Маданият
“Ёмғир ёғалоқ, / Эчки чақалоқ, / Бойнинг қизининг / Қорни юмалоқ.” Бу ерда бойнинг қизи ким? Эчки нима? Аслида эчки кўкламнинг тимсоли, унинг муқобилида қишнинг тимсоли бўри туради. Кўкбўри деган ўйин бор, кўпкари ҳам дейилади. У қиш мавсумида ташкил этилади. Кўпкари ёзда ўйналмайди. Қўшиқда айтилган бойнинг қизи – ер тимсоли. Ерга уруғ экилди, лекин ёмғир ёғмаяпти, чунки ҳали кўклам ёш – эчкининг чақалоқлиги шундан.” Мазкур парча фольклоршунос олим Шомирза Турдимов билан бўлган “Неки кўнгилда кўчар, табиатга ҳам кўчар” суҳбатидан олинган. Инсон ва табиат ўртасидаги “нозик робиталар”нинг тўлиқ матни билан “Маънавий ҳаёт” журналининг 2026 йил 1-сонида танишинг.
“Ҳаётнинг йўриғи ҳамиша шундайми ё дунё ниҳоятда шиддат билан ривожланиб, биздан илгарилаб кетдими, ҳарқалай, қадриятлар анча-мунча ўзгариб кетгандек. Шулар ҳақда ўйлай туриб, сунъий интеллектни суҳбатга тортдим. У интернет сарҳадларини сонияда айланиб чиқиб, совуққонлик билан бўлса ҳам бамаъни-жўяли гапларни гапирди, маслаҳатлар берди. Ҳа, жавоблар оқилона эди-ю, лекин силлиққина, у бизнинг инсон сифатидаги тақдиримизни ҳис этмаётгандек, куюнмаётгандек эди.” Нодира Офоқованинг СИ (сунъий интеллект) билан қилган инсоний қадриятлар ҳақидаги суҳбати “Аввалгиларга ўхшамас” сарлавҳаси остида эълон қилинган.
“Адабиётимиз осмонида юлдуздек порлаган янги авлоднинг пайдо бўлишини атоқли шоир Эркин Воҳидов 1980 йили завқланиб шундай қайд этган: “Оҳиста, ийманиб, улуғлар қошида чўчинқираб эмас, шахдам, дадил, бамисоли тўйхонага келган ўспирин куёвнавкарлардек олатасир ва сурон билан кириб келди. Биз бу “босқин”ни кўпдан кутган эдик, интизорлик билан пойлаган эдик. Шундай кун келди”. Адабиёт дарбозасини тақиллатмай, шовқин-сурони билан бетакаллуф кириб келган, боз устига, андак бетгачопару кибрли меҳмон қай замонда хушнуд қарши олинибди?” Қулман Очилнинг Мурод Муҳаммад Дўст ҳақидаги “Одамзод бир куйки, талқини минг хил” эссесини мазкур сонда ўқийсиз.
Журналнинг кейинги саҳифаларида “Сармишсойдан менгача” (Собир Жумаев), “Мусиқий тафаккур жумбоғи” (Тўлқин Алимардонов), “Эрдам боши тил” (Шодмонқул Салом), “Машраб мозаикаси” (Абдусаттор Жуманазар) мақолаларини ўқишингиз мумкин. Шунингдек, “Муаллимнинг бегонаси бўлмайди” (Фахриддин Ҳайит), “Сунъий интеллект чегараси” (Азизбек Шерматов), “Қалтис саволларга нозик жавоблар” (Абдувоҳид Аҳмадалиев), “Эшиклар очиқ, аммо...” (Абдувоҳид Ҳайит тавсиялари) мавзуларида сўз боради.
“Ҳар бир халқ улкан дарахтга ўхшайди. Унинг илдизлари нақадар теран бўлса, қадди-басти ҳам шунга яраша улуғ бўлади. Маънавият халқнинг ана шундай ўқ томиридир. Бу илдизлардан сув ичган авлод асло кам бўлмайди. Кўзлаган муродига ҳам шу қувват билан етиб келади.” Ушбу парчани журналнинг мазкур сонига хулоса ўрнида келтирдик. “Маънавий ҳаёт”ни мутолаа қилинг, халқнинг ўқ илдизларидан сув ичган авлод сафида бўлинг.
Жамият
Жамият
Маданият
Жамият
Жамият
77848
Жамият
56776
Жамият
56006
Жамият
51056
Жамият
//
Изоҳ йўқ