Ўзбекистонда нега ўткир респиратор касалликлар кўпайиб бораётгани айтилди

Сақлаш
22:47 / 27.04.2022 745 0

Сўнгги ойларда дунёнинг аксарият давлатлари қатори юртимизда коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият бирмунча барқарорлашди. Бу, ўз навбатида, «Тез ёрдам» хизматига COVID-19 бўйича чақирувлар сони камайишига олиб келди.


Бироқ шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб кузатилаётган об-ҳавонинг ўзгарувчанлиги тез тиббий ёрдам хизматига ўткир респиратор касалликларга чалиниш ҳолатлари бўйича мурожаатлар сони ортишига сабаб бўлмоқда.


Рақамларни таҳлил қилсак, 2022 йил апрель ойининг 25 санасигача юртимизда «103» хизматига жами 799 минг 217 та чақириқ келиб тушди. Шундан 787 минг 643 нафар беморга тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, 75 минг 226 нафари госпитализация қилинди.


Таққослаш учун айтсак, 2021 йилнинг айни шу даврида «Тез ёрдам»га жами 773 минг 41 та мурожаат бўлиб, 762 минг 549 нафар беморга тез тиббий ёрдам кўрсатилган ва 72 минг 614 нафари шифохоналарга госпитализация қилинган эди.


Апрель ойининг ўтган даврида энг кўп мурожаат Фарғона (90 минг 721 та), Андижон (86 минг 673 та) ва Тошкент вилоятлари (79 минг 681 та) ҳамда Тошкент шаҳрида (75 минг 855 та) қайд этилди. Энг кам чақириқлар эса Сирдарё (28 минг 267 та) ҳамда Навоий вилоятлари (25 минг 97 та) ҳиссасига тўғри келди.


«Аввалги ойларга қараганда апрелда мамлакатимизда ўткир респиратор касалликлар бўйича тез тиббий ёрдамга чақириқлар сони бирмунча ортиб, 80 минг 643 тани ташкил этди. Шунингдек, тана ҳарорати кўтарилиши бўйича жами 73 минг 509 нафар бемор «103» хизматига мурожаат қилган. Аммо бронхопневмония (615 та) ва COVID-19 (444 та)га гумон қилинган беморлар мурожаати 2021 йилнинг шу даврига нисбатан кескин камайди», дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг тез тиббий ёрдам хизматини мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази раҳбари Давлатбек Йўлдашев.


Маълумот ўрнида айтиш лозимки, 2022 йилнинг шу даврига келиб тез тиббий ёрдам бригадалари сони 2694 тага етказилди. Ваҳоланки, бу рақам 2021 йилда 2676 тани ташкил қилган эди.


Бундан ташқари, ҳудудларнинг географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда жорий йил юртимизнинг олис туман қишлоқлари ҳудудида янги 24 та тез тиббий ёрдам бригадаси ташкил этиш, 17 та оилавий шифокор пункти ҳамда оилавий поликлиникаларни эса махсус тез тиббий ёрдам машиналари билан таъминлаш кўзда тутилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//