Маданият
Бугун Тошкент вилоятининг Заркент қишлоғида Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига туҳфа сифатида қуриб битказилган “Паркент ижод уйи”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда давлат ва жамоат вакиллари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Тошкент вилоят ҳокимлиги, “Ўзавтосаноат” АЖ, таниқли адиб ва шоирлар, ёш ижодкорлар, журналистлар иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
23 декабрь куни Тошкент шаҳрида барпо этилган Адиблар хиёбонига ва А.Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига ташрифи давомида берган топшириғида, шунингдек, “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 5 апрелдаги қарорида Тошкент вилоятида “Паркент ижод уйи”ни қуриб фойдаланишга топшириш вазифаси берилган эди. Ушбу гўзал маскан “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан қуриб битказилди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувахитов, Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевнинг табриги эшитилди. Ёзувчилар уюшмаси раиси С.Саидов, Ўзбекистон халқ шоири М.Тоир Янги Ўзбекистондаги адабий ислоҳотлар ҳақида гапириб ўтди. Ўзбекистон қаҳрамони Иброҳим Ғофуров ҳам бу даргоҳда ҳали кўплаб романлар ёзилишини айтиб, ёш ижодкорларга илиқ тилаклар билдирди. Шундан сўнг табдирнинг расмий қисми тугаб, куй-қўшиқлар меҳмонлар кўнглини хушнуд этди.
Сўнгра йиғилганлар янги ижод уйи билан таништирилди. Қизил ленталар кесилгач, устозлар оқ фотиҳаси билан ичкарига қадам босилди. Бино замонавий андозалар асосида қурилган бўлиб, 152 ўринга мўлжалланган, 32 хонадан иборат. 2 гектар ер майдонида жойлашган иншоот очиқ ва ёпиқ сув ҳавзасига, кутубхона, ошхона, чойхона, спорт майдони ҳамда 150 ўринли амфитеатрга эга.
Оромгоҳ ҳовлисида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан янги чоп этилган китоблар кўргазма-савдоси ташкил этилди. Тадбир давомида "Буюк ўзбек йўли" публицистик тўплами, "Орзулар хиёбони" ҳикоялар тўплами, "Келажакка бошлайди ишонч" шеърий тўплами ҳамда Туркияда профессор Муневвер Текжан томонидан нашрга тайёрланган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Фидокорона хизматлари учун" ордени соҳиби Зокиржон Машрабов ҳақида "Бобур изида ўтган бир умр" китобининг тақдимот маросими ҳам бўлиб ўтди.
Тушликдан сўнг ижодкорларнинг ўзаро дилтортар суҳбатлари, мушоиралари бошланиб кетди. Ижод уйи сентябр ойидан бошлаб меҳмонларни қабул қилади.
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ