Олий Бош Қўмондон соврини учун китобхонлик танлови йўлга қўйилади

Сақлаш
17:25 / 13.01.2026 14 0

Ҳар йили 5 минг аскар саралаб олиниб, «Бир миллион дастурчи» ва «Беш миллион сунъий интеллект етакчиси» дастурлари доирасида ўқитилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев иштирокидаги Хавфсизлик кенгашининг мамлакат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилишида қайд этилди.

 

Аскарларга муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида ҳарбий қисмнинг ўзида олийгоҳга ўқишга кириш учун имтиҳон топшириш имконияти яратилади. Тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талабаликка қабул қилинган аскарлар муддатли ҳарбий хизмат якунланиши билан олийгоҳда ўқишини бошлайди.

 

Шу билан бирга, армиядан қайтиб, олий ўқув юртларида таҳсил олмоқчи бўлган ёшларга хорижий тил ва фан сертификати олиш харажатлари қоплаб берилади. Агар улар олийгоҳларга контрактга кирса, фоизсиз таълим кредити ажратилади.

 

Бундан ташқари, армиядан қайтган ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ҳам алоҳида имтиёзлар берилади. Жумладан, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшларнинг кредит харажатини 6 фоизи давлат томонидан қопланади, давлат ташкилотларига ишга кирмоқчи бўлган ёшлар учун Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан ўтказиладиган тест балларига 10 фоизлик имтиёз бериш амалиёти жорий қилинади. Хусусий секторда фаолият юритмоқчи бўлган ёшларга касбни эгаллаш ва сертификат олиш харажатлари тўлаб берилади.

 

«Бир сўз билан айтганда, «муддатли ҳарбий хизматни ўташ – ёшлар учун муваффақият йўли»га айланиши керак», – деди Президент.

 

Муҳандислик-техника, киберхавфсизлик ва ахборот хуружларига қарши курашиш соҳаларида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш энг муҳим масала экани таъкидланди. Шу боис, муҳандислик-техник йўналишдаги ҳарбий-илмий базани мустаҳкамлаш, жойларда ҳарбий технопарклар ташкил этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

 

Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлигини янада мустаҳкамлаш билан бирга, уларнинг маънавий оламини ҳам мунтазам бойитиб боришни замоннинг ўзи талаб этмоқда. Бунда китобхонлик муҳим ўрин тутади. Шу боис, жорий йилда барча ҳарбий қисм ва муассасалар жами 1 миллион нусхадаги бадиий адабиётлар билан таъминланади.

 

Қуролли Кучлар тизимидаги ҳарбийга йўналтирилган мактаб-лицей ўқувчилари, муддатли ҳарбий хизматчилар, курсантлар, сержант ва офицерлар ўртасида Олий Бош Қўмондон соврини учун китобхонлик танлови йўлга қўйилади. Округ, қўмондонлик, вазирлик, Олий Бош Қўмондон танловларида ғолиб ва совриндор бўлган аскарларнинг муддатли ҳарбий хизмати бир ойга қисқартириб берилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//