Шавкат Мирзиёев педофилия учун умрбод қамоқ жазоси ҳақидаги фармонни имзолади

Сақлаш
10:04 / 04.03.2026 9 0

3 март куни Шавкат Мирзиёев аёллар ва болалар ҳуқуқларини янада кучайтириш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

 

Давлат раҳбари тақдимот якунида тегишли фармонни имзолади. Ҳужжатга кўра, вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятларни содир этган ва муқаддам судланган шахслар яна шундай оғир жиноятни содир этса, уларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатли қамоқ жазоси тайинланиши белгиланмоқда.

 

Хусусан, 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш ёки унга нисбатан зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда жинсий эҳтиёжни қондириш ҳолатлари энг оғир тоифага киритилмоқда.

 

Шу билан бирга, Жиноят кодексининг 118 ва 119-моддалари бўйича вояга етмаганларга нисбатан жиноят содир этган маҳкумлар манзил-колонияларга ўтказилмайди. Улар жазони енгиллаштириш ёки сақлаш шароитларини юмшатиш имкониятидан психологик тузатиш дастуридан ўтмасдан фойдалана олмайди.

 

Бундан ташқари, жинсий жиноятлар бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки терговни фақат прокуратура органлари олиб боради. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳам шаҳвоний шилқимлик учун жазо санкцияларини кучайтириш назарда тутилган. Фармон билан вояга етмаганларни жинсий эксплуатациядан ҳимоя қилиш тизими янада қатъийлаштирилмоқда.

 

Ҳомиладор талаба-қизларга ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга олий таълим олиш учун “иккинчи имконият” яратиш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:

 

- курсдан-курсга қолган ёхуд талабалар сафидан чиқарилган шахсларга, истисно тариқасида, фанлар фарқини қайта ўзлаштириш шарти билан таълимни давом эттириш имкони яратилади;

- талабалар фанлар фарқини мустақил ўзлаштириши учун қўшимча муддат берилсин ва бошқа зарур шарт-шароитлар ташкил этилади.

- ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга академик таътил даврида, уларнинг хоҳишига кўра, масофавий таълим шаклида ўқишни давом эттириш имкониятини яратилади;

- масофавий таълим шаклида кадрлар тайёрлаш бўйича таълим йўналишлари ва қабул кўрсаткичларини ошириш орқали ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга таълимни давом эттириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилади.

 

Вояга етмаган шахслар билан никоҳ тузишга даъват этганлик (қизиқтирганлик) ва уни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.

 

2026 йил 1-сентабрдан бошлаб никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчилик ёки никоҳ тузиш тартибини бузишга оид ҳуқуқбузарликлар учун ундирилган жарима суммасининг 15 фоизини бундай ҳолат ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантиришга йўналтириш тартиби жорий этилади.

Эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида ички ишлар органлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига хабар бериш мажбурияти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳамда ФҲДЁ органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда диний идора вакиллари зиммасига юклатилади.

 

2027 йил 1 январдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан тергов қилиниши ва кўриб чиқилиши белгиланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//