Мактаб ва шифохоналарни таъмирлаш ҳамда қуриш жамғармаси ташкил этилади

Сақлаш
09:48 / 07.01.2026 21 0

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Ижтимоий соҳа муассасаларини қуриш ва таъмирлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

 

Қайд этилишича, жамғарма мактаблар, спорт иншоотлари ва шифохоналарни қуриш, таъмирлаш ҳамда қайта қуриш ишларини молиялаштиради. Шунингдек, таълим, спорт ва тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш, инфратузилма ва техника билан таъминлаш учун ҳам маблағ ажратилади.

 

Айтилишича, жамғармага Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармасидан 2 трлн сўм ўтказилади. Бундан ташқари, у 2026 йил бошида 55 та республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳузуридаги бюджетдан ташқари жамғармалар балансидаги маблағларнинг 50 фоизигача олади.

 

Бундан ташқари, педагогик маҳорат илмий-амалий маркази ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги жамғармалардан қолдиқ маблағнинг 10 фоиз ажратилади. Ўзатом, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ҳамда ИИВ Миграция ва персоналлаштириш департаменти ҳузуридаги жамғармалар ўз маблағларининг 20 фоизини тақдим этишлари лозим бўлади.

 

Президент декабрь ойи охирида Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида маҳаллалардаги муаммоларни ҳал қилиш учун қўшимча маблағ ажратилишини маълум қилганди. Маҳаллий бюджетлар даромадини камида икки баробар ошириш чоралари кўрилади.

 

Қўшилган қиймат солиғининг бир қисми маблағларнинг ярмини туманларга ўтказиш шарти билан солиқ ундирилган Тошкент шаҳри ва вилоятлар бюджетига ўтказилади. Шунингдек, маҳаллий бюджетларга вилоят даражасидаги даромадларнинг прогноздан ортиқ 50 фоизи, экин ерларини ижарага беришдан олинган барча тўловлар ва бозор йиғимлари тўлиқ берилади.

 

Ҳокимларга такрорланувчи ва самарасиз лавозимларни қисқартириш, бўшаган маблағларни аҳоли муаммоларини ҳал этишга йўналтириш вазифаси топширилди. Бу чоралар натижасида туманларга инфратузилма учун қўшимча 5 трлн сўм ажратилиши кутилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//