Ўзбек тили ва адабиётига ихтисослашган академик лицей ёпиладими?

Сақлаш
12:26 / 09.01.2026 22 0

Тошкентда Ўзбек–француз университети ташкил этилиши муносабати билан ўзбек тили ва адабиётига ихтисослашган академик лицей ёпилмоқда. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳам вазият бўйича расмий муносабат билдирди. Бу ҳақда Vaqt.uz нашри хабар бермоқда.

 

Ўзбек–Француз университетини ташкил этиш бўйича қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 ноябрдаги қарори асосида қабул қилинган эди.

 

Хабарда айтилишича, Ўзбек–Француз университетини ташкил этиш халқаро ҳамкорлик, замонавий таълим ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш билан изоҳланмоқда. Аммо мазкур қарор ортида яна бир муҳим вазият юзага келмоқда: айнан шу лойиҳа доирасида ўзбек тили ва адабиётига ихтисослашган ягона академик лицейни ёпиш режалаштирилган.

 

Бу жараён кенг жамоатчилик муҳокамасисиз амалга оширилмоқда. Қайси лицей ёпилаётгани, у нима сабабдан танлангани ва бу қарор минглаб ўқувчилар ҳамда ўнлаб йиллик тажрибага эга педагоглар тақдирига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида расмий изоҳ берилмагани таъкидланди.

 

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳам вазият бўйича расмий муносабат билдирди.

 

Муносабатда келтирилишича, қарорнинг асосий мақсади — олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, Франциянинг етакчи университетлари дастурлари асосида замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлашдан иборат.

 

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети академик лицейи фаолияти босқичма-босқич тугатилади. Бу жараён 2027 йил май ойига қадар амалга оширилиши режалаштирилган.

 

Вазирлик вакилининг таъкидлашича, айни пайтда ушбу лицейда “Хорижий тиллар” ва “Ижтимоий-гуманитар фанлар” йўналишлари бўйича таълим бериб келинмоқда. Шу билан бирга, Тошкент шаҳридаги 23 та академик лицейда ҳам ушбу йўналишларга ўхшаш таълим дастурлари мавжуд бўлиб, ўқувчиларни қабул қилиш ва сифатли таълим бериш учун етарли имкониятлар бор.

 

Шунингдек, лицей фаолияти тугатилиши муносабати билан у ерда ишлаб келаётган раҳбарлар, ўқитувчилар ва бошқа ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари амалдаги қонунчилик асосида тўлиқ таъминланиши, барча ижтимоий кафолатлар сақланиши қайд этилган.

 

Расмий изоҳга кўра, мазкур қарор бирор таълим йўналиши ёки ўзбек тилига бўлган эътиборнинг камайиши билан боғлиқ эмас. Қарор таълим тизимини такомиллаштириш, халқаро тажрибани жорий этиш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган бўлиб, давлат тилининг мавқеига салбий таъсир кўрсатмайди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//