Маданият
“Ўлимларни қолдириб доғда” уруш даврининг энг қаҳрамонона, энг жанговар шиори бўлган, десак, муболаға эмас. У дунёдаги энг буюк ҳикматли сўзга, энг буюк шиорга айланганини тарих тасдиқлади. Шу ҳикматнинг ижодкори Ҳамид Олимжон десак, айни ҳақиқат. Шеър якуни ниҳоятда кучли. Жангчи ўз ёрига омон қолганимнинг сири – сен мени садоқат билан кутганингдир, деяпти. Урушда ўлим билан олишган мен эмас, фронт орқасида, уйда мени сабр ва ишонч билан кутган ёрим, сен қаҳрамонсан, деяпти шоир.” Ғайрат Мажиднинг “Янги оламларга йўл” мақоласида оташин шоир Ҳамид Олимжоннинг нафис шеърлари, ўзбек халқининг минг йиллик достон ва термаларидан маънавий руҳ олган достонлари, илмий тадқиқотлари, таржималари ҳақида сўз боради. Мақоланинг тўлиқ матнини “Жаҳон адабиёти” журналининг 2026 йил 3-сонида ўқинг.
“Аҳмаджон ака – фақат кулги билан вазиятни юмшатиб юрадиган устамон кимсагина эмас, балки чин маънодаги серқирра ижодкор. У – моҳир ташкилотчи, ёзма матбуот нашрларига эътибор сусайган бугунги кунда “Жаҳон адабиёти” аталмиш ойнома кемасининг чўкиб кетмай, узоқ манзилларни кўзлаб сузишига имкон яратган бош муҳаррир. Журналистикадай учи-қуйруғи йўқ соҳани миридан-сиригача эгаллаган ва бу ҳақда нечалаб китоблар ёзган устоз. Талабаларга журналистиканинг сиру асрори ҳақида энг янги талаблар асосида сабоқ ўтаётган суюмли доцент. Ёзувчилар уюшмаси қошидаги публицистика кенгаши раиси. Турли ёшдаги устозлари, касбдошлари, шогирдлари тўғрисида кўнгилларга титроқ соладиган ёдномалар битадиган хотиранавис. Булар ҳам камлик қилгандай, бир қатор ҳикоялар битган ёзувчи, кўпгина ижодкорларнинг асарларига ўз муносабатини “Юз таҳлил” китоби орқали билдирган адабий танқидчи ҳамдир.” Ушбу парча адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошевнинг “Жозибали одам” мақоласидан олинган. Унда устоз журналист, таниқли муҳаррир, публицист ва адиб Аҳмаджон Мелибоевнинг ҳаёт ва ижод йўли таҳлил қилинади.
“Aнтипин жавоб бермади. Старшина биринчи, иккинчи, учинчи мензуркани бўшатди, грелкадан яна сиқиб чиқармоқчи эди, лекин бирор томчи ҳам йўқ эди. У қўлидаги мензуркани шундай қисдики, идиш қисирлаб кетди. Старшинанинг бармоқларидан чиққан қон тўшакка сачради. Старшина буни сезмай ғамгин сўкинар ва сўрарди: қаердан, қандай қилиб яна самогон топса бўлади? Лекин буни ҳеч ким билмас, ўзи қимирлай олмасди, энагалар орқали ичимлик топишга улгурадиган старшинадан бўлак бировнинг қўлидан бу иш келмас, истеъдоди етишмасди.” Журналнинг наср бўлимида рус адиби Виктор Астафьевнинг “Мунаввар юлдузлар” қиссасини ўқийсиз. Уруш фожиалари, у шикастлаган қалбнинг жароҳатларига малҳам топиш мушкул. Рус тилидан Жўра Фозил таржима қилган мазкур қисса қаҳрамонлари ҳам шундай дардларга даво истаётган аскарлардир. Асар сўнмас умид ва орзулар, тирикликнинг гашти ҳақида.
Журналнинг кейинги саҳифаларидан “Навоий ғазалиётида сабо образи” (Мунисжон Ҳакимов), “Болдер – символизм асосчиси” (французчадан Абдувоҳид Ҳайит таржимаси), “Ялангтўш сатрлар соғинчи” (Аҳмаджон Мелибоев), “Луис Бунюэл сюрреализми” (Беҳзод Қодиров) мақолалари ҳамда “Маъсумият даври” (Эдит Уортон. Инглизчадан Гўзал Рўзиева таржимаси), “Тонг ёғдуси” (Сара Жио. Русчадан Маъмура Зоҳидова таржимаси) романлари ўрин олган.
“Тасаввуфда “катта олам” (“олами кубро”) ва “кичик олам” (“олами суғро”) деган тушунчалар бор. “Кичик олам” (“олами суғро”) – бу дунё; “катта олам” – руҳоний, илоҳий олам, шу билан бирга, комил инсоннинг қалби. “Бодлер – символизм асосчиси” мақоласидан олинган ушбу парчани журналнинг мазкур сонига хулоса ўрнида келтирдик. “Жаҳон адабиёти” билан “олами кубро” ва “олами суғро” сарҳадларингизни кенгайтириб боринг.
Илм-фан
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
77904
Жамият
56812
Жамият
56038
Жамият
51093
Жамият
//
Изоҳ йўқ