Ўзбекистон 2050 йилга бориб сув танқислиги бўйича қизил ҳудудлар қаторига киради

Сақлаш
21:40 / 01.06.2022 767 0

31 май куни АОКАда давлат раҳбарининг “Аҳолининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

 

“Ўзсувтаъминот” АЖ раиси ўринбосари Хуршид Раҳматуллаев сув сифати ва тармоқлар ҳолати бўйича маълумотлар бераркан:

 

“Афсуски сув узатиш тармоқларимизнинг 60 фоизи эскириб кетган. Шундай қувурларимиз борки, улардан 40-50 йилдан бери фойдаланиляпти ва уларга тегиш мумкин эмас, парчаланиб кетади. Лекин сув ўтиб турибди. Биз уларга қанчалик тоза ва сифатли сув узатсак ҳам қувур салбий таъсирини ўтказади. Биз инвестициявий дастурлар бўйича, давлатимиз бераётган ёрдам ва ўз маблағларимиз билан йилма-йил тармоқларни янгилаш дастурига эгамиз.

 

Сув сарфини назорат қилиш, исрофни камайтириш бўйича ҳам муаммоларимиз бор. Чунки Ўзбекистон сув танқис мамлакатлардан бири ҳисобланади. Жаҳон банки маълумотларига кўра Ўзбекистон ҳозир сариқ ҳудудда. Лекин биз яқин йилларда қизил ҳудудга тушиб қолишимиз, сув танқислиги 2 млрд куб/метрдан ошиб кетиши мумкин. Ҳисоб-китоблар 2050 йилларга бориб бу юз беришини кўрсатяпти. Биз буни кутиб ўтирмай, тежамкорликни ҳозирдан йўлга қўйишимиз керак. Бу масалада ОАВнинг ўрни катта, чунки аҳолига исрофнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб бориш зарур”, – деди. 

 

Шунингдек, тадбирда 1345 та маҳаллада сув таъминоти оғир аҳволда эканлиги маълум қилинди. Булардаги вазиятни ўнглаш учун бюджетдан бу йил 2 трлн сўм маблағ ажратилган ва 741 та маҳаллада ишлар олиб бориляпти. Республика бўйича энг оғир ҳудуд Қашқадарё – 43 фоиз, кейинги ўринларда Сурхондарё ва Жиззах вилоятлари туради, 60 фоиз атрофида таъминланган.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//