Пиёда юрганларга пул тўлаш тизими ими-жимида бекор қилиб юборилгани маълум бўлди

Сақлаш
00:50 / 27.05.2022 994 0

Куни кеча Шавкат Мирзиёев раислигида спорт соҳасига бағишланган видеоселектор бўлиб ўтган эди. Унда аҳоли ўртасида спортни тарғиб қилиш, кенг жамоатчиликни спорт билан шуғулланиш кўрсаткичини ошириш бўйича ҳам масъулларга тегишли топшириқлар берилди, дея хабар бермоқда ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек Худойбердиев.



«Шу ҳақида каналимда пост чиқарганимдан кейин, кўпчиликдан тўхтаб қолган 1hls лойиҳаси қачон ишга тушиши ҳақида саволлар келиб тушди. Саволларга жавоб тайёрлаётган пайтим кутилмаганда бир сюрпризга кўзим тушди.



Тадаааам: пиёда юрган фуқароларни моддий рағбатлантиришга оид Президент фармони банди 1 ярим ой олдин, аниқроғи 2022 йил 6 апрелдаги ПФ-98-сонли Президент фармони билан бекор қилиб юборилган экан!



Ана сюпризу, мана сюрприиииз. Ана кир ювадиғон мошинаю, мана тилбизооор.



Юз минглаб фуқароларга тааллуқли лойиҳа бекор қилинар экану, лекин 1 ярим ойдан буён бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги лом-мим деб изоҳ бермас экан, қойил, мана очиқлигу, ана очиқлик. Ёки изоҳ берилдию, мен кўрмай қолдимми? Унда олдиндан узр.



Ўзи жорий йил бошида, аниқроғи 15 январь куни ПФ-6099-сонли Президент фармонига ўзгариш киритилиб, ҳар куни 10 минг қадам пиёда юрганларга 3 минг сўм бериш тизими тўхтатилганди. Ўша пайтда янги тизим жорий қилиниб, ҳар ҳафта 100 млн сўм ва мингта велосипед берилиши ваъда қилинганди.



Орадан 3 ой ўтар ўтмас, Президент фармонига яна бир марта ўзгариш киритилиб, энди пиёда юрганларни рағбатлантириш тизими бутунлай чиқариб ташланди.



Фақат мени бир нарсага сира ақлим етмаяпти. Бу тизимни бекор қилишнинг жўяли ва асосланган конкрет сабаби нима? Бунақа таклифни ишлаб чиққан ва юқори раҳбариятни ишонтира олган Спортни ривожлантириш вазирлигининг мақсади нима бўлган ўзи?



Шахсан менда 2 та вариант бор:



Биринчиси, бюджетда пул етмай қолган. Аммо бу ишончсиз вариант. Спортга триллионлаб пул сарфланаётган бир пайтда пиёда юрадиган аҳолига бериш учун йилига тахминан 100 млрд сўм пул топилмаслиги уят.



Иккинчиси, янги ташкил этилган Спортни ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти бунақа тизим учун бошини қотириб, ўзини қийнагиси келмаган ва тинчгина уни бутунлай бекор қилиб қўя қолишни афзал билган. Бу вариант биринчисидан ҳам уятлироқ.



Чунки пиёда юрганларга пул бериш ташаббуси шахсан Шавкат Мирзиёевга тегишли эди. Президент бир неча бор йиғилишларда ушбу тизим бошқа давлатларда йўқлиги, тизим ўзини оқлаётгани, аҳолини шу орқали пиёда юришга ўргатиб, саломатлик билан боғлиқ кўплаб муаммоларга ечим топиш мумкинлигини таъкидлаганди.



Кимларнидир ишлагиси келмагани учун, ёки аҳолига беришга йилига қанчадир маблағ топилмагани учун Президент ташаббуси ўз-ўзидан, жамоатчиликка ҳеч бир изоҳ ва тушунтириш бермасдан бекор қилиб юборилаверадими?



Шаҳар шунчалик бедарвозами», дея танқил қилган блогер.



Хушнудбек ушбу мавзуни давом эттиради. Унга кўра, Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг Телеграм каналида 2021 йил 9 ноябрдаги видеоселекторда Шавкат Мирзиёев юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда энг муҳим омил соғлом турмуш тарзига амал қилиш эканига алоҳида эътибор қаратгани, «Соғлом турмуш тарзи» платформасида фойдаланувчилар сони 600 минг нафарга етгани, Молия вазирлигига келгуси йилда бу борадаги тарғибот ишларини кучайтириш ва платформадан фойдаланувчилар кўламини янада кенгайтиришга қўшимча 60 миллиард сўм ажратишга кўрсатма берилгани маълум қилинган.



«Лекин амалда нима бўлди:


2022 йил 15 январда пиёда юрган аҳолига пул бериш тўхтатилди, бунга сабаб янгича рағбатлантириш тизимига ўтиш эканлиги айтилди.


2022 йил 6 апрель куни ушбу тизим бутунлай бекор қилинди.


Ия, юртимизда юрак-қон томир касаллиги устидан мутлақ ғалаба қозонилдими шунда? Бўлдими, энди одамлар пиёда юрмаса ҳам бўладими, уларга касаллик яқинлашмайдими?


Хуллас, нима бўлди? Кимдир мундоқ бир ётиғи билан тушунтирадими», дейди у.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//