Энди мижоз ҳуқуқини бузган молия ташкилотлари миллиардлаб сўм жарима тўлаши мумкин

Сақлаш
13:03 / 07.05.2026 5 0

Марказий банк бошқарувининг “Банклар ва нобанк кредит ташкилотларига нисбатан чоралар ва санкциялар қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори давлат рўйхатидан ўтказилди. Энди банк ва микромолия ташкилотлари учун мижоз ҳуқуқларини бузиш ҳолатларига нисбатан кескин чоралар белгиланади ва жарималар миқдори бир неча баробарга оширилади.

 

Марказий банки томонидан тасдиқланган янги ўзгартишларга кўра, банклар, микромолия ташкилотлари ва бошқа молиявий институтлар учун мижоз ҳуқуқларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича аниқ ва қатъий жарима тизими жорий этилди. Энг муҳими, мижозни чалғитиш ёки нотўғри маълумот бериш ҳолатлари учун катта молиявий жазолар белгиланди.

 

Янги қоидаларга мувофиқ, кредит ёки омонат шартлари бўйича тўлиқ маълумот тақдим этмаслик, кредитнинг ҳақиқий қийматини яшириш ёки ахборот варақасини бермаслик ҳолатлари учун банкларга ҳар бир ҳолат бўйича 3 млн сўмдан жарима қўлланади. Агар бундай ҳолатлар оммавий тус олса, жарима банк капиталининг 0,01 фоизигача, лекин камида 300 млн сўмни ташкил этиши мумкин. Микромолия ташкилотлари ва ломбардлар учун ҳам шунга яқин миқдорларда санкциялар белгиланган.

 

Шунингдек, хизматлар ҳақидаги маълумотларни расмий сайтда эълон қилмаслик, шартномаларни давлат тилида тақдим этмаслик ёки мижозга шартнома нусхасини бермаслик каби ҳолатлар учун ҳам алоҳида жарималар жорий этилди. Айниқса, мижоз розилигисиз пул маблағларини бошқа ҳисобрақамга ўтказиш энг оғир қоидабузарлик сифатида баҳоланиб, банклар учун 2,5 млрд сўмгача жарима қўллаш имконияти назарда тутилган.

 

Янги тартибда кредит бюроларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Нотўғри маълумот юбориш ёки кредит тарихи бўйича хатоларга йўл қўйиш ҳолатлари учун ҳам худди шу даражада жарималар белгиланган. Шу билан бирга, мижоз мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқмаслик, банк сирини ошкор қилиш ва шартномаларга мижоз ҳуқуқини чекловчи бандлар киритиш каби ҳолатлар ҳам қатъий жазоланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//