«Элчи ва консуллар хориждаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши шарт», – Шавкат Мирзиёев

Сақлаш
18:30 / 15.01.2026 9 0

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

 

Йиғилишда – фуқароларимизга хорижда юқори даромадли иш ўринларини топиб бериш устувор вазифа эканлиги қайд этилди. Шунингдек, фуқароларимизнинг хорижий давлатларда ўтказилаётган турли рейдларда ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги хабарлар жамоатчиликда жиддий норозилик уйғотаётгани ҳам таъкидланди.

 

Илгари фуқароларимиз асосан 2-3 та давлатга бориб ишлаган бўлса, ҳозир ташкилий миграция асосида 30 дан ортиқ давлатда меҳнат қилаётгани таъкидланди.

 

Мисол учун, Германия, Япония, Жанубий Корея компаниялари мутахассисларга талабидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ўқув курсларини ташкил этди.

 

 

Япония компанияси қурилиш, ҳайдовчилик, меҳмонхона ва ресторан хизмати йўналишларида «10 минг нафар ўзбек мутахассисини жалб қилиш» лойиҳасини бошлади. Буюк Британияга мавсумий ишчиларни юбориш амалиёти йўлга қўйилган.

 

Лекин қолган мамлакатлардаги элчилар бундай тажрибани бошқа давлатлар билан йўлга қўйиш бўйича ташаббус кўрсатмаётгани қайд этилди.

 

Масалан, четдан ишчи кучини фаол жалб этаётган Австрия, Франция, Испания, Италия, Чехия, Саудия Арабистонидаги элчиларнинг мазкур йўналишдаги ишлари қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди.

 

Ўтган йили АҚШ ҳукумати қишлоқ хўжалиги ишчилари учун махсус виза олишни соддалаштирди.

 

Ушбу мамлакатдаги элчига АҚШдаги мавсумий ишчилар жалб қилинадиган давлатлар рўйхатига Ўзбекистонни киритиш бўйича музокаралар ўтказиш топширилди.

 

Бундан кейин ҳар бир вилоят ҳокими ишчи кучи қабул қилувчи ривожланган давлатлар ҳудудлари билан тўғридан-тўғри ишлаш амалиётини йўлга қўйиши кераклиги қайд этилди.

 

Умуман, ҳар бир элчи хорижда юқори даромадли иш ўринларини топиш, аҳолини шунга мос касб ва тилга ўқитишга ҳам масъул бўлиши белгиланди.

 

Бу борада Япония, Швеция, Норвегия, Болгария, Австрия, Хорватия, Словения, Сербия, Греция ва Уммон билан миграцияга оид ҳукуматлараро ва идоралараро битимларни имзолаш муҳимлиги таъкидланди.

 

Президент хорижий давлатларда ўтказилаётган турли рейдларда ўзбекистонликлар ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги хабарлар жамоатчиликда жиддий норозилик уйғотаётганини айтиб ўтди.

 

Аксарият ҳолатларда Ташқи ишлар вазирлиги расмий нота бериш билангина чекланиб қолмоқда.

 

«Элчи ва консуллар ҳар бир ҳолат юзасидан малакали юридик ёрдам кўрсатиб, хориждаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши шарт», – деди Президентимиз.

 

Бундан ташқари, хориждаги ёшларимиз ёки талабаларнинг турли оқимларга қўшилиб қолаётгани барчани жиддий ташвишга солиши кераклиги таъкидланди.

 

Бундан буён элчилар «кабинет дипломатияси»дан воз кечиб, хориждаги ватандошларимиз ишлаётган қурилиш майдонига, ётоқхонага, талабалар аудиториясига бориб, уларнинг муаммосини ўрганиб, ечими бўйича ишлаши шартлиги қайд этилди.

 

Мутасаддиларга хорижда оғир вазиятга тушиб қолган фуқароларимиз учун бепул колл-марказ ташкил этиб, мурожаатларини тегишли вазирликлар билан тезкор ҳал қиладиган тизим яратиш топширилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//