Тошкент шаҳрида тўққизта янги жамоат парки барпо этилади

Сақлаш
10:02 / 26.02.2026 9 0

Пойтахтнинг тўққизта ҳудудида умумий майдони 134 гектар бўлган янги жамоат парклари барпо этилади. 25 февраль куни ўтказилган тақдимотда Президент Шавкат Мирзиёев шу ва бошқа таклифларни маъқуллади.

 

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида урбанизация жараёнларини ривожлантириш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича таклифлар тақдимот билан танишди.

 

Сўнгги йилларда пойтахт иқтисодиёти ва агломерацияси жадал ўсиб, Тошкент шаҳрининг доимий аҳолиси 3,1 миллион нафардан ошган. Шу билан бирга, 2045 йилга бориб, шаҳар аҳолиси икки баробардан зиёдга ортиши прогноз қилинмоқда. Бу эса урбанизация жараёнларини уй-жой, транспорт-логистика, муҳандислик тармоқлари ҳамда ижтимоий инфратузилмага тушаётган юкламага мутаносиб ҳолда ривожлантиришни талаб этади.

 

Шунингдек, шаҳар муҳитини соғломлаштириш ва турмуш сифатини яхшилаш мақсадида яшил ҳудудларни кенгайтириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Хусусан, Тошкент шаҳри ва унинг атрофида яшил зоналар майдонини уч бараварга ошириб, 25 минг гектарга етказиш, аҳоли жон бошига яшил майдонлар ҳажмини 3 квадрат метрдан 6 квадрат метргача кўпайтириш мақсад қилинган.

 

Ўрганиш давомида ҳар бир лойиҳани шаҳарсозликнинг ягона ёндашуви асосида баҳолаш, ҳудуднинг камида 30 фоизида яшил майдонлар ташкил этиш имконияти, реновация орқали эскирган ҳудудларни комплекс янгилаш ҳамда ер майдони 1 гектаргача бўлган кичик ва зич қурилишлар амалиётидан воз кечиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Кўриб чиқиш якунларидан келиб чиқиб, 18 та лойиҳани амалга оширишга рухсат бериш, 12 та лойиҳанинг ер майдони, қаватлар сони ва лойиҳа концепциясига ўзгартириш киритган ҳолда мақбуллаштириш таклиф этилган, 54 та лойиҳани эса концептуал жиҳатдан тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарур деб топилган.

 

Маъқулланган лойиҳаларни амалга ошириш натижасида ҳар йили қурилиш ҳисобидан қўшимча 1,5 миллиард доллар ялпи ҳудудий маҳсулот, бюджетга 3,5 триллион сўм тушумлар шаклланиши ва 260 минг иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

 

Тақдимотда яшил ҳудудларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Лойиҳаларнинг камида 30 фоизида, яъни 400 гектарда яшил майдонлар ташкил этиш шартлиги кўрсатиб ўтилди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрининг 9 та ҳудудида умумий майдони 134 гектар бўлган алоҳида янги жамоат парклари барпо этиш режалари кўриб чиқилди ва маъқулланди.

 

Лойиҳалардан ундириладиган инфратузилма тўловларидан тушган маблағлар, биринчи навбатда, янги яшил ҳудудлар барпо этишга, ортган қисми эса шаҳар инфратузилмаси объектларини қуришга сарфланиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

 

Президент пойтахтдаги урбанизация жараёнларини жамоатчилик манфаатлари, соғлом муҳит ва экология талаблари билан боғлаган ҳолда ривожлантириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//