Бош вазир ўринбосари ўтказган йиғилишда икки нафар ҳоким ўринбосари ишдан олиниб, 19 нафарига ҳайфсан берилди

Сақлаш
21:40 / 03.06.2022 751 0

Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков бошчилигида ўтказилган Ўзбекистоннинг инвестициявий ва ташқи савдо фаолиятининг жорий кўрсаткичлари ҳамда уларни ошириш бўйича чора-тадбирларни муҳокама қилишга бағишланган йиғилишда бир қатор масъулларга чора кўрилган. Бу ҳақида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

 

Маълум қилинишича, йиғилишда экспортчи ва инвесторларни қўллаб-қувватлашда йўл қўйилган қолоқлик ва камчиликлар учун масъулларга интизомий чоралар кўрилган.

 

Хусусан, Бўзатов тумани ва Зарафшон шаҳри ҳокимларининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосарлари ўз лавозимларидан озод этилган. Инвестиция лойиҳалари ташаббускорларини ўз вақтида қўллаб-қувватламагани натижасида 32 та инвестиция лойиҳаси муддатида ишга туширилмаганлиги ҳамда 395 та янги иш ўринлари кечиктириб яратилганлиги учун 19 нафар ҳоким ўринбосарига ҳайфсан эълон қилинган.

 

Шунингдек, Шуманай, Чортоқ ва Конимеҳ туманлари ҳокимларининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосарларига ишда йўл қўйилган камчиликларни тузатиш учун 3 ойлик синов муддати белгиланган.

 

Йиғилишда масъул раҳбарлар экспортёр ва инвесторларни ўз вақтида қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишларининг самарадорлиги учун шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//