«Ёшлар овози» танловининг республика босқичи старт олди (фото)

Сақлаш
15:46 / 11.05.2022 912 0

Куни кеча, 10 май куни «Ёшлар овози» республика танловининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

 

«Ёшлар овози» республика танлови 2021 йилда илк маротаба ўтказилган бўлиб, ўз атрофида 10 мингга яқин ёшларни бирлаштирган. Иштирокчилардан 87 нафари республика босқичида йўлланмани қўлга киритган эди. Республика босқичида улардан 21 нафарига фахрли ўринлар эгаллаш насиб қилган.

 

 

Ёшлар ишлари агентлиги бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда «Беш босқичли беш ташаббус» олимпиадаси доирасида «Бўзатов иқтидорларни кашф этади!» шиори остида ўтказилаётган «Ёшлар овози» республика танловига бу йил 238 минг нафардан ортиқ ёшлар рўйхатдан ўтди.

 

 

Маҳаллаларда ёшлар билан ишлашнинг яхлит вертикал «маҳалла – туман – вилоят – республика» бошқарув тизимига асосан танлов Низомига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, беш босқичдан иборат этиб белгиланди:

 

биринчи босқич – саралаш босқичи (иштирокчилар рўйхатдан ўтган барча маҳаллаларда)

иккинчи босқич – сектор босқичи (саралаш босқичида ғолиб бўлган иштирокчилар ўртасида)

учинчи босқич – маҳаллий босқич (барча туман (шаҳар)ларда)

тўртинчи босқич – ҳудудий босқич (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида)

бешинчи босқич – республика босқичи (Қорақалпоғистон Республикасида).

 

 

Танловда бахшичилик, анъанавий ижро, опера ҳамда эстрада каби 4 та йўналишда 3 та ёш (10-15 ёш, 16-22 ёш, 23-30 ёш) тоифасида ёшлар иштирок этмоқда.

 

Ҳудудий босқичгача жами 1725 нафар ёшлар етиб келди. Ушбу босқич иштирокчиларнинг овоз имкониятларини холис баҳолаш мақсадида Тошкент шаҳридан ҳакамлар ҳайъати юборилди. Ҳар бир иштирокчиларнинг чиқишлари тўлиқ тасвирга олинди. Тасвирлар танловнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий каналларига жойлаштирилади.

 

 

Ҳудудий босқич якунларидан сўнг ғолиб ва фаол қатнашчилар иштирокида гала-концертлар уюштирилди. Мақсад эса янги овозларни кашф этиш, уларни катта саҳналарда ўз санъатини намойиш этишлари учун имконият яратишдир. Гала-концертлар телевизион форматда суратга олиниб, марказий ва маҳаллий телеканаллар учун махсус кўрсатувлар тайёрланди ҳамда намойиш этилди. Бундан ташқари, ҳар бир босқичдан 10 дақиқали кўрсатувлар тайёрланиб, жараёнлар ёритиб борилди.

 

Танловнинг республика босқичи 10-15 май кунлари Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтади. Унда ҳудудий босқичда ғолибликни қўлга киритган 152 нафар иштирокчи қатнашади.

 

 

Республика босқичи тўлиқ телевизион форматда тасвирга олинади. Жонли муҳит яратиш мақсадида созандалар гуруҳи, концертмейстер томонидан ҳар бир иштирокчининг ижро этадиган асарига мос куй шу жойнинг ўзида ижро этилади. Ғолибларнинг номлари эса Бўзатов туманида бўлиб ўтадиган якуний гала-концертда эълон қилинади.

 

 

Республика босқичида 1-ўрин – 50 миллион сўмдан (тўрт йўналишда, жами 12 та), 2-ўрин – 30 миллион сўмдан (тўрт йўналишда, жами 12 та), 3-ўрин – 20 миллион сўмдан (тўрт йўналишда, жами 12 та), шунингдек, қолган барча иштирокчилар – 10 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//