.

 

Таъкидланишича, 2022 йил 12 апрель куни жабрланувчи А.С.га нисбатан қўшниси Избоскан тумани Тошлоқ МФЙ Адолат-1 кўчасида яшовчи М.Н.Б (аёл киши)ни ҳақорат қилгани юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида (Ҳақорат қилиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик бўйича ҳужжатлар расмийлаштириб, белгиланган муддатда суд муҳокамасига тақдим этилган, ҳолат юзасидан 17 май куни Андижон туман Суди томонидан А.С.га нисбатан БХМнинг ярим баробари 135 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

 

Шундан сўнг А.С. 23 май куни яна ушбу қўшниси Н.М. хонадонига соат тахминан 19:30 да бориб (А.С. ҳолат юзасидан берган кўрсатмасида Н.М.нинг хонадонига маст ҳолатда борганини баён этган), истеъмолчи томонидан фойдаланган тоза ичимлик сувидан 625 минг сўмлик қарздорлиги бўйича талабномани бериб, унинг аёллик шахсиятини камситган. Улар жанжаллашиб турган вақтда уларни ажратиш учун келган Н.М.нинг ўғли М.М. онасига нисбатан А.С. томонидан қилинган муомаласига чидолмасдан, унинг юз қисмига мушти билан бир маротаба уриб тан жарохати етказган. Ҳолат ушбу куни Избоскан тумани ИИБнинг Шакл-1 китобидан 1011-рақами билан рўйхатдан ўтказилган.

 

«Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳамда суд тиббий экспертизасининг хулосасига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси (Енгил тан жароҳати етказиш) билан суд муҳокамасига тақдим қилиш чораси кўрилмоқда. Тез орада муҳокаманинг якуний натижасини ҳам эълон қиламиз», дейилади хабарда.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//