Жамият
«Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида»ги Президент Қарори имзоланди.
Унга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда «Вақф» хайрия жамоат фондининг муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган қуйидаги таклифларига розилик берилади:
▪️ қуйидаги тоифадаги беморларнинг тиббий текширувдан ўтиш, жарроҳлик амалиёти ва даволаш харажатларини қоплаш:
(и) оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болаларда жарроҳлик амалиётини ўтказиш;
(ии) 2,3 минг нафар онкологик, гемотологик ва онкогематологик ташхис қўйилган беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, уларни даволаш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш;
(иии) камида 350 нафар беморларда жигар ва буйрак трансплантацияси амалиётини ўтказиш;
▪️ ижтимоий ҳимояга муҳтож қуйидаги болаларнинг омонат ҳисобварақларига 200 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотини ўтказиш:
(и) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар (васийлик, ҳомийлик ва патронатдаги болалар);
(ии) Меҳрибонлик уйлари, оилавий болалар уйлари, кичик ҳажмли болалар уйлари ҳамда «SOS» болалар маҳалласи тарбияланувчилари;
(иии) Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ота-оналарнинг фарзандлари;
(ив) «Taskin Children's Hospice» болалар онкологик шифохонасида даволанаётган болалар;
(в) 500 та масжидда аҳоли учун қулай шароитлар яратиш мақсадида уларда замонавий таҳоратхоналар қуриш, реконструкция қилиш ёки таъмирлаш ҳамда жойлардаги қабристонларни обод қилиш.
Мазкур қарорнинг 1-банди «а» кичик бандида назарда тутилган беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, жарроҳлик ва даволаш амалиёти Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилайдиган тиббиёт ташкилотлари томонидан амалга оширилади. Бунда:
▪️ беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, жарроҳлик ва даволаш амалиётини ўтказиш билан боғлиқ тадбирлар доирасида донорларнинг харажатларини қоплаш кўзда тутилади;
▪️ тиббиёт ташкилотлари томонидан даволаш тадбирлари тасдиқланган стандартлар ҳамда клиник протоколлар асосида ўтказилиши устидан назорат Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан амалга оширилади.
Шунингдек, қарорда назарда тутилган тадбирлар давлат мақсадли жамғармалари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан ажратиладиган 690 млрд сўм миқдоридаги маблағлар ҳисобидан «Вақф» хайрия жамоат фонди орқали молиялаштирилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда кенг жамоатчилик вакилларининг қуйидаги таклифлари ҳам маъқулланади:
(а) муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ҳамда ушбу мақсадларда кўнгилли хайрия ҳашарларини ўтказиш;
(б) ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли тоифалари учун эҳсон дастурхонларини ёзиш ҳамда зиёратгоҳлар ва диний таълим ташкилотларида қурбонлик тадбирларини ташкил этиш.
Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат қилиш жараёнида муқаддас қадамжоларни ободонлаштириш ва меҳр-саховат тадбирларини уйиштириш ҳамда мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари раислигида ҳудудий кенгашлар ташкил этилади ва уларнинг намунавий таркиби иловага мувофиқ тасдиқланади.
Қарорга мувофиқ қуйидагилар ҳудудий кенгашларнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
(а) аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган меҳр-саховат ва хайр-эҳсон тадбирларининг манзилли амалга оширилишини таъминлаш ҳамда ушбу йўналишда вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари ва туман (шаҳар) ҳокимларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;
(б) юртимиздаги муқаддас қадамжолар, масжидлар ва қабристонларни обод қилиш ва аҳолида аждодлар хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш туйғуларини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилишини ташкил этиш;
(в) мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирлар доирасида юзага келаётган муаммоларни тезкор бартараф этиш.
Бундан ташқари, «Вақф» хайрия жамоат фонди орқали тиббий текширув, жарроҳлик ва даволаш амалиёти харажатларини қоплаш қуйидаги тартибда молиялаштириш тартиби ўрнатилади:
(а) тиббий текширув, жарроҳлик ва даволаш амалиёти ўтказиладиган касалликлар рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади;
(б) беморларни тегишли тиббиёт ташкилотига йўллаш ва даволаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор – «UZINFOCOM» МЧЖ билан биргаликда улар тўғрисидаги маълумотларни ахборот модулига киритиш орқали амалга оширилади;
(в) тиббий текширув, жарроҳлик ва даволаш амалиёти ўтказилган беморларга кўрсатилган хизматлар харажатларини қоплаш Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан тақдим этилган маълумотномага асосан ушбу маълумотнома тақдим этилган вақтдан эътиборан беш иш куни ичида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 17 февралдаги «Муборак Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида»ги ПҚ–67-сон қарори доирасида «Вақф» хайрия жамоат фондига Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан тасдиқланган касалликлар ва тиббиёт ташкилотлари рўйхатига мувофиқ даволаниш ёки жарроҳлик амалиётини ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш ҳуқуқи берилади.
Дин ишлари бўйича қўмита эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Агентлик билан биргаликда мазкур қарорда назарда тутилган Қурбон ҳайитини муносиб нишонлаш билан боғлиқ хайр-у саховат ва мурувват тадбирларининг моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.
Жамият
Маданият
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
77895
Жамият
56805
Жамият
56033
Жамият
51087
Жамият
//
Изоҳ йўқ