Маданият
Қайси жабҳада бўлишидан қатъий назар, узоқ йиллар меҳнат қилган кишининг давлат томонидан рағбатлантирилиши, албатта, катта воқеа. Аввало, бундай эътироф инсонга ички мамнуният бахш этади. Унинг дилидан, тилидан “Демак, мен шунча йиллар беҳуда яшамабман, қилган ишларим юртимга, халқимга озми-кўп фойда келтирибди, Аллоҳга шукр!” деган туйғулар, сўзлар кечади. Қолаверса, унга катта маънавий куч бағишлайди. Янада фаолроқ, жадалроқ ишлашга ундайди.
Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, кўпинча сафарларда юраман. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Республика Маънавият маркази йўлланмаси билан мамлакатимиз бўйлаб шаҳар ва қишлоқларда тадбирлар уюштирамиз. Шоир ва ёзувчилар, олим ва санъаткор қатори кўнгилдаги гапларни айтамиз. Шеърларимиздан ўқиб берамиз. Умумхалқ байрамлари, муҳим саналар ҳақида маълумот етказамиз, мазмун-моҳияти борасида сўзлаймиз. Сўнгра юртдошларимизнинг фикр-мулоҳазаларига қулоқ тутамиз. Муаммоларини эшитамиз, йўл-йўриқ кўрсатамиз.
Айтиш жоизки, сўнгги беш йилда одамлар қўрқмай, бемалол сўзлайдиган, очиқ гапирадиган бўлдилар. Президентимиз бошлаган ислоҳотлар борасида шахсий фикрларини билдиряптилар. Бу эса ёзувчи-шоирлар учун битмас-туганмас ижод манбаидир.
Орден олишимни сира-сира кутмагандим. Авваллари ким мукофотга тавсия этилса, кўплаб ҳужжатлар тайёрларди, олдиндан хабардор бўларди. Бошқа ижодкорлар ҳам мукофотланаман деб ҳеч ўйламаган экан. Бугун ҳар ким ҳалол меҳнат қилса, эътибордан четда қолмаслигига ишонмоқда. Бу ишонч эса белга ғайрат камарини маҳкам боғлаб, ижод қилиш иштиёқини оширмоқда.
Миннатдорлик, шукроналик туйғуларига тўлган ҳолда юртдошларимизни Мустақиллигимизнинг шонли 30 йиллик байрами билан қизғин табриклайман. Бундан кейин ҳам Ватанимга, миллатимга сидқидилдан хизмат қиламан. Замондошларимиз, улуғ аждодларимиз ҳақида достон, қисса, романлар ёзавераман. Токи ёшларимиз халқимизнинг ўтмиши нақадар буюк бўлгани, эртаси ундан ҳам гўзал бўлажагини англаган ҳолда дадил қадам ташласинлар! Ҳаёт йўлларини тўғри танласинлар, Мустақиллигимизнинг муносиб ворислари бўлиб етишсинлар!
Чоршам РЎЗИЕВ,
шоир, “Дўстлик” ордени соҳиби
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ