Сурхондарёда бўрини ўлдирган шахс жаримага тортилди

Сақлаш
10:03 / 09.01.2026 16 0

Сурхондарёда бўрига шафқатсиз муносабатда бўлиб, унинг ўлимига сабаб бўлган фуқарога чора кўрилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

 

Ижтимоий тармоқларда фуқаролар бўрини ушлаб, унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлаётгани акс этган видеотасвирлар тарқалгач, бошқарма томонидан ҳолат юзасидан тезкор ўрганиш ишлари олиб борилган.

 

Ўрганиш жараёнида аниқланишича, ҳолат 2025-йил 10-декабрь куни Узун тумани Бешкапа маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Фуқаро М.И. ўзига тегишли бўлган қўйларни адирлик ҳудудда ўтлатиб юрган вақтида бўри ҳужумига учраган. Фуқаро чорва молларининг бир қисмини ҳимоя қилиш, асраб қолиш мақсадида бўрини таъқиб қилганини, оқибатда бўри нобуд бўлганини ёзма тушунтириш хатида баён этган.

 

 

Фуқаронинг ҳаракатлари оқибатида “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг 33-моддаси талаблари бузилгани аниқланиб, мазкур қонуннинг 53-моддасига мувофиқ жавобгарлик чоралари белгиланган.

 

Фуқаро М.И.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси (Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш) 1-қисми асосида БҲМнинг 20 баравари – 8 миллион 240 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланган.

 

Экология бошқармаси бўри “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни билан муҳофаза қилинадиган ёввойи ҳайвон турларидан бири ҳисобланиши, унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, қийноққа солиш ёки ноқонуний ҳаракатларни амалга ошириш амалдаги қонунчиликка зид бўлиб, белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлишини эслатган.

 

Сурхондарё вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси аҳолини табиатга, айниқса ёввойи ҳайвонларга нисбатан меҳр-шафқатли бўлишга, экологик қонунчилик талабларига қатъий риоя этишга ҳамда бундай ҳолатлар юзасидан хулоса чиқаришда фақат расмий манбаларга таянишга чақирган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//