Ватаннинг суюкли қизи эди

Сақлаш
23:24 / 30.05.2022 839 1

Ўзбекистонимиз, халқимиз бошига оғир жудолик тушди – ҳаётининг мазмун-моҳияти, мақсади Ватан, элу юрт ободлиги, фаровонлиги, осойишталиги, файзу баракоти йўлида фидокорона меҳнатдан иборат бўлган, айни шу юксак фазилатлари туфайли жонажон диёрнинг, одамларнинг суюкли қизига айланган ажойиб инсон, Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротова боқий дунёга кетди.

 

Лола Муротова қишлоқ хўжалиги соҳасида ярим асрдан ортиқ меҳнат қилиб, пахта ва ғалла етиштириш миришкори сифатида республикага танилди. Оддий ишчи, механик, табелчи, бригадир, бўлим бошлиғи, хўжалик раиси – бу вазифаларни бажариш асносида ҳамкасблари қалбига қулоқ тутди, уларнинг қувончу ташвишлари билан яшади. Бир сўз билан айтганда, одамийлик фанига амал қилишда ҳам доим илғор ва ибрат бўлди. Марказий Фарғона чўлининг қум кўчиб юрадиган, сувсиз, шўрлаган қоқ маркази Лола Муротова ва оловқалб аъзоларининг эзгу ниятлар, Аллоҳ мурувватига ишонч-эътиқод билан қилган жасоратли меҳнатлари ортидан жисми исмига муносиб – «Нурли обод»га айланди. Бу гап айтишга осон: кечаси билан бўронлар барханларни суриб тўсиб қўйган йўллардан зўрға ўтиб борганда, кеча шоналаб гуллай бошлаган, гуркираб турган ғўзалар ўрнида қуп-қуруқ сўппайган чўпларни кўриш... изтиробу аламларни ичга ютиб, ерга яна чигит қадаш, бой берилган имкониятларни қоплаш учун икки-уч карра кўп меҳнат қилиш... – бунақа ҳолат неча бора такрорлангани ҳеч кимнинг ёдида йўқ.

 

У фаолияти давомида меҳнатларидан топилган даромадни биринчи навбатда аъзоларининг турмуш фаровонлигини ошириш ва яшаш шароитларини яхшилашга сарфлади. Ўзининг бирор марта бўлсин, ойнага қараб юзига оро берганини, ипак либос кийганини ҳеч ким кўрмаган. Ҳамиша эгнида пахта матодан тикилган одми гулли чит кўйлак, бошида кўнглидек оппоқ чит рўмол бўларди. Элу юртни тўйдирадиган, меҳнаткашни сийлайдиган она ерга муҳаббати ҳаётининг, қалбининг безаги эди. «Ер сохталикни, кўзбўямачиликни, алдовни ёқтирмайди; меҳнаткаш, фидойи деҳқонни, албатта, сийлайди» – у мана шу эътиқодига садоқат билан яшаб, ҳақиқий Ўзбекистон Қаҳрамони бўлди.

 

Лола Муротованинг ҳаёт йўли янги авлодларга ибрат бўлиб қолади, иншааллоҳ, нурли хотираси қалбларда яшайди.

 

Бу азиз инсонни Аллоҳ раҳмат нурига ғарқ этишини сўраймиз.

 

Республика маънавият ва маърифат маркази

1 Изоҳ

Кодирова Угилхон Сотиболдиевна

12:01 / 01.01.1970

Лола опа ажойиб инсон эдилар,аллох рахматига олсин,якинларига сабир берсин.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//