Испанияда Амир Темур ва Клавихонинг дипломатик муносабатларига бағишланган роман нашр қилинди

Сақлаш
16:27 / 22.05.2026 12 0

Таниқли испан ёзувчиси ва тарихчиси Антонио Торремоча Силванинг «Самарқандга элчилик» номли тарихий романи нашрдан чиқди. Асар Амир Темур саройига ташриф буюрган кастилиялик элчи Руи Гонсалес де Клавихонинг дипломатик миссиясига бағишланган бўлиб, унда Кастилия қироли Генрих III томонидан Усмонлилар империясининг кучайиши фонида Темурийлар давлати билан дипломатик муносабатлар ўрнатиш мақсадида Самарқандга юборилган элчининг саёҳати ҳикоя қилинади.

 

Роман сюжети 1403–1406 йиллардаги воқеаларни қамраб олган.

 

Муаллиф испан элчилигининг Ўрта ер денгизи, Константинопол, Кичик Осиё, Форс ва Марказий Осиё орқали Темурийлар давлати пойтахти ва ўша даврнинг энг йирик сиёсий, илмий ва маданий марказларидан бири бўлган Самарқандгача бўлган йўлини батафсил тасвирлаган.

 

Китобда Темурийлар давридаги Самарқанднинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, Буюк Ипак йўли карвон йўналишлари, сарой маданияти, дипломатик маросимлар, халқаро савдо ва XV асрда Шарқ ва Ғарб ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг муҳим маркази бўлган шаҳар муҳити ҳақида сўз юритилган. Шунингдек, маданиятлараро мулоқот, дипломатия ва шахснинг ўрта асрлар халқаро муносабатларидаги роли мавзуларига ҳам тўхталиб ўтилган.

 

Романнинг тарихий асосини XV аср бошларида Темурийлар давлати ва Европа давлатлари ўртасидаги ҳақиқий дипломатик алоқалар ташкил этади.

 

Жумладан, Амир Темурнинг 1402 йилда Анқара жангида Усмонли султони Боязид I устидан қозонган ғалабасидан сўнг Европа давлатлари Самарқанд билан иттифоқчилик муносабатларини фаол излай бошлади. Кастилия қироли Генрих III Темур саройига дипломатик ва савдо алоқаларини ўрнатиш мақсадида Руи Гонсалес де Клавихо бошчилигида махсус элчилик юборади.

 

Испан миссиясининг Самарқандгача бўлган йўли бир йилдан ортиқ вақтни олган ва Константинопол, Кичик Осиё, Форс ҳамда Марказий Осиё орқали ўтган. Клавихо ўз қайдларида кўрган шаҳарлар, карвон йўллари, дипломатик маросимлар ва Темурийлар давлати ҳудудидаги халқаро савдо кўламини батафсил тасвирлаб берган.

 

Самарқанд испан дипломатида алоҳида таассурот қолдирган бўлиб, у шаҳарни Шарқнинг энг бой ва муҳташам шаҳарларидан бири деб атаган.

 

Клавихо ўз хроникаларида улкан саройлар, боғлар, бозорлар, меъморий мажмуалар ва Шарқ ҳамда Ғарб маданиятлари ва савдо йўллари кесишган шаҳар муҳити ҳақида сўзлайди. Унинг гувоҳликлари бугунги кунда Марказий Осиё ва Амир Темур даври ҳақидаги энг муҳим Европа манбаларидан бири ҳисобланади.

 

Нашриёт аннотациясида қайд этилишича, роман «деярли имконсиз миссия хроникаси» ва «Осиё ҳукмдорининг кўзига тик қарашга жазм этган испаннинг эпик тарихи» сифатида тақдим этилган.

 

Мазкур китоб Руи Гонсалес де Клавихонинг ўзи томонидан ёзилган машҳур ўрта аср хроникаси – «Темур ҳузурига элчилик» асари асосида яратилган.

 

Роман жорий йил май ойида сотувга чиқарилган бўлиб, ҳажми 352 саҳифадан иборат.

 

Кузатувчилар фикрича, романнинг нашр қилиниши Испанияда Пиреней яримороли ва Марказий Осиё, жумладан, ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди ўртасидаги дипломатик ва маданий алоқалар тарихига қизиқиш сақланиб қолаётганидан далолат беради.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//