Жамият
Телеграм ва Инстаграм орқали “Мусодара товарлар” номли сохта гуруҳлар ташкил этиб фирибгарлик қилганлар қамоққа олинди, деб хабар бермоқда Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Тошкент вилояти ИИББнинг Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор-қидирув тадбири давомида Телеграм ва Инстаграм’да Давлат божхона қўмитаси номидан сохта канал ва гуруҳлар очиб, фуқароларнинг пулларини ўзлаштириб келган жиноий гуруҳ фош этилиб, гуруҳ аъзолари қўлга олинган.

Дастлабки суриштирувларга кўра, Андижон вилоятида яшовчи 22–25 ёшли 5 нафар шахс жорий йил бошида жиноий режа тузиб, Телеграм ва Инстаграм’да божхона тизими номидан “Мусодара товарлар” ва “Оптом склад” номлари остида канал ва гуруҳлар ташкил этган.
Шунингдек, гуруҳларда “Божхона қўмитаси админи”, “Ишонч сиз билан” каби ўнга яқин сохта аккаунтлар орқали ўзларини гўёки тизим ходимлари сифатида таништирган. Улар маиший техника, музлаткич ва телевизорлар, иситиш қозонлари, ошхона ва болалар мебеллари, турли гаджетлар, жумладан iPhone телефонларининг сўнгги моделлари ҳамда кийим-кечакларни жуда арзон нархларда таклиф қилиб, аслида мавжуд бўлмаган мотоскутерларгача етказиб беришни ваъда қилган. Тўловларнинг маълум қисми эса ўзгаларнинг номига расмийлаштирилган банк карталар орқали қабул қилинган.

Натижада, жиноий гуруҳ аъзолари дастлабки терговга қадар жами 60 нафар фуқаронинг ишончига кириб, фирибгарлик йўли билан 117 миллион сўмни ўзлаштирган ва пулларни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган. Маҳсулотни талаб қилган ёки қайта алоқага чиққан жабрланувчилар эса жавобсиз қолдирилиб, ижтимоий тармоқларда “қора рўйхат”га киритилган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик)3-қисми “б” ва “г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, фуқароларга етказилган моддий зарарларни қоплаш чоралари кўрилмоқда.
Кодекснинг юқоридаги моддасига кўра, фирибгарлик кўп миқдорда ва такроран содир этилганда базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
77510
Жамият
56594
Жамият
55785
Жамият
50859
Жамият
//
Изоҳ йўқ