“Олтин қалам” XVI Миллий мукофотининг тақдирлаш маросими 4 май куни ўтказилиши маълум қилинди

Сақлаш
15:51 / 29.04.2022 1043 0

Айни пайтда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан миллий матбуот марказида “Олтин қалам” XVI Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг ўтказилишига доир масалаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилмоқда. Бу ҳақида Oyina.uz мухбири матбуот анжуманидан хабар бермоқда.

 


Айтилишича, жорий йилда ўтказилаётган “Олтин қалам” XVI танловига 435 нафар иштирокчи 5 000 га яқин ижодий ишларини топширган, жумладан, телевидение йўналиши бўйича – 126, босма нашрлар йўналиши бўйича – 138, интернет-журналистика йўналиши бўйича – 45, “ОАВ билан энг фаол ҳамкор ахборот хизмати” номинасияси бўйича – 16 та, танловнинг асосий йўналишидаги “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” бўйича ҳам ўтган йилгига нисбатан ижодий ишлар кўп тақдим этилган.
 

Маълум қилинишича, ғолиблар учун қуйидаги мукофотлар таъсис этилган:

 

Журналистика соҳасида Бош миллий мукофот. Ғолиб махсус диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуеткаси ва базавий ҳисоблашнинг 200 баробари миқдорида (яъни 54 000 000 сўм) пул мукофоти билан тақдирланади.
 

Асосий мукофотлар:

 

– Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (телевидение – 1-, 2-, 3-ўринлар);
– Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (радио – 1-, 2-, 3-ўринлар);
– Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (босма ОАВ – 1-, 2-, 3-ўринлар);
– Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (интернет-журналистика – 1-, 2-, 3-ўринлар).
– Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун – 1 та биринчи ўрин, 4 та иккинчи ўрин (босма ОАВ, ТВ, радио, интернет).

 

Биринчи ўринни олган ғолиблар диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуеткаси ва базавий ҳисоблашнинг 160 баробари миқдорида (яъни 43 200 000 сўм) пул мукофоти билан тақдирланадилар.

 

Иккинчи ўринни олган ғолиблар диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуеткаси ва базавий ҳисоблашнинг 140 баробари миқдорида (яъни 37 800 000 сўм) пул мукофоти билан тақдирланадилар.

 

Учинчи ўринни олган ғолиблар диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуеткаси ва базавий ҳисоблашнинг 120 баробари миқдорида (яъни 32 400 000 сўм) пул мукофоти билан тақдирланадилар.

 

Шу билан бирга, “Инсон қадрини улуғлашга бағишланган энг яхши материаллари учун”; “Маҳалла, оила ва гендер тенглик мавзуси энг яхши ёритилган материаллари учун”; “Ўзбекистон тарихи ёритилган энг яхши материал учун”; “ОАВ билан энг фаол ҳамкор ахборот хизмати”; “Энг яхши фоторепортаж” рағбатлантирувчи номинасиялари  бўйича ҳам мукофотлар топширилади.

 

Шунингдек, мазкур номинасиялар ғолиблари диплом, “Олтин қалам” статуеткаси ва базавий ҳисоблашнинг 50 баробари миқдорида (яъни 13 500 000 сўм) пул мукофоти билан тақдирланадилар.

 

Танлов ғолиб ва совриндорларига мукофотлар шу йил 4 май куни “Туркистон” санъат саройида (соат 16.00 да) тантанали тақдирлаш маросимида топширилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//