Юнусободдаги арралаб кетилган дарахтлар бу гал бетонлаб ташланди

Сақлаш
17:04 / 04.02.2022 838 0

Тошкент шаҳри Юнусобод туманида кечаси ниқобли шахслар томонидан 14 туп элдор қарағай арралаб кетилгани ҳақида хабар берилган эди.

 

2020 йилнинг ёзида ушбу ерни аукцион орқали сотиб олган тадбиркор 3 февраль куни бетон аралаштирувчи машина ва 15 га яқин ишчиларни юбориб, дарахтлар тагини бетонлаб ташлади.

 

2 йилдан кўпроқ вақт давомида дарахтлар ўрнида қурилиш бўлишига қарши чиққан аҳоли дарахтларни кесишга бир неча бор уринишлардан сўнг, видеокузатув камераларини ўрнатган. Ушбу камерада тасвирларда бетон аралаштирувчи машина ер участкасига кириб, бетон қоришмасини тўкаётгани акс этган.

 

 

Шундан сўнг аҳоли ва тадбиркор ўртасида можаро юзага келган. Воқеа жойига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Давлат экология қўмитаси вакиллари етиб келган. Ходимларнинг дарахтларга зарар етказиш тақиқлангани ҳақидаги гапларига тадбиркор бошқа бировнинг эмас, балки ўзига тегишли бўлган ер участкасини бетонлаб ташлаётганини айтади. 

 

Маълумотларга кўра, можаро вақтида бир нечта фуқаролар енгил тан жароҳатлари олган. Тадбиркор ва унинг шериклари Юнусобод туман 4-сон ички ишлар бўлимига олиб кетилган. Туман экология инспекцияси бошлиғи Дилшод Садиров тадбиркорга дарахтларни кўчириб ўтказиш рад этилганини маълум қилган. «Уларнинг мақсади — шу ерда қурилишни бошлаш. Лекин бунга рухсат олинмаган», дейди у.

 

Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати хабар беришича, дарахтларнинг таг қисми бетон қоришмаларидан тозаланган.  Шунингдек, қўмита раиси Н.Обломурадов томонидан Экология, Экопатрул ва Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида мазкур ҳудудда навбатчилик ташкил этилиб, 24 соат назоратга олиш вазифаси топширилди. Айни дамда мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//