ТИВ Эрондаги ўзбекистонликларни огоҳликка чақирди

Сақлаш
11:33 / 14.01.2026 12 0

Эрондаги намойишларда жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган. Бу ҳақда 14-январь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири матбуот котиби Аҳрор Бурхонов маълум қилди.

 

Вазирлик вакили Эрондаги элчихонаси маълумотларга таяниб, ушбу мамлакатдаги норозилик намойишларида жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлигини, Эрондаги вазиятни диққат билан кузатиб боришаётганини маълум қилди.

 

“Эронда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан митинг ва намойишларда иштирок этмасликни, одамлар кўп тўпланадиган жойлардан йироқ бўлишни ҳамда шахсий хавфсизлик чораларига қатъий риоя этишни сўраб қоламиз”, деди Аҳрор Бурхонов.

 

Вазирлик вакили зарур ҳолларда Ўзбекистоннинг Теҳрон шаҳридаги элчихонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишингиз мумкинлигини маълум қилди: +982122299780, +982122832025.

 

2025-йил декабрь ойи охиридан бери давом этаётган намойишлар Теҳронда дўкондорларнинг пулнинг қадрсизланиши ва юқори инфляцияга қарши иш ташлаши билан бошланган. Кейинчалик акциялар бошқа ҳудудларга ҳам тарқалиб, сиёсий тус олди. Эрон иқтисодиёти халқаро санкциялар сабаб жиддий босим остида қолмоқда.

 

Эрон ҳукумати мамлакатда давом этаётган намойишларни бостириш учун мисли кўрилмаган куч ишламоқда. 5-январь куни Эрон суд ҳокимияти раҳбари ўлим қайд этилаётган норозиликлардан сўнг, халқнинг намойиш ўтказиш ҳуқуқи бўлса-да, мамлакат “исёнчилар”га нисбатан ҳеч қандай шафқат кўрсатмаслигини билдирди.

 

Iran International махфий манбалар ва гувоҳлар кўрсатмаларига, ўтказилган суриштирувига таяниб, намойишларда камида 12 минг киши ҳалок бўлганини хабар қилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//