Маданият
Марғилон шаҳрида «Бурҳониддин Марғиноний» илмий-маърифий ва туризм мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда иштирок этган давлат раҳбари Фарғона аҳлини ушбу тарихий воқеа билан самимий табриклаб, мажмуа нафақат Марғилон, балки бутун Фарғона водийси маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
«Меҳнаткаш, оқкўнгил ва олийжаноб Фарғона аҳлига бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиром ифодаси сифатида бу заминда катта-катта ишларни амалга оширяпмиз.
Шу мақсадда, аввало, вилоятни 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ҳаётга изчил татбиқ этиляпти. Жумладан, қадимий Қўқон шаҳрини ҳар томонлама обод қилиб, бу ерда аэропортни қайта тикладик. Марғилон, бошқа шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва маҳаллалар қиёфаси ҳам тубдан ўзгариб, уларга Янги Ўзбекистон нафаси кириб бормоқда. Замонавий ишлаб чиқариш мажмуалари, таълим, тиббиёт ва маданият масканлари, IТ-парклар, «Янги Ўзбекистон» турар жой массивлари барпо этилмоқда.
Буларнинг барчаси аҳоли учун қулай меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш, ҳар бир юртдошимизга меҳр ва эътибор кўрсатиш, инсон қадрини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир», деди Президент нутқи давомида.
Шавкат Мирзиёев Фарғона вилояти сўнгги йилларда нафақат мамлакатимиз, балки халқаро миқёсдаги йирик тадбирларга ҳам мезбонлик қилаётганини таъкидлади.
.jpg)
Маълумот учун, Қўқонда халқаро ҳунармандчилик фестивали, Риштонда кулолчилик анжумани ўтказилиши яхши анъанага айланган. Марказий Осиё мамлакатларининг ҳудудлараро ҳамкорлик форумлари ҳам Фарғонада муваффақиятли ташкил этилмоқда.
Алоҳида қайт этиш лозим, сўнгги йилларда миллий меъморчилик ечимлари асосида, тарихий ва замонавий анъаналарни уйғунлаштирган йирик туризм мажмуалари барпо этилмоқда. Самарқандда «Буюк ипак йўли» ва Имом Бухорий мажмуалари, Хоразмда «Арда Хива» халқаро туризм маркази ишга туширилди. Тошкентда очилган Ислом цивилизацияси маркази ҳам бу борада улкан қадам бўлди.
Ушбу марказ экспозициясида Фарғона тарихига алоҳида ўрин ажратилгани, тўрт йирик порталдан бири Қўқон портали деб аталгани, Биринчи Ренессанснинг буюк намояндалари – Аҳмад Фарғоний ва Бурҳониддин Марғиноний мероси атрофлича ёритилгани қайд этилди.
Давлат раҳбари Фарғона заминининг бой маънавий ва маданий меросига алоҳида тўхталди. Увайсий, Нодира, Анбар отин, Дилшод Барно, Гулханий, Муқимий, Фурқат, Завқий, Чархий, Собир Абдулла каби шоир ва адиблар, Азиз Қаюмов, Эркин Воҳидов, Худойберди Тўхтабоев, Умарали Норматов, Анвар Обиджон каби олим ва ижодкорлар халқимиз маънавий хазинасига улкан ҳисса қўшгани алоҳида қайд этилди.
Ўзбек санъати ва маданияти равнақига Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Уста Олим Комилов, Муҳиддин Қориёқубов, Тамарахоним, Ҳалима Носирова, Мукаррама Турғунбоева, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов каби улуғ санъаткорлар беқиёс ҳисса қўшгани айтилди.
(1).jpg)
Президент нутқи давомида санъат аҳлининг меҳнати ва истеъдодини қадрлаш, уларнинг ижодий меросини келажак авлодларга етказиш борасида катта ишлар режалаштирилаётганини билдирди. Шерали Жўраев ва Фаррух Зокиров мактаблари ташкил этилгани, келгусида фарғоналик устоз санъаткорларнинг ҳам маҳорат мактаблари очилиши маълум қилинди.
«Бундан ташқари, маънавият ва маърифат, маданият ва санъат вакиллари билан катта мулоқот ўтказамиз. Ушбу мулоқотда соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш, уларга қўшимча шароитлар яратиш бўйича янги ташаббусларни илгари сурамиз», деди Президент.
«Бурҳониддин Марғиноний» илмий-маърифий ва туризм мажмуаси эса Фарғона ривожида янги даврни бошлаб бериши урғуланди.
«Халқимизда «Тўйга тўёна билан» деган яхши гап бор. Фарғонага бу сафар ҳам янги-янги ташаббуслар, катта-катта лойиҳалар билан келдим. Мақсад – вилоят ривожини янги босқичга олиб чиқиш, уни барча соҳаларда намунали ҳудудга айлантиришдан иборат. Бугун очилаётган «Бурҳониддин Марғиноний» илмий-маърифий ва туризм мажмуаси шу йўлда, ҳеч шубҳасиз, янги даврни бошлаб беради», деди Шавкат Мирзиёев.
Хабарга кўра, миллий меъморчилик анъаналари асосида бунёд этилган 35 гектарлик мажмуа Ислом ҳуқуқшунослиги институти, мақом театри, очиқ амфитеатр, ўлкашунослик музейи, адиб ва санъаткорлар хиёбони, ҳунармандлар маркази, меҳмонхона ва сервис шохобчаларини ўз ичига олади.
Мажмуа Бурҳониддин Марғинонийнинг бой илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, ҳудуднинг қадимий ҳунармандчилик асраб-авайлаш, зиёрат ва маданий туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.
Президентимиз бу муҳташам обида Янги Ўзбекистон мўъжизалари қаторидан муносиб ўрин эгаллаб, Фарғона вилоятининг ташриф қоғозларидан бирига айланишига ишонч билдирди.
«Биз ушбу мажмуани айнан Марғилон шаҳрида барпо этганимиз замирида жуда чуқур тарихий ва ҳаётий ҳақиқат мужассам. Бу табаррук шаҳар кўплаб илм ва маърифат эгаларини вояга етказган. Тарихий манбаларда айтилишича, мазкур қутлуғ маскан «Маърифат аҳлининг ватани» деган юксак шарафга сазовор бўлган.
Биз ана шундай қудратли маънавий меросимизга таяниб, Марғилон, бутун Фарғона тарихининг шон-шараф китобига янги саҳифалар битмоқдамиз. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди», деди Президент.
.jpg)
Давлат раҳбари мажмуани бунёд этишда иштирок этган олим ва лойиҳачилар, муҳандис ва қурувчилар, ишчи-хизматчилар ҳамда ушбу эзгу ишга ҳисса қўшган барча инсонларга миннатдорлик билдирди.
Маданият
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Иқтисод
77826
Жамият
56762
Жамият
55992
Жамият
51049
Жамият
//
Изоҳ йўқ