Андижон шаҳар ҳокими шифохонага маст ҳолатда келиб, унга навбатсиз қарамаган шифокорларни бўшатмоқчи бўлаётгани айтилди

Сақлаш
21:10 / 28.04.2022 1017 0

Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров 26 апрель куни кеч соат 23:00 дан кейин маст аҳволда оёқ тирноғининг ички томонга ўсиб кетиши ва йиринглаши натижасида шаҳар шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига келгани ва уни навбатсиз қабул қилишмагани учун навбатчи бўлган тўлиқ персонални ишдан бўшаттирмоқчи бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

 

Унга кўра, бўлимдаги шифокорлар РШТЁИМ Андижон вилоят раҳбари номига «биз беморга яхши қарай олмадик, кечирим сўраймиз» қабилада билдирги тушунтириш хати ёзишган. Ҳолат юзасидан шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати изоҳ берди.

 

Қайд этилишча, ҳақиқатдан ҳам, 26 апрель 23:00 да эмас, 27 апрель куни соат 1:00 лар чамасида Андижон шаҳар ҳокими соғлиғида бўлган муаммо сабаб Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали травматология қабулхонасига борган. Шаҳар ҳокими шифокор кўригида бўлиб, тегишли муолажаларни олиб ўз уйига қайтган.

 

Шунингдек, шифохонага борган пайтда шаҳар ҳокими ҳеч қандай спиртли ичимлик таъсирида ҳам бўлмаган, шифокорларни ишдан бўшатиш бўйича эса ҳеч қандай талаб ҳам топшириқ ҳам бермаган.

 

Бундан ташқари, на шаҳар ҳокими томонидан на филиал раҳбарияти томонидан 27 апрель куни тунги навбатчиликда бўлган шифокорлардан ҳеч қандай тушунтириш хати олинмаган.

 

«Ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатганлик учун жавобгарлик мавжуд эканлигини эслатиб ўтамиз», дейилади хабарда.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//