Ҳар бир соҳа хавф-хатарларга олдиндан жавоб қайтариш бўйича «проактив иш режими»га ўтиши шарт – Шавкат Мирзиёев

Сақлаш
17:12 / 13.01.2026 14 0

13 январь куни Президент, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳарбий округлар қўмондонлари, ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари, бошқа идоралар ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

 

Йиғилишда мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Турли минтақавий можаролар кенгайиб, қуролланиш пойгаси авж олаётгани, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, халқаро ҳуқуқ нормалари ва халқаро дипломатия заифлашиб бораётгани қайд этилди.

 

«Бир нарсани тушуниб олиш зарур. Замонавий уруш табиати тубдан ўзгарди. Энди қайси давлат фақат танк, самолёт ёки аскарлар сонига таяниб ғалаба қозонаман деса, қаттиқ адашади. Ҳозирги жанглар сунъий интеллект, рақамли бошқарув, узоқ масофага юқори аниқликда зарба берувчи воситалар, кибер ва робот технологиялар, сиёсий-иқтисодий босим асосида олиб борилмоқда» – деди давлат раҳбари.

 

Шу боис, тинчлик ва хотиржамлик энг қиммат бойликка айланаётганини бир дақиқа ҳам унутмаслик лозимлиги таъкидланди. Бу бойликни асраб-авайлаш учун эса ҳар бир соҳа ва тармоқ хавф-хатарларга олдиндан жавоб қайтариш бўйича «проактив иш режими»га ўтиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

 

Олий Бош Қўмондон келгуси истиқболга мўлжалланган энг муҳим вазифаларни белгилаб берди. Ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга устувор эътибор қаратилади.

 

«Шуни унутмаслик керакки, ҳарбий таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини модернизация қилиш армиянинг янги қиёфасини шакллантиришнинг асосий шартидир», – деди Президент.

 

Муддатли ҳарбий хизмат – фақат жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик эмас, балки ёшларимиз жамиятда мустаҳкам ўрнини топиши учун уларни меҳнат бозорига ва мустақил касбга тайёрлаш босқичи сифатида ташкил этилиши зарурлиги қайд этилди.

 

Жумладан, армияда ёшлар камида битта касб эгаси бўлиб чиқиши бўйича мутлақо янги тизим яратилади. Ҳарбий қисмлардаги асосий йўналиш ва мутахассисликлардан келиб чиқиб, аскарларни касбга тайёрлаш бўйича 3-6 ойлик дастурлар ишлаб чиқилади. Дастурни якунлаган аскарлар малака имтиҳонидан ўтказилиб, уларга касб сертификати берилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//