Маданият
Президент Шавкат Мирзиёев «Бурҳониддин Марғиноний» илмий-маърифий ва туризм мажмуасида барпо этилган маданият ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари билан танишди.
.jpg)
Маълумот учун, мазкур мажмуаси Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 1 апрелдаги қарори асосида Марғилон шаҳрида барпо этилди. У қадим шаҳар ичидаги миллий меъморчилик анъаналари, Марғилон тарихи ва замонавий туризм талаблари уйғунлашган шаҳарчадир.
35 гектар майдонни эгаллаган мажмуада сайёҳлар учун барча қулайликлар яратилмоқда. Бу ерда меҳмонхона, карвонсарой, савдо ва хизмат кўрсатиш бинолари, ҳунармандлар маркази, миллий бозор ва музейлар қуриб битказилган.
Таъкидланишича, буюк аллома Бурҳониддин Марғинонийнинг бой илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш мажмуанинг асосий йўналишларидан биридир. Шу билан бирга, ҳудудда қадимий ҳунармандчилик анъаналарини сақлаш, зиёрат ва маданий туризмни ривожлантириш кўзда тутилган.
.jpg)
Шаҳарчада “Отабек ва Кумуш уйи” музейи ҳам ташкил этилган бўлиб, унинг деворларида «Ўткан кунлар» романи саҳналари жонлантирилиб, адабиёт ва тарихни уйғунлаштирган ноёб муҳит яратилган. Шунингдек, мақом театри, шоир ва рассомлар хиёбони ҳамда кутубхона ҳам жой олган.
Қиймати 1,7 триллион сўм бўлган лойиҳанинг бош режаси Туркиянинг «Studio Vertebra» компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Мажмуа икки босқичда барпо этилади. Келгусида бу ерда бизнес марказ, 1500 ўринли масжид, меҳмонхоналар, 400 та савдо ва хизмат кўрсатиш нуқтаси ҳамда 300 ўринли бозор ташкил этилади.
Президент мажмуа бўйлаб юриб, бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Ҳунармандчилик, бадиий ва амалий санъат кўргазмалари, бозор расталари билан танишди. Жамоатчилик вакиллари билан самимий суҳбат қурди.
.jpg)
Хабарга кўра, мажмуа тўлиқ ишга тушгач, вилоятга йилига ўртача 200-250 минг нафар хорижий сайёҳ жалб этилиши кутилмоқда. Бунинг натижасида 2 мингта иш ўрни яратилади, бюджетга 52 миллиард сўм тушум ва 30 миллион долларлик хизматлар экспорти таъминланади.
Маълум қилинишича, «Бурҳониддин Марғиноний» мажмуаси тажрибасини Бухородаги «Боқий Бухоро», Самарқанддаги Имом Мотуридий мақбараси атрофи, Қўқондаги Ўрда, Намангандаги «Ахсикент» ёдгорлиги ҳамда Тошкентнинг Эски шаҳар ҳудудларида ҳам кенг жорий этиш режалаштирилган.
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Иқтисод
Маданият
77826
Жамият
56762
Жамият
55992
Жамият
51049
Жамият
//
Изоҳ йўқ