Лондондан Бухорога: «Йўл» фильми тақдимоти бўлиб ўтди

Сақлаш
18:04 / 27.09.2025 130 0

27 сентябрь куни А.Авлоний номидаги миллий маҳорат институтида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан «Нажот» лойиҳаси доирасида суратга олинган «Йўл. 250 км масофани ортда қолдириб» номли ҳужжатли фильм премьераси бўлиб ўтди.

 

 

Тақдимотда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова, Олий Мажлис Сенати масъуллари, журналистлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, фильм ижодкорлари ва бир қатор ОАВ вакиллари иштирок этди.

 

Вазир Эъзоза Каримова тадбирни кириш сўзи билан очиб, давлат томонидан педагоглар мақомини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритгач фильмнинг расмий тақдимоти бўлиб ўтди.

 

 

Фильм Бухоронинг Ромитан туманидаги 38-мактаб ўқитувчиси Биллура Икроманинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Буюк Британиянинг Реадинг университетида таҳсил олган қаҳрамон нуфузли таклифларни рад этиб, олис ҳудуддаги болаларга шароит ва бошқа мураккабликларга қарамай инглиз тилидан дарс беришга қарор қилгани ҳақида сўзлаб, босиб ўтилган ҳаёт ва касбий йўл ҳамда эришилган ютуқлар бадиий шаклда акс эттирилади.

 

Фильмда Биллура босиб ўтган йўли, эришган ютуқларида ота-онасидан ташқари унинг турмуш ўртоғи асосий суянчиқ ва қўлловчи вазифасини ўтаганини кўриш мумкин. Қаҳрамонда бир неча бор ортга чекиниш истаги бўлганида ҳам айнан умр йўлдоши қўллаб, асл мақсадини ёдига солади.

 

Бир сўз билан айтганда, фильм «Агар сиз бир эркакни тарбияласангиз, бир шахсни тарбиялайсиз, бир аёлни тарбияласангиз, бутун миллатни тарбиялайсиз» деган фикрнинг ҳаётий исботи бўлди.

 

«Нажот» лойиҳасининг ғоя муаллифи Ҳилола Умарова, раҳбари Инобат Аҳатова, сценарий муаллифи Сирожиддин Рустамов, Бадиий раҳбар эса вазир Эъзоза Каримова саналади.

 

 

Тақдимот сўнгида қаҳрамон ўқишга кетиши учун оиласи моддий қийинчиликларга ҳам мардонавор қараб, оиласи учун катта қийматга эга мулкларини сотганини айтиб, тадбирда иштирок этаётган отасига автомобиль совға қилди.

 

 

Қаҳрамон ҳақида

 

Биллура Фуллбригҳт ТEА дастури иштирокчиси, TESOL, ESOL ва IELTS (C1) каби нуфузли халқаро сертификатлар соҳибаси, қишлоқ қизлари учун менторлик лойиҳаси ташаббускори саналади. Унинг ташаббуси билан йирик грантлар учун лойиҳалар тайёрланиб, юзлаб ёшлар хорижда таълим олиш ва ижтимоий дастурларда иштирок этиш имкониятига эга бўлган.

 

Биллурага меҳнатларининг эътирофи сифатида «Президент совғаси» – BYDCHAZOR автомобили тантанали тарзда топширилган.

 

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» арафасида соҳа ходимлари билан ўтказилган мулоқотда Биллура Икромова бошлаган эзгу ишни алоҳида эътироф этган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//