Жамият
Ўзбекистонда ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ёшларга олийгоҳга кириш учун хорижий тил ва фан сертификати олиш харажатлари қоплаб берилади. Бу ҳақда президент раислигида ўтказилган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида маълум қилинди.
Бундан ташқари, армияда ёшлар камида битта касб эгаси бўлиб чиқиши бўйича мутлақо янги тизим яратилиши маълум қилинди. Ҳарбий қисмлардаги асосий йўналиш ва мутахассисликлардан келиб чиқиб, аскарларни касбга тайёрлаш бўйича 3-6 ойлик дастурлар ишлаб чиқилади. Дастурни якунлаган аскарлар малака имтиҳонидан ўтказилиб, уларга касб сертификати берилади.
Ҳар йили 5 минг аскар саралаб олиниб, “Бир миллион дастурчи” ва “Беш миллион сунъий интеллект етакчиси” дастурлари доирасида ўқитилади.
Аскарларга муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида ҳарбий қисмнинг ўзида олийгоҳга ўқишга кириш учун имтиҳон топшириш имконияти яратилади. Тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талабаликка қабул қилинган аскарлар муддатли ҳарбий хизмат якунланиши билан олийгоҳда ўқишини бошлайди.
Шу билан бирга, армиядан қайтиб, олий ўқув юртларида таҳсил олмоқчи бўлган ёшларга хорижий тил ва фан сертификати олиш харажатлари қоплаб берилади. Агар улар олийгоҳларга контрактга кирса, фоизсиз таълим кредити ажратилади.
Армиядан қайтган ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ҳам алоҳида имтиёзлар берилади. Жумладан, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшларнинг кредит харажатининг 6 фоизи давлат томонидан қопланади, давлат ташкилотларига ишга кирмоқчи бўлган ёшлар учун Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан ўтказиладиган тест балларига 10 фоизлик имтиёз бериш амалиёти жорий қилинади. Хусусий секторда фаолият юритмоқчи бўлган ёшларга касбни эгаллаш ва сертификат олиш харажатлари тўлаб берилади.
Шунингдек, Қуролли Кучлар тизимидаги ҳарбийга йўналтирилган мактаб-лицей ўқувчилари, муддатли ҳарбий хизматчилар, курсантлар, сержант ва офицерлар ўртасида Олий бош қўмондон соврини учун китобхонлик танлови йўлга қўйилади. Округ, қўмондонлик, вазирлик, Олий бош қўмондон танловларида ғолиб ва совриндор бўлган аскарларнинг муддатли ҳарбий хизмати бир ойга қисқартириб берилади.
Ҳар йили ҳарбий хизматчилар ўртасида кўпкураш, қўл жанги, оғир атлетика каби спортнинг 10 дан ортиқ анъанавий турлари бўйича мусобақалар ўтказилмоқда. Энди жорий йилдан бошлаб киберспорт, дрон ва робот технологиялари каби замонавий спорт турлари бўйича уч босқичли мусобақалар ташкил этилади.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
77526
Жамият
56604
Жамият
55804
Жамият
50870
Жамият
//
Изоҳ йўқ