“Халққа гап билан эмас, амалиёт билан ўрнак бўлишимиз керак” – Эркинжон Турдимов раҳбарларни ихчам тўй ўтказишга чақирди

Сақлаш
09:17 / 10.11.2025 9 0

Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов тўй ва маросимларда ортиқча дабдаба ҳамда исрофгарчиликнинг олдини олиш масаласига бағишланган йиғилиш ўтказди ва вилоятнинг раҳбарлари тўйларни меъёрида ўтказиш бўйича халққа ўрнак бўлиши шартлигини айтиб ўтди.

 

“Ҳеч бир раҳбар, ҳеч бир мансабдор, ҳеч бир пули кўп шахс бу сиёсатга хиёнат қила олмайди. Очиғини айтадиган бўлсам, ҳозир тўйларда ҳам, бошқа маросимларда ҳам ортиқча исроф кўпайиб кетмоқда. Афсуски, айримлар бу билан одамларни ҳайратга соламан деб, нотўғри ўйлашади. Бу нарса билан одамларни ҳайратга солиб бўлмайди. Аслида эса тўй беллашув эмас, бахт куни, дуо куни эканлигини кўпчилигимиз эсимиздан чиқариб қўйяпмиз”, деди Эркинжон Турдимов.

 

Вилоят ҳокими ўз нутқида Беҳбудийнинг “Ойина” журналида чоп этилган “Тўй” мақоласидан ҳам иқтибос келтиради.

 

“1914-йилда нашр этилган “Ойина” журналининг 54-сонида “Тўй” деб номланган мақолада тўй ҳашам учун сарфланаётган маблағлар агар маънавий юксалиш йўлида, илм-маърифатга, йўлларга, халқнинг заруратларига эътибор берилса, ўша иш ҳақиқий хайр. Аммо агар у маблағлар кўрсаткич сифатида намойиш учун сарфланса, бу жамият учун зарар, деб Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг фикрлари келтирилган. Биз раҳбарлар биринчи бўлиб, шу ишда ўрнак бўлишимиз керак. Мен ҳам, сиз ҳам, қариндош-уруғларимиз ҳам тўйни камтарона, яқин қариндошлар даврасида ўтказишга ҳаракат қилишимиз лозим. Беҳбудий бобомиз бундан  аср олдин “қарз қилиб, халққа ош бермоқ ақлсизлик эмасми?” деб баёнот этганлиги замирида қанча маъно, қанча мазмун мужассам.

 

Маданиятли, тарбияли, ўз қадрини билган одам ҳашаматга берилиб, исрофгарчиликка йўл қўймайди. Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари, халққа гап билан эмас, амалиёт билан ўрнак бўлишимиз керак. Кўз-кўз қилиш, мақтаниш – бу фақат калтабинлик, бошқа нарса эмас. Шунинг учун бу Сирдарё вилоятининг раҳбарлари ўзларингиз, қариндош-уруғларингиз мана шу масала бўйича вилоят халқига, вилоятимиздагиларга ўрнак бўлишингиз шарт”, деди вилоят раҳбари.

 

Эслатиб ўтамиз, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда тўй ва маросимларни тартибга солиш бўйича 90 кунлик “Маромийлик” дастурига старт берган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//