Фарғонада 40 нафар ҳоким ёрдамчиси ишдан бўшатилди

Сақлаш
21:57 / 03.06.2022 810 0

Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, апрель ойида ҳоким ёрдамчилари 3 ойлик фаолиятининг дастлабки натижалари таҳлил қилинганда, ҳудудида янги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган, кичик саноат ва сервис лойиҳаларини ишга туширган, оилавий тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашган 400 га яқин ҳоким ёрдамчилари билан бирга, ишида натижа кўринмаган, маҳалласида ишсизлик кўрсаткичи юқори бўлган 200 дан зиёд ҳоким ёрдамчилари ҳам борлиги маълум бўлган.

 

Шунга кўра, Фарғона вилоятида фаолияти қониқарсиз деб топилган 38 нафар ҳоким ёрдамчиси ўз аризасига кўра, яна икки нафари эса суд қарори асосида ишдан бўшатилган.

 

Қайд этилишича, фаолияти «қониқарсиз» деб топилган жами 205 нафар ҳоким ёрдамчиларининг билим ва кўникмаларини ошириш учун 28−29 апрель кунлари икки кунлик малака ошириш семинари ташкил этилган.  Ушбу ҳоким ёрдамчиларининг катта қисми семинарда берилган зарур тавсия ва йўриқномаларни яхши ўзлаштириб, иш фаолиятларини янгидан ташкил қилган бўлишсада, лекин ўнлаб маҳаллаларда ижобий ўзгариш қайд этилмаган.

 

Шунингдек, вилоятнинг энг яхши натижа кўрсатган Бағдод тумани «Чекхитой» МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси Нурматжон Ғозиев президент томонидан ажратилган совға MacBook Pro ноутбуки билан тақдирланган.

 

“Ижобий натижага эришган яна 342 нафар ҳоким ёрдамчисига эса Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ташаккурномалари тақдим этилди”, дейилади хабарда.

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//