Ўзбекистонда «Volkswagen» автомобиллари ишлаб чиқарилади

Сақлаш
18:11 / 19.05.2026 13 0

Президент автомобилсозлик саноатини ривожлантириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва тармоқ рақобатбардошлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

 

Тақдимотда автомобилсозликда ишлаб чиқариш ҳажмини ва банд бўлганлар сонини 1 миллионтага етказиш масалалари кўриб чиқилди.

 

Хабарга кўра, енгил ва тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш ҳамда йиғиш бўйича кўплаб лойиҳа таклифлари келиб тушмоқда. Ҳар бир лойиҳа бозор талаби ва иқтисодий самара асосида баҳоланиши, асосий эътибор ташқи бозорларда рақобатбардош бўлишга қаратилиши зарурлиги таъкидланди.

 

Тақдимотда «Volkswagen» автомобилларини ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳақида ҳам ахборот берилди. Биринчи босқичда Тошкент шаҳрида йирик узелли ишлаб чиқаришни бошлаш кўзда тутилган. Кейинги босқичда Ангрен эркин иқтисодий зонаси ҳудудида тўлиқ циклда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва экспорт бозорларига чиқиш режалаштирилган.

 

Бугунги глобал вазият автомобилсозлик соҳасига сезиларли таъсир кўрсатаётган экан, технологик мустақилликни таъминлаш, инновацияларни жорий этиш ва экспорт ҳамда логистика чекловларига камроқ боғлиқ бўлган рақобатбардош миллий маҳсулотлар яратиш вақти келгани таъкидланди.

 

Бу борада Андижон ва Жиззахда замонавий муҳандислик мактаблари очилгани, ёш тадқиқотчилар ва муҳандислар шаклланаётгани, умуман, маҳаллий маҳсулотларни кенгайтириш ва якуний маҳсулот яратиш учун зарур интеллектуал салоҳият мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

 

Шу мақсадда «Ўзавтосаноат» АЖ тизимида Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолияти ривожлантирилиши белгиланди.

 

Соҳадаги яна бир катта имконият – эҳтиёт қисмлар бозори экани урғуланди. Шу муносабат билан эҳтиёт қисмлар бозорини тартибга солиш, маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш, сертификатлаш тизимини такомиллаштириш ва замонавий синов лабораторияларини ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.

 

2026-йил якунига қадар халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда Автомобиль эҳтиёт қисмлар бозорини ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш вазифаси қўйилди.

 

Давлат раҳбари автомобилсозлик саноати мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоқларидан бири эканини таъкидлаб, соҳада рақобатни кучайтириш, маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, миллий муҳандислик мактабини ривожлантириш юзасидан аниқ топшириқлар берди.

 

Маълумот учун, сўнгги йилларда Ўзбекистон автомобилсозлик саноати рақобат ва истеъмолчи манфаатига йўналтирилган мутлақо янги босқичга кўтарилди. Ўн йил аввал автомобиль бозори деганда битта ишлаб чиқарувчи ва узоқ навбатлар тушунилган бўлса, бугунги кунда «Chevrolet», «BYD», «KIA» ва «Hyundai» каби йирик брендлар билан ҳамкорликда 5 та автомобиль заводи фаолият юритмоқда. Жорий йилда «Volkswagen», «Foton» ва «JAC» заводлари ишга туширилиши режага киритилган.

 

Муҳим жиҳати – бу ўзгаришларни аҳоли бевосита ҳис қилмоқда. Бозорда танлов кенгайган, узоқ навбатлар барҳам топган. Бундан ташқари, жорий йилда автомобиль савдосига 20 та банк жалб қилиниб, автомобилларнинг 95 фоизи бўлиб-бўлиб тўлаш ва қулай кредит тизими орқали сотилди.

 

Айни пайтда қўшни давлатлар учун ҳам автомобиль ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш ривожланмоқда. Соҳа атрофида янги кооперация занжирлари шаклланиб, 10 мингдан ортиқ ёшлар замонавий технологиялар асосида ишламоқда. 300 дан зиёд корхона «Chevrolet», 40 га яқин корхона «KIA» ва «BYD» учун бутловчи қисмлар етказиб бермоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//