Хорижий тил ўқитувчиларидан Б2 сертификатини талаб қилиш муддати яна узайтирилди

Сақлаш
09:29 / 14.01.2026 11 0

Камида Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлмаган педагогларга 2026-2027-ўқув йили бошлангунига қадар имконият берилади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 19-майдаги тегишли қарорида умумий ўрта таълим муассасалари хорижий тил ўқитувчиларининг камида Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши талаби кўрсатиб ўтилган.

 

Дастлаб 2024-2025-ўқув йилига қадар этиб белгиланган ушбу талаб муддати педагоглар ва кенг жамоатчилик вакилларининг мурожаатлари асосида ҳозирга қадар бир неча бор узайтириб келинди.

 

Қайд этилишича, вазирлик томонидан ушбу педагогларнинг тегишли сертификат имтиҳонларига тайёргарлик кўришларида кўмаклашиш учун бепул (онлайн ва офлайн) ўқув машғулотлари ташкил этилган.

 

Бунинг натижасида 2025-йилнинг сентябрь-декабрь ойлари давомида 5 000 нафардан ортиқ педагоглар тегишли тил сертификатларини қўлга киритди. (Ҳозирга вақтда 39 минг нафардан ортиқ хорижий тил фани ўқитувчилари тегишли тил сертификатларига эга).

 

Хабар берилишича, вазирлик томонидан ушбу ўқув машғулотлари бундан кейин ҳам давомий ташкил этиб борилади ҳамда Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлмаган педагогларга 2026-2027-ўқув йили бошлангунига қадар имконият берилади.

 

Вазирлик “Мазкур чораларни чуқур англаган ҳолда, ўз касбий ва лавозим мажбуриятларингизга сидқидилдан ёндашишларингизни сўраб қоламиз”, дейди ўз мурожаатида.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//