Ўзбекистонда шакар нархи бўйича расмий изоҳ берилди

Сақлаш
21:40 / 02.06.2022 914 0

Ижтимоий тармоқларда республика бозорларида шакар нархининг ошиши юзасидан кўплаб хабарлар тарқалмоқда. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги мазкур хабарларга муносабат билдириб, ташқи ва ички бозорларда шакар нархининг ўзгариш динамикаси ва унга таъсир қилувчи омиллар ҳақида тўхталган.

 

Қайд этилишича, Давлат статистика қўмитаси бугунги кунда ички бозорда 1 кг шакарнинг ўртача нархи 9 500 – 13 000 сўм доирасида шаклланаётгани, шунингдек, айрим савдо нуқталарида шакар нархининг 14 000 сўмгача кўтарилгани ҳақида маълумот берган.

 

Шу билан бирга, қўшни ва бошқа МДҲ мамлакатларида шакар нархи 52 фоизга (сўм эквивалентида қўшни мамлакатларда 14 000 сўмдан 21 000 сўмгача) ўсиши билан бир қаторда, ушбу маҳсулот тақчиллиги билан боғлиқ муаммо ва хатарлар юзага келаётганлиги кузатилаётгани қайд этилди.

 

“Қўшни ва бошқа МДҲ мамлакатларида нархларнинг ошиши, ўз навбатида, Ўзбекистон ички бозорида аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида ҳам шакар нархи бўйича инфляцион кутилмаларнинг кучайишига маълум маънода таъсир кўрсатувчи омиллардан бўлди.

 

Бозор иқтисодиёти шароитида ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётининг минтақа ва бошқа давлатлар иқтисодиётлари билан ташқи савдо борасида ҳамкорликнинг кенгайиб ва эркинлашиб бориши ҳолатида мамлакат ичидаги нархларни қўшни давлатлардагига нисбатан кескин фарқ қилувчи даражада сақлаб туришнинг деярли имкони бўлмайди”, – дейилади муносабатда.

 

Хусусан, жорий йилда Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқариш ҳажми январ-май ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 минг тонна ёки 16 фоизга кўпроқни (224 минг тоннадан 259 минг тоннагача ошган), яъни таклиф ҳажми ошганлигига қарамай (биржа орқали сотилган ҳажм 177 минг тоннадан 186 минг тоннагача кўпайган) шакар нархи, асосан, ташқи омиллар таъсирида ўсиши кузатилган.

 

Вазирлик изоҳида айтилишича, республикада шакар танқислиги мавжуд эмас ва ички бозорни йил якунига қадар шакар билан тўйинтириш бўйича барча захиралар яратилган.

 

Жумладан, шакарга бўлган талабнинг мавсумий ошиши шароитида (мева-сабзавотларни консервация қилиш мавсуми) нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида биржа савдоларига чиқариладиган шакар ҳажми жорий йил июнь ойидан бошлаб 50 фоизгача оширилади. Биржадаги савдоларга қўйилаётган шакар ҳажми амалдаги 2 000 тоннадан 3 000 тоннагача оширилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//